Линклар

Шошилинч хабар
21 июл 2019, Тошкент вақти: 00:45

Мудофаа вазирлиги “Лошарик”даги ҳалокат тафсилотларини сир тутмоқда


Россия Мудофаа вазирлиги денгизчилар ёнғинда чиққан тутундан димиқиб ҳалок бўлганини маълум қилди. Иллюстратив сурат.

Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу сув ости кемасида 14 денгизчи умрига зомин бўлган ёнғин бўйича тергов ишлари ҳақида сўзлар экан, ҳалок бўлган денгизчиларни “ўзига хос ҳарбий мутахассислар” дея таърифлади ва уларнинг ҳар бири давлат мукофоти билан тақдирланишини айтди.

Шимолий ҳарбий-денгиз флотининг Североморскдаги базасида сўзлаган Шойгу Баренц денгизида содир бўлган ҳодисада айрим денгизчилар ҳамда бир оддий фуқаро омон қолганини маълум қилди. Аммо вазир айнан нечта одам омон қолганини очиқламади.

Россия Мудофаа вазирлиги “сувости тадқиқотлар аппарати” дея таърифлаётган кема айнан қайси кема эканлиги очиқлангани йўқ. Лекин Россия матбуоти ёнғин чиққан кема АС-12 ядровий двигателли сувости аппарати эканлигини хабар қилди. 2000- йилларда сувга туширилган кема фаолияти сир сақланиб келинади. Унга “Лошарик” лақаби қўйилган.

Айрим манбаларга кўра, АС-12 аппарати 2500 метр (айрим манбаларда 6000 метргача) чуқурликка туша олади. Россия матбуоти хабарларига кўра, “Лошарик” сувости аппарати “Белгород” ядровий кемаси корпуси остида ташилади.

Шойгу ҳалок бўлган денгизчилар “Ернинг гидросферасида изланишлар ўтказаётган юқори малакали профессионаллар” бўлганини айтди.

Ҳалок бўлганларнинг етти нафари биринчи даражали капитан, учтаси эса иккинчи даражали капитан бўлган. Уларнинг икки нафари “Россия қаҳрамони” мукофоти совриндори бўлган.

“База” нашри ҳалок бўлгани айтилаётган Россия қаҳрамонлари Денис Долонский ҳамда Николай Филинлар эканлигини хабар қилди.

2 июль куни Россия президенти Владимир Путин Шойгуга Североморскка бориб, фожиа сабабларини аниқлашни буюрган эди.

3 июль куни Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков ҳодисанинг айрим тафсилотлари махфий эканлигини ва жамоатчиликка ошкор қилинмаслигини айтди.

Мудофаа вазирлиги тарқатган маълумотларга кўра, ёнғин 1 июль куни содир бўлган. Аммо вазирлик фожиа ҳақида 2 июль куни маълум қилди.

Норвегия радиация ва ядровий хавфсизлик бошқармаси директори Пер Странд Reuters агентлиги билан суҳбатда сувости кемасида ёнғин чиққан ҳудудда радиация кўрсаткичлари ўзгармагани аниқланганини айтди. Странд, шунингдек, россиялик ҳамкасблари кема бортида газ портлаши содир бўлганини айтганини таъкидлади. Аммо Россия Мудофаа вазирлиги бу иддаони рад этди.

Мудофаа вазирлиги денгизчилар ёнғинда чиққан тутундан димиқиб ҳалок бўлганини маълум қилди. Вазирлик кема бортида нечта одам бўлганини очиқлагани йўқ.

Расмий маълумотларга кўра, ёнғин содир бўлган кема ҳозир ўз базаси бўлмиш Североморск шаҳрига олиб борилган.

1 июль куни содир бўлгани айтилаётган ёнғин 2000 йилда “Курск” атом сув ости кемаси портлаш оқибатида чўкиб кетганидан кейин Россия денгизида юз берган энг йирик ҳодиса бўлди. “Курск” сув ости кемасида бўлган 118 денгизчи ҳалок бўлган эди. 2008 йилда эса К-152 “Нерпа” сувости кемасида ёнғинни ўчириш тизими ёнғин бўлмаса-да ишлаб кетиши ортидан камида 20 нафар денгизчи ва порт ишчиси ҳалок бўлган эди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG