Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:51

Британия ҳукумати Абрамовичдан бойлиги қонунийлигини исботлашни талаб қилди


Асосан Лондонда яшаб келган Роман Абрамович¸ айрим манбалар томонидан "Владимир Путиннинг чўнтаги" саналади.
Асосан Лондонда яшаб келган Роман Абрамович¸ айрим манбалар томонидан "Владимир Путиннинг чўнтаги" саналади.

Россиялик олигарх Роман Абрамович Буюк Британияда инвесторларга бериладиган визани олиш учун ушбу мамлакат ҳукуматига бойлиги қонуний йўл билан орттирилганини исботлаб бериши керак.

Виза олиш учун жорий этилган янги ва қаттиқ тартиб шуни тақозо қилади. Британия матбуоти хабарига кўра, бу талаб Абрамович бойлиги устидан суриштирув ўтказилишини англатмайди.

Олдинроқ Лондон ҳукумати Абрамовичнинг сармоядорларга бериладиган Британия визаси муддатини узайтириш сўровини рад қилди. Бунақа визани фақат унга ўхшаш миллиардерлар эмас, балки Британия иқтисодиётига 2 миллион фунт стерлингдан ошиқ сармоя ётқизган чоғроқ бойлар ҳам бемалол олиши мумкин.

Абрамовичнинг виза муддати¸ Британия ҳукумати¸ сармоядор визаси бериш учун қўйилган талабларни кучайтириши билан бир пайтга тўғри келди. Апрелда тугаган визаси узайтирилмагани ортидан Абрамович ўзи эгалик қиладиган “Челси” футбол клубининг ўтган шанбада Англия кубоги финалида кимсан “Манчестер Юнайтед”дай рақибини енгганини ҳам командага қўшилиб, байрам қила олмади.

Сўнгги пайтларда Британияда Россиядан келаётган бебилиска “ифлос пуллар” ҳақида кўп гапирила бошлади. Бу ҳақда Британия парламенти тайёрлаган маъруза ҳам эълон қилинди. Шу пайтгача сармоя ҳисобланган рус бойларининг пулига энди миллий хавфсизликка таҳдид сифатида қаралмоқда.

Forbes журнали ҳисобича¸ жами бойлиги 9 миллиард фунт стерлинг деб чамаланиб¸ Британия бойлари орасида 13-ўринга қўйилган Роман Абрамович Россия президенти Владимир Путинга яқин олигархлардан бири сифатида кўрилади.

Путиннинг Ғарб билан муносабатлари кескинлигича қолаëтгани ортидан Британия ҳукумати россиялик бойларга бериб келинган юзлаб визани текшириб кўришини маълум қилди. Бундай "хос текширувлар" Россия Бош разведка бошқармаси собиқ ходими, Сергей Скрипаль ва қизининг Британия ҳудудида заҳарлангани ва бу "қотиллик"нинг Россия томонидан уюштирилганига оид айбловлар муносабати билан кун тартибига тушди.

Ота-бола Скрипалларнинг нерв гази воситасида заҳарланиши Британия билан Россия ўртасидаги муносабатларни кескинлаштириб юборди.

Британия Скрипаллар можароси сабаб Россия дипломатларини мамлакатдан чиқариб юборгандан сўнг расмий Москва жавоб чораси сифатида Британиянинг 23 нафар дипломатини персона нонграта (исталмаган шахс) деб эълон қилди, Британиянинг Санкт-Петербургдаги консуллигини ёпди.

Сўзамолликни ёқтирмайдиган Абрамович Британияга киритилмаётгани юзасидан ҳозирча баёнот бермаётганига қараганда, виза масаласи тез орада ҳал этилишидан умидвор.

Британия ҳукумати вакилларининг айни масала юзасидан кескин баёнотлар билан чиқаётгани эса¸ вазиятнинг¸ хусусан Абрамович каби Путинга яқин¸ аксар бойлиги эса Ғарбда бўлган олигархлар вазиятининг тез орада ўнгланишига ишониш мушкуллигини кўрсатмоқда.

XS
SM
MD
LG