Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:09

Нижний Новгородда ўзбек муҳожири тўрт кишини ўлдирганликда гумон қилинмоқда (ВИДЕО)


Шомастон Т. тўрт кишининг қотиллигида айбланмоқда
Шомастон Т. тўрт кишининг қотиллигида айбланмоқда

Россиянинг Нижний Новгород шаҳрида 26 яшар ўзбекистонлик муҳожир 5 яшар бола, унинг 41 яшар онаси, 63 яшар бувиси ва 64 яшар бобоси қотиллигида гумон қилиниб ҳибсга олинди. Тергов маълумотларига кўра, гумонланувчи уйдаги барча қимматбаҳо буюмларни олиб қочган.

Тергов бошқармаси ўзбекистонлик шахс билан бирга ҳибсга олинган икки нафар Арманистон фуқаросининг бу жиноятга қандай алоқаси борлиги тўғрисида маълумот берганича йўқ.

Жорий йилнинг 28 февраль куни кечки пайт Нижний Новгород вилояти Приокский тумани Кудьма қўрғонидаги уйлардан бирида 4 кишининг жасади топилди.

Россия Тергов Қўмитасининг Нижний Новгород вилояти бўйича бошқармаси вакили Озодлик сўровига қотилликда гумонланиб шу қўрғонда турли юмушларни бажариб юрган 26 яшар меҳнат муҳожири қўлга олинганини билдирди.

- Тергов тахминларига кўра, 2021 йилнинг 28 феврал куни Кудьма қўрғонидаги хусусий уйлардан бирида ёрдамчи ишчи бўлиб хизмат қилиб келган айбланувчи уйнинг гаражида 64 яшар нафақахўрга, кейин уйда унинг 63 яшар хотинига ҳужум қилиб, пичоқлаб ўлдиради. Кейин у 41 ёшли уларнинг келини ва унинг 5 яшар ўғлини ҳам чавақлайди. Катта миқдордапул маблағлари ва қимматбаҳо буюмларни олиб, айбланувчи жиноят жойидан ғойиб бўлади, - деди Нижний Новгород вилояти Тергов бошқармаси расмийси Юлия Склярова.

Терговчиларга кўра, ўша куни Королевлар оиласининг яна бир аъзоси - 14 яшар ўқувчи қиз спорт машғулотларида бўлган ва бахтли тасодиф туфайли омон қолган. Уйига қўнғироқ қилиб туша олмаган бу қиз бошқа вилоятда бўлган отасига қўнғироқ қилган. Ота-онаси телефонни кўтармаётганини аниқлаган эркак қўшнисидан уйига кириб чиқишни сўраган.

Жасадларни аниқлаган қўшни ҳодиса жойига полиция чақирган.

- Тергов қўмитаси терговчилари ва Россия Ички ишлар оператив ходимларининг ҳамкорликдаги амалиёти натижасида қўшни Владимир вилоятида бу жиноятни содир этганликда гумонланаётган 26 яшар шахс ҳибс этилди. 1 март куни у Нижний Новгородга Тергов қўмитасида сўроқ қилиш учун олиб келинди, - деди Юлия Склярова.

Ўзбек муҳожири Нижний Новгородга сўроқ қилиш учун олиб келинган
Ўзбек муҳожири Нижний Новгородга сўроқ қилиш учун олиб келинган

Озодлик олган тергов маълумотларига биноан, қотилликда айбланаётган шахс 1995 йилда туғилган ўзбекистонлик Шомастон Т. У ҳақиқатан Королевлар оиласи хўжалигида турли юмушларни бажариб келган.

Аниқланишича, ўлдирилган оила бошлиғи Горьковский темир йўллар бўлинмаларидан бирининг бошлиғи бўлган, у ўзбекистонлик йигитни 3 йил муқаддам ишга ёллаган ва ойига 30 минг рубл ҳақ тўлаб келган.

Ўлдирилган аёлнинг эри - “Альфа” жанговар гуруҳи собиқ жангчиси, ҳозирда фермерлик билан шуғулланаётган истеъфодаги полковник экани маълум бўлди.

Озодлик Шомастонни Кудьмада Шурик деб чақиришгани, у бошқа хўжаликларда ҳам турли юмушларни қилиб, кун кечириб юрганини аниқлади. Шурик Кудьмада қор кураш, ер ковлаш, экин-тикин ва бошқа ишлар билан машғул бўлган.

У билан бирга қўрғонда бирмунча вақт олдин унинг акаси ҳам ишлаб келгани маълум. Муҳожир ўлдирилган 5 яшар болани ҳам яхши танигани, у билан қор ўйнагани терговга маълум.

Ўлдирилганлар орасида 5 яшар бола ҳам бор.
Ўлдирилганлар орасида 5 яшар бола ҳам бор.

Тергов маълумотларига кўра, ўзбек муҳожири такси чақиртирган ва ҳайдовчига 45 минг рублга Санкт-Петербургга элтиб қўйишни сўраган. Кузатув камераларидаги ёзувлар асосида полиция айбланувчини аниқлаган ва Владимир вилоятидаги трассада у кетаётган таксини тўхтатган.

Тергов бошқармаси ўзбекистонлик шахс билан бирга ҳибсга олинган яна икки нафар Арманистон фуқаросининг бу жиноятга қандай алоқаси борлиги тўғрисида маълумот берганича йўқ.

Матбуотга сиздирилган айрим тахминларга кўра, ўзбек мигранти арманистонликларга шунчаки эшикни очиб берган ва уларнинг буйруқларини бажарган.

Шунингдек, Тергов қўмитаси айрим Россия оммавий ахборот воситаларида боланинг 41 яшар онасини ўлдирилишидан олдин зўрлагани тўғрисидаги хабарларни тасдиқлагани йўқ.

Нижний Новгород Тергов бошқармаси Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 105 моддаси 2 қисми “а,в” бандлари (икки ёки ундан ортиқ шахсни қасддан ўлдириш, вояга етмаган болани қасддан ўлдириш) бўйича жиноят иши қўзғатган.

2021 йилнинг январ ойида Москвада ўзбекистонлик 31 яшар Гулчеҳра исмли энага 82 ёшга кирган кекса аёлни пичоқлаб ўлдирганликда гумонланиб, ҳибсга олингани тўғрисида Озодлик хабар берганди.

Россия ички ишлар вазирлиги 2020 йилнинг биринчи ўн ойи давомида хорижий давлат фуқаролари томонидан 25 мингта турли оғирликдаги жиноятлар ва 466 мингта маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этилганини эълон қилди.

Россия ҳукумати бу кўрсаткичлар пандемия чекловлари даврида ўтган йилларга нисбатан ўсишни бошлаганидан хавотир билдирмоқда.

XS
SM
MD
LG