Линклар

Аҳолидан мусодара қилинган квартиралар милиционерларга берилди

  • Абдулла Искандар/Озодлик

Тошкент шаҳридаги милиционер. Иллюстратив расм

Тошкентнинг Амир Темур хиёбонида 10 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги сафига қабул қилинган янги ҳодимларининг тантанали қасамёд қабул қилиш маросими ўтказилди.

Ўзбекистон ИИВ матбуот ҳизмати вакилининг Озодликка айтишича, ўша куни 150 нафар инспекторга имтиёзли кредитлар ҳисобига шахсий автомашиналар ҳамда хизмат квартираларининг калити топширилган.

Тошкентлик мустақил журналист¸ мусодара қилинган уйлар ҳақида қатор мақолалар муаллифи Алексей Волосевичнинг аниқлашича¸ милиционерларга аҳолидан мусодара қилинган квартиралар берилган.

Ўзбекистон ИИВ 20 июль куни ўтказган брифинг чоғида Тошкент шаҳар ИИБ бошлиғи муовини Дониёр Тошхўжаев йил бошидан бери шаҳарда 400 та фоҳишахона аниқланиб, "притон"га айлантирилган бу квартиралар мусодара қилинганлигини айтган эди.

ИИВ матбуот хизмати вакилига кўра, квартира ва автомобиллар Ўзбекистон президентининг 2017 йил 20 апрелдаги қарорига биноан берилган.

Айни пайтда, ИИВ мулозими милиция ходимларига мусодара қилинган квартиралар берилганини ҳам тасдиқлади.

Қарорда профилактика инспекторларига ўзлари хизмат қилаётган ҳудуддан оила аъзолари билан яшаши учун уй ажратилиши кўзда тутилган.

Бу қарорда милиция ходимлари учун маҳаллий ҳокимият турар-жой фондини шакллантириши лозимлиги таъкидланади.

Қарор милиционерлар учун мўлжалланган турар-жой фонди¸ маҳаллий ҳукумат балансида турган¸ иккиламчи бозордан сотиб олинган ва давлат фойдасига мусодара қилинган квартиралардан ташкил топиши лозимлигини уқтиради.

Ўзбекистон ИИВ тизимига хўжалик моллари ва хизмат кийими етказиб берадиган ширкат ҳодимининг Озодликка айтишича¸ вазирликда иккиламчи бозордан квартира сотиб олишга маблағ йўқ¸ маҳаллий ҳокимият балансида эса, бўш квартиралар қолмаган.

- Шу боис Тошкентда мусодара қилинган уй ва автомобилларни милиция ходимларига бериш масаласи юқори билан келишиб ҳал қилинди¸ 10 сентябр куни 150 ИИВ ходимига квартира берилди. Умуман, йил охирига қадар, 500 милиционер квартира билан таъминланади,- дейди суҳбатдош.

Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати вакилининг Озодликка айтишича¸ йил охиригача жами 537 милиционер квартира билан таъминланади.

Мустақил журналист Алексей Волосевиевнинг Озодликка айтишича ¸ Тошкент шаҳар ИИБ бошлиғи муовини Дониёр Тошхўжаев айтган мусодара қилинган квартиралар калити милиционерларга топширилган.

- Ўзбек ҳуқуқ тартибот органлари милиционерларни квартира билан таъминлаш ҳақидаги президент режасини деярли бажариб бўлишди. Фақат яна 137 та притонни аниқлаб¸ далилий ашë сифатида мусодара қилишса бўлди¸ дея таъкидлайди Волосевич.

Тошкент вилояти Янгиобод шаҳрида истиқомат қилувчи ва ўзини Зарипов Руслан деб таништирган электрик йигит Озодлик билан суҳбатда ўзи яшаëтган кўп қаватли уйнинг уч хонали квартирасига участка милиционери кўчиб келганини гапириб берди. Зариповга кўра¸ бу уй суд қарор билан эгасидан тортиб олинган:

- Уйнинг эгаси квартирасини ижарага берган эди. Ижарачилар устидан уйни притонга (фоҳишахона) айлантирганлик айби билан суд бўлди. Суд далилий ашë сифатида уйни тортиб олди. Ўшандан кейин ҳокимият бу квартирани ремонт қилди. 11 сентябр куни бу уйга милиционер кўчиб ўтди¸ дейди суҳбатдош.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG