Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:02

Аҳмадбой иши бўйича суд жараёнининг иккинчи мажлисига келганлар залга сиғмади


Тошкент вилоят, Чиноз туманида молиявий пирамида қуриб, ўн минглаб одамни алдаганликда айбланаётган Аҳмадбой Турсунбоев ва унинг шериги экани айтилаётган 6 шахс устидан Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида бошланган маҳкама жараёнининг 9 август куни бўлган иккинчи мажлисида гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланди.

Аҳмадбой пирамидасидан жабр чеккан ўнлаб одам шу куни судга келиб, судлов ўтаётган залга киришга уринди, лекин бўш жой қолмаганлиги сабабли уларнинг кўпчилиги суд залига киритилмади.

- Одамлар пулларини, машиналарини талаб қилиб судга келишган, лекин киритилмади. Фақат рўйхат бўйича киритяпти. Суд очиқ дейди, лекин элликдан ортиқ одам ташқарида қолдик. Ўтирадиган жой йўқ экан, - дейди Аҳмадбой судига келган Зарифа исмли аёл.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди мулозими Озодлик билан суҳбатда Турсунбоев ва яна 6 судланувчи устидан маҳкама кўрсатма беришни хоҳловчи барча учун очиқ экани, лекин суд залида ўриндиқлар камлиги сабаб ҳамма ҳам у ерга киритилмаганини айтди.

- Аҳмадбой Турсунбоев билан бирга унинг ҳисобчиси ва ғазначилари, жами 7 судланувчи бугун суд залига олиб келинди. Бугунги мажлисда гувоҳлар ва молиявий пирамидадан жабр кўрганларнинг кўрсатмалари тингланяпти. Суд очиқ бўлаётгани учун таклиф этилмаган одамлар ҳам келган. Уларни ҳам мажлисга киритишга ҳаракат қиляпмиз, лекин жой етишмаяпти. Айбланувчилар еттита, ҳар бирининг қариндошлари бор. Судда одамлар тикка туриши мумкин эмас, - деди суд мулозими.

“Чиноз ҳалол чорва” ва “Чиноз авто ҳамкор” масъулияти чекланган жамиятларнинг муассиси Аҳмадбой Турсунбоев одамлардан бир йилда икки баробар қилиб қайтариш шарти билан катта маблағларни ноқонуний равишда олиб келганликда айбланмоқда.

Аҳмадбой номи билан танилган чинозлик тадбиркор ўтган йилнинг июн ойида қўлга олинган.

У Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 165-моддаси (товламачилик),168-моддаси (фирибгарлик) ва 170-модда (алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш), шунингдек, 177-модда - валютани қонунга хилоф равишда олиш ва 178-модда - чет эл валютасини яшириш бандлари бўйича айбланмоқда.

Аҳмадбойга тегишли эканлиги айтилаётган 12 миллион доллардан ортиқ пул ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Чинозлик пирамидачи Аҳмадбой устидан суд бошланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:39 0:00

38 ёшли тадбиркорга пул берган ва олган одамларнинг сони бир неча ўн мингдан кўп экани айтилади.

Тошкентда ўтаётган суд жараёнини маҳаллий журналист Бобомурод Абдулла ҳам кузатмоқда.

- Ҳозир суд биноси олдида турибмиз. Бу ерда шу Аҳмадбойдан зарар кўрган одамлар суддан шу зарарларини ундириб беришни сўраб мурожаат қилишган, лекин судга фақат рўйхатга олинган гувоҳлар киритиляпти, - деди журналист.

Аҳмадбой аҳолидан нақд пулдан ташқари қимматбаҳо тақинчоқлар ва автомашиналарни ноқонуний равишда қабул қилиб олгани билдирилган.

Лекин, пул ва ашёларни оларкан, тадбиркор ҳеч қандай кафолат хати бермаган.

Ўзини Зарифа деб таништирган аёл Аҳмадбойга 6 минг доллардан ортиқ маблағ бергани ва бу бўйича судда гувоҳлик беришга тайёрлигини айтди.

- Аҳмадбойга икки баравар қилиб қайтариб бериши эвазига пул, тилла тақинчоқларни берганмиз. Ҳаммаси бўлиб 6000 доллар тенг қилиб қайд қилиб ёзиб қабул қилиб олишганди. Ўза пайтда ҳамма шу ишни қилаётганди. Милиция, суд, прокурорлар ҳам унга ҳеч нарса демаган, улар ҳам пул берган, шунинг учун ўшанда бу ишни ноқонуний эканини билмаганмиз. Мен пулимни ундириб беришларини суддан сўрайман, - дейди Зарифа.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди мулозими Аҳмадбой иши бўйича суд жараёнининг навбатдаги мажлиси 14 август куни бўлиб ўтишини айтди.

Суд жараёнини Озодликда кузатиб боринг...

XS
SM
MD
LG