Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:18

Ҳокимлик ваъдасига қарамай Асакадаги мактаб таъмир учун ёпилди


Андижон вилоятининг Асака туманидаги 59-умумтаълим мактаби ота-оналар норозилигига қарамай¸ айни қиш чилласида таъмир учун ёпилди. Ноябрь ойида туман ҳокимлиги вакиллари норози ота-оналар билан суҳбатлашиб, мактаб қиш пайти ёпилмаслигини ваъда қилган эди.

16 январдан бошлаб Асакадаги 59-мактаб таъмир учун ёпилди, унинг ўқувчилари эса тумандаги бешта мактабга тарқатилди. Бу ҳақда Озодликка шу мактабда қизи ўқийдиган асакалик аёл маълум қилди.

"Ота-оналар ҳаммаси увиллаяпти, қарғаяпти, падарингга минг ланъат, деяпти. Қиш чилласида мактабни ремонт қилишга бало борми? Озодлик ноябрь ойида қиш пайти мактаб ёпилишини танқид қилиб чиққач, замҳоким келиб, "Болаларингизни қишда қийнамаймиз" деб ваъда бериб кетганди. Лекин бизни алдашди. Шанба куни бирданига кўчиш ҳақидаги гап чиқди. Шанба обеддан кейин мактабни кўчириш бошланди. Душанбадан болаларимизни бошқа мактабларга жўнатиш ҳақида айтиб чиқишди", деди ўқувчи қизнинг онаси исмини очиқламаслик шарти билан.

Мактабнинг қиш чилласида ёпилганидан норози ота-оналардан яна бири ўғли 7 километр узоқликдаги бошқа мактабга қатнашга мажбур қолаётганидан шикоят қилди.

"Ўғлим 7 километр узоқликда жойлашган Гез зонасидаги 25-мактабга қатнаяпти. Бу мактабга бориш учун ўғлимни эрталаб соат 6 дан уйғотаяпмиз. Тонгги совуқда йўлга чиқиб, соат 8 да мактабга етиб бориш керак. Бу мактабга 59-мактабнинг 1-4-синфлари жўнатилди. Бошқа синф ўқувчиларини 10, 30, 53 ва 58-мактабларга жўнатишди", деди ўғли 59-мактабда ўқийдиган эркак.

Унинг ҳисоб-китобича, ўғлини мактабга олиб, бориб келиш учун бир ойлик йўл кирасига 200 минг сўмга яқин пул кетади:

"Ўғлим 1-синфда ўқийди. Уни ёлғиз ўзини жўната олмаймиз. Ҳар куни ўзим уни таксичилик қиладиган Дамасларга чиқиб, эрталаб олиб бориб, дарсдан кейин олиб келаяпман. Бир киши учун бориб-келиш 7-8 минг сўмга тушади. Пули йўқлар эса бечора болаларини совуқда пешком жўнатаяпти", деди асакалик эркак.

59-мактабда қизи ўқийдиган асакалик аёл синф хоналарининг совуқлигидан шикоят қилди.

"Болаларимиз синф хоналарида пальтоларини ечмасдан ўтиришибди. Бирор касалликка чалинмаса¸ деб қўрқаяпмиз. Иситиш системаси ишламаяпти экан. Қўшнимнинг айтишича, ўғлини қўшни қишлоқдаги мактабнинг спорт залига жойлаштиришибди. Уларда вообше совуқ экан. Ота-оналар ҳаммаси хавотир олиб ўтирибди", деди асакалик аёл.

Озодлик 23 ноябрь куни 59-мактабнинг кўчирилишидан ота-оналар норозилиги ҳақида мақола эълон қилганидан бир неча кун ўтиб, Асака туман ҳокимлиги вакиллари мактабга бориб, ота-оналар билан суҳбатлашган ва таъмирнинг ёзга қолдирилганини билдирган эди.

Ота-оналар шикоятига муносабат билдирган 59-умумтаълим мактаби директори Дилфуза Жўрабоева Озодлик билан суҳбатда мактаб таъмирининг нега айнан қишда бошланаётганини изоҳлашга уринган эди.

“Давлат дастурига тушганидан кейин, иш кўп бўлади. Томни ёпади, иссиқлик системасини ўнглайди. Қурувчиларга болалар халақит бериш керак эмасда. Муҳими¸ мактабнинг капитал таъмирдан чиқиши”, деган эди Дилфуза Жўрабоева.

Асака туман Халқ таълими бўлимидан олинган маълумотга кўра, 59-мактаб таъмири жорий ўқув йили охиригача давом этади.

Таълим бўлимининг ўзини таништирмаган мулозимига кўра, ота-оналар мактаб таъмири борасида олдиндан огоҳлантирилган ва уларнинг розилиги олинган.

"Ота-оналар таъмирга рози бўлишган. Мактаб таъмирланса, ўзларига яхши-ку, болалари яхши шароитда ўқийди. Ўқувчилар энг яқин жойдаги мактабларга кўчирилган. Агар жойлаштирилган мактабни узоқ деб билган ота-она ўзига яқинроқ мактаб билан гаплашиб, унга боласини жойлаштиришига ҳам рухсат бердик. Бу ерда норозилик қилишга бирор асос йўқ", деди таълим бўлими мулозими.

Бу Андижон вилоятида айни қиш палласида мактаб таъмирининг бошланишига оид биринчи ҳолат эмас.

Ўтган йилнинг ноябрь ойи охирида Андижон шаҳрида жойлашган 37-сонли ўрта таълим мактаби ҳам таъмир ишлари учун ёпилган эди.

XS
SM
MD
LG