Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:03

Фарғонада икки кунда икки ҳоким ўринбосари ўзини осди


Фарғона шаҳри ҳокимининг капитал қурилиш ва ободонлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Аҳмаджон Каримбердиев душанба куни эрталаб ўз уйида осилган ҳолда топилди. Бу воқеадан бир кун олдин эса, Данғара туманининг иқтисодиёт ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Илёсбек Раҳимов ўзини осган. Ҳоким ўринбосарларининг ўз жонига қасд қилганини ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари тасдиқлади.

Фарғона вилояти ҳокимлигига қарашли идоралардан бирида ишлайдиган, исми сир қолишини сўраган мулозимнинг Озодликка хабар беришича, Фарғона шаҳар ҳокимининг капитал қурилиш, коммуникациялар ва ободонлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Аҳмаджон Каримбердиев 20 февраль куни ўз жонига қасд қилган:

“Душанба куни эрталаб бизга Аҳмаджон ўзини осиб қўйибди, деган хабар келди. Маълум бўлишича, у ўз уйида жонига қасд қилган экан. Ҳоким ўринбосарининг нима сабабдан ўз жонига қасд қилгани маълум эмас”, деди мулозим.

Фарғона вилояти ички ишлар бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими Аҳмаджон Каримбердиевнинг осилган ҳолда топилганлигини айтди:

“Бошқа ҳеч нарса айта олмайман. Бу иш билан прокуратура шуғулланмоқда”, деди мулозим.

Озодлик суҳбатлашган фарғоналик бир неча манба ҳоким ўринбосарининг ўзини осишига сабаб бўлган турли хил тахминларни иддао қилди. Аммо, Озодлик бу иддаоларни тасдиқлай олмагани учун, уларни ёзмади.

Бу воқеадан бир кун аввал, 19 февраль куни Фарғона вилояти Данғара тумани ҳокимининг иқтисодиёт ва ижтимоий масалалари бўйича ўринбосари Илёсбек Раҳимов ҳам Қўқон шаҳрида яшаётган уйида осилган ҳолда топилганини ҳокимиятга қарашли давлат идораларидан бирида ишлайдиган мулозим айтди:

“Илёсжон Раҳимов асли Ўзбекистон туманидан. Лекин Данғарага яқин бўлгани учун Қўқон шаҳрида яшаган. Якшанба куни у уйида ўзини осиб қўйган. Нима сабабдан ўз жонига қасд қилгани номаълум”, деди мулозим.

Фарғона вилояти ички ишлар бошқармасидаги исми сир қолишини сўраган мулозим Илёсбек Раҳимовнинг ўз жонига қасд қилганини тасдиқлади.

Ўзбекистонда ҳокимлик мулозимлари, фермерларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳоллари тез-тез учраб туради.

2015 йили Андижон вилояти Избоскан туманида фермерлик қилган 29 ёшли Нодирбек Ҳайдаров туман ҳокими ва прокурори ўтказган мажлисдан чиқиб, ўзини осиб қўйган эди.

Озодлик манбаларига кўра, ҳоким ва прокурор фермерни буғдой режасини бажармагани учун қаттиқ койиган ва у мажлисдан чиқиб, қишлоқ хўжалиги бўлими ҳожатхонасида ўз жонига қасд қилган.

Ундан олдин, Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида пахта планини бажармагани учун туман ҳокимлиги мулозими томонидан ҳақоратланган фермер Ҳабибулло Эгамбердиев уйига қайтгач, ўзини осганди.

2013 йилда Тошкент вилояти Янгийўл тумани ҳокимлигида ўтказилган мажлис пайтида маҳаллий фермер Турсунали Содиқов ички ишлар бўлими раҳбари томонидан калтакланганидан бир кун ўтиб юрак ҳуружидан вафот этган эди.

XS
SM
MD
LG