Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:13

Озодлик мавзуни ўрганиши жараёнида чойхона қишлоқ аҳлига қоладиган бўлди


Қашқадарё вилояти Косон туманидаги Тўқманғит қишлоғида яшайдиган бир гуруҳ отахонларнинг Озодликка арз қилишича, ҳашар йўли билан қурилган чойхонани шу қишлоқда яшайдиган тадбиркор "тортиб олиб", ўрнига мева-сабзавот сақланадиган омбор қурмоқчи. Тадбиркор чойхонани Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан тендерда ютиб олганини айтар экан, ўнга яқин одамни иш билан таъминлаш мақсади борлигини билдирди. Туман ҳокими эса чойхона маҳаллага қайтариб берилишини айтди.

Косон туманидаги Тўқманғит қишлоғида яшайдиган 74 яшар маҳалла оқсоқоли Сайфуллоҳ Рўзиевнинг Озодликка айтишича, ўттиз йил аввал қурилган бу чойхона ҳашар йўли билан бунёд этилган:

- Совхоз директори буни бизга чойхона деб берувди. Ҳашар йўли билан қурилган эди. 2015 йилда ҚФЙ раиси Отақулов бизлар бехабар ташландиқ жой, 0 (нол) қийматга эга деб, юқорига чиқариб юборган экан. Лекин, бизнинг чойхонамиз обод жой. Боғи бор, дарахтлари кўп. Икки марта ҳокимга бордик, келиб кўринг, бу 0 қийматли эмас, балки обод жой, дедик. Ҳоким келмади. "Нуроний" жамғармаси вакили келиб кўрди, бу яхши жой экан, деди. Лекин буни тендерда 0 қийматга сотиб олган Исмоил Эргашев деган тадбиркор ҳамқишлоғимиз чойхонани бузиб ташламоқчи, деди отахон.

Косон туманидаги чойхона
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:19 0:00
Бевосита линк

Унинг айтишича, вилоят ҳокимининг “чойхонага тегманглар” деб айтган гапига ҳам ҳеч ким қулоқ солмаяпти:

- Вилоят ҳокими Зафар Рўзиев келганда ҳам чоллар арз қилган эди. Ҳоким туман ҳокимига бу чойхонага тегманглар деб тайинлаб кетди. Лекин булар вилоят ҳокимининг гапини ҳам инобатга олмаяпти, дейди Сайфуллоҳ Рўзиев.

Отахоннинг айтишича, чойхона маҳалла муаммолари муҳокама қилинадиган, чолларнинг дам олиб, гурунг қиладиган масканига айланиб қолган:

- Тўй-маъракаларимизнинг истол-пистоли, коса-товоғи, гўрковларнинг лопатка-кетмонигача ҳаммаси шу ерда. Бир муҳим масала чиқса шу ерда мажлис қиламиз, катталар шу ерга келади. Қолаверса, тўртта гурунг қилиб, дунё ишларидан гаплашиб ўтирамиз. Энди эса, бир-биримизни боғлаб қўйган мана шу жойимизни ҳам тортиб олишмоқчи, деди оқсоқол.

Косон туманидаги чойхона
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:41 0:00
Бевосита линк

Бу чойхонани тендерда ютиб олган тадбиркор Исмоил Эргашев Озодлик билан суҳбатда қишлоқ кексалари билан бу масалада ихтилоф борлигини тан олди:

“Бу чойхона собиқ иттифоқ даврида аввал дала шийпони сифатида қурилган. Кейин одамлар чойхона қилиб олган. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан бу чойхона ҳам 0 қийматда тендерга қўйилган экан. Мен буни тасодифан газетада ўқиб қолдим. Бу жойни обод қилиш ва янги иш ўринлари яратиш мақсадида мен ҳам туман ҳокимлигига тендерга ариза бердим. 300 миллион сўмдан ортиқ инвестиция қиламан деганман. Бизда мева-сабзавот кўп, одамлар уни сақлаш учун Самарқанддаги омборларгача олиб боришади. Мен шу ернинг ўзида ана шундай омбор қурмоқчиман”, дейди Исмоил Эргашев.

Тадбиркорнинг тан олишича, қишлоқ кексаларининг норозилигидан у ҳам чарчаган:

“Чоллар агар чойхонани олсанг, сени қарғаймиз, дейишяпти. Менга ҳам ортиқча нарса керак эмас, бир коса овқатга қорним тўяди. Лекин агар мен бундан воз кечсам, Давлат Мулк қўмитаси мени 15 фоизлик жаримага тортади. Ҳозирча қўмита билан муроса йўлини тополмаяпмиз”, деди тадбиркор Исмоил Эргашев.

Тадбиркор билан суҳбатдан бир кун ўтиб, Косон тумани ҳокими Бахтиёр Ражабов билан гаплашдик. У Озодлик билан суҳбатда чойхона маҳалланинг ўзига қайтариб берилади, деди:

- Буни ҳамма ҳужжатлари бўлди, маҳаллага қайтариб бердик. Чойхонани тендерга ютиб олган йигит бизга ариза бериб, қайтариб олинглар, деди. Ҳамма ҳужжатларини қилиб вилоятга бердик. Энди у йигит 0 қийматда 300 миллион сўм инвестиция қўйган эди, мулк қўмитаси уни 15 фоиз жаримага тортиб турибди. Ҳозир шу масала муҳокама қилиняпти, агар шу жаримани бекор қилса, бўлди, масала ёпилади. Ҳозир чойхона ишлаяпти, бошқа муаммо йўқ, деди туман ҳокими Бахтиёр Ражабов.

XS
SM
MD
LG