Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:45

Ўзбекистонда терговчилар гумонланувчини уриб¸ оëғини синдиргани иддао қилинмоқда


Зоминлик Акмал Ҳасанбоев милиция ходимлари ўзини қийноққа солганини иддао қилаяпти.
Зоминлик Акмал Ҳасанбоев милиция ходимлари ўзини қийноққа солганини иддао қилаяпти.

Жиззах вилояти Зомин туманининг Ём қишлоғида яшайдиган Акмал Ҳасанбоев, милиция ходимлари ўзини гиёҳванд модда сотишга иқрор қилдириш мақсадида, қийноққа солганини иддао этмоқда. Акмалнинг айтишича, милиция ходимларининг товонига дубинка билан уриши оқибатида оёқ суяклари ёрилиб кетган. Зомин тумани ИИБ навбатчиси бундай воқеа қайдга олинмаганини билдирди.

А.Ҳасанбоев: Мелисалар оëғимга дубинка билан уриб¸ суякларимни ëриб юборди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:51 0:00

Зомин тумани Ём қишлоғининг маҳалла гўркови 38 яшар Акмал Ҳасанбоевнинг Озодликка айтишича, 27 июнь куни туш пайти вилоят ва туман Жиноят қидирув бўлими ходимлари ўзини ушлаб¸ Даштобод шаҳар милиция бўлимига олиб бориб қийноққа солган:

- Мелисаларнинг тўрттаси босиб ушлаб турди, иккитаси дубинка билан тинмай оёғимга урди. Бўйнингни суғуриб оламан, қамативораман, ўлдирвораман деб ҳақорат қилиб турди. Наркотик сотишни бўйнингга ол, деб талаб қилди. Кейин оғриқнинг зарбидан ҳушимдан кетиб қолдим, дейди Акмал Ҳасанбоев.

Зоминлик Акмал Ҳасанбоев милиция ходимлари мажруҳ бўлиб қолганини айтади
Зоминлик Акмал Ҳасанбоев милиция ходимлари мажруҳ бўлиб қолганини айтади

Акмалнинг укаси Баҳромнинг айтишича, акаси наркотик модда сотишда гумонланиб ушланган; милиция ходимлари қонуний тергов ўтказиш ўрнига, акасига қийноқ қўллаб, айбни бўйнига олишга мажбурлаган:

- Акам бировга шамоллашга дорилик сифатида озгина қуритилган 4-5 дона кўкнор берган. У киши қўлга тушиб қолгандан сўнг акамдан олганини айтган. Бор гап шу. Шуни сен сотгансан, қаердан олдинг, қолган наркотиклар қаерда, деб милиция ходимлари акамни қийноққа солган. Ўша куни кечқурун соат 11ларда акамни излаб борганимда менга акамни чўлоқ ҳолда олиб чиқиб беришди, дейди Баҳром.

Б.Ҳасанбоев: Мелисалар акамни уриб¸ бир умрга мажруҳ қилиб қўйишди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:11 0:00

Воқеанинг эртаси куни Акмал Ҳасанбоев оёғини умуман боса олмай қолганидан сўнг, яқинлари уни Жиззах вилояти касалхонасининг травмотология бўлимига олиб борган.

Касалхонада беморнинг оёғи рентген қилиниб, ҳеч қандай оғир жароҳати йўқлиги айтилган.

Баҳромнинг сўзларига кўра, уйга олиб келинган акаси оғриқ тўхтамаётганини айтганидан сўнг, 10 июль куни Тошкентдаги Травмотология ва ортопедия илмий текшириш институти поликлиника бўлимига олиб борилган:

- Акамнинг оёғини суяклари ёрилиб кетган экан, операция қилишди, дейди Баҳром.

Травмотолгия ва ортопедия илмий текшириш институти профессори А. Дурсунов, Ш. Мирзаев ва доцент М. Асоев ўтказган жарроҳлик амалиётига оид хулосада бундай деб ёзилган:

“14.07.2017 йилда “ўнг дистал болдилараро синдесмозни болт-стяжка билан маҳкамлаш” операцияси ўтказилди. Даволаниш мобайнида беморга симптоматик терапия, антибиотикатерапия муолажалари қилинди”.

Зоминлик Акмал Ҳасанбоев милиция ходимларини уни қийноққа солганини иддао қиляпти
Зоминлик Акмал Ҳасанбоев милиция ходимларини уни қийноққа солганини иддао қиляпти

Акмал Ҳасанбоевнинг айтишича, ўша куни ўзини калтаклаган милиция ходимларидан икки нафари - вилоят ИИБ Жиноят қидирув бўлими ходими Илҳом ва Зомин тумани ички ишлар бўлими ходими Шерзод Йўлдошевни эслаб қолган.

Илҳом исмли милиция ходими Озодлик билан суҳбатда Акмал Ҳасанбоев ишидан хабари борлигини билвосита тасдиқлади. У Озодлик мухбирининг “Акмал Ҳасанбоев сиз ва яна беш нафар милиция ходимини оёғини калтаклаб синдирганликда айблаяпти" деган гапига “ҳм, ҳм”, деб қулоқ солиб турди ва ҳеч қандай эътироз билдирмади.

“Сиз бу даъвога қандай муносабат билдирасиз?”, деган саволдан сўнг, ўзининг Илҳомлигини тасдиқлаган суҳбатдош “10 минутдан кейин қўнғироқ қилинг, гаплашамиз”, деди-да, алоқани узди.

Озодликнинг у билан боғланишга қилган кейинги ҳаракатлари натижа бермади - мобиль телефон ўчириб қўйилди.

Зомин тумани Ички ишлар бўлими ходими Шерзод Йўлдошевнинг телефони ўчирилгани боис, у билан боғланиши имкони бўлмади.

Зомин тумани Ички ишлар бўлими ва Даштобод шаҳар милиция бўлими навбатчиларининг Озодликка айтишича, 27 июнь куни Акмал Ҳасанбоевнинг бўлимга олиб келингани расман қайд қилинмаган.

Баҳром Ҳасанбоевнинг айтишича, акасининг калтаклангани ҳақидаги шикояти Зомин тумани ички ишлар бўлимида тингланмагач, у Ўзбекистон президенти порталига мурожаат қилган:

- Порталдан менинг шикоятимни кўриб чиқиш учун вилоят прокуратурасига юборишибди. Вилоятдан чақириб сўрашди, айтдим. Туман прокуратурасидан ҳам сўрашди. Тергов қилaяпмиз, дейишди. Лекин бошқа хат хабар йўқ, деди Баҳром Ҳасанбоев.

Зомин туман прокуратурасининг Озодлик бошланган ходими Озодлик сўзини эшитиши билан¸ алоқани узиб қўйди.

Шавкат Мирзиёев 9 февраль куни ўтказган селектор йиғилишида бугунги ўзбек милициясидан халқ норози эканлигини таъкидлаб, танқид қилган эди:

- Ўтган йили 4518 нафар ходим, шундан 966 нафар ходим салбий ҳолатларга кўра ички ишлар идораларидан бўшатилган. Улардан аксарияти порахўрлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб ваколатлари доирасидан четга чиқиш каби жиноятларни содир этган. Бундай ҳолатда аҳоли орасида ички ишлар ходими обрўсини қандай қилиб ошириш мумкин? Қонун ҳимоячиларининг ўзи жиноят содир этса, оддий одам дардини кимга айтиши керак? –деган эди жумладан президент Мирзиёев.

XS
SM
MD
LG