Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:10

Туркия ва Арманистон ўртасидаги дўстликнинг бузиб ташланган рамзи


Инсон ҳайкалининг икки боши шу кунда Қарс четидаги чиқиндихонада ётибди.
Инсон ҳайкалининг икки боши шу кунда Қарс четидаги чиқиндихонада ётибди.

2011 йили Туркияда Арманистон билан ярашиш тимсоли сифатида ўрнатилган ёдгорликни ўша пайтдаги Туркия бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон “хунук” дея таърифлаб, буздириб ташлаган эди. Бугун Озодлик радиоси мухбири Туркия шарқидаги Қарс шаҳрига бориб, бузилган ёдгорликни Арманистон-Туркия чегарасидан 50 километр масофада жойлашган ҳудудда, ташландиқ автомобиллар ичида эканлигига гувоҳ бўлди.

2011 йилда баландлиги 30 метр бўлган ёдгорлик Қарс яқинидаги қир устида турган пайтда Туркия ва Арманистон ярашишига оз бўлса ҳам умид бор эди. Икки давлат Усмонли империяси томонидан 1915 йил бошланган қирғиндан бери бир-бирига душман бўлиб келади.

Арманистон ҳамда бошқа бир неча ҳукумат ва парламент батафсил ҳужжатлаштирилган, бир миллиондан зиёд арман ҳалок бўлган қирғинни геноцид, деб атайди. Туркия эса бу атама нотўғри эканлигини айтиб, Биринчи жаҳон уруши даврида Усмонли империяси дуч келган муаммоларга урғу бериб, уларда “барча дин ва миллат вакиллари ҳалок бўлгани”ни таъкидлаб келади. 2008 йили Эрдўғон: “Биз жиноятга қўл урганимиз йўқ, шундай экан, кечирим сўрашимиз шарт эмас” деб, Туркиянинг бу масала бўйича расмий позициясини такрорлади.

Аммо оптимизм учун асос бор эди. 2005 йили Туркиянинг Ван шаҳридаги арман черкови қайта очилди. 2009 йили эса Арманистон президенти Туркиядаги футбол матчидан қатнашди. Булар икки қўшни давлат учун кичик, лекин рамзий қадамлар эди. Улар ўртасидаги чегаранинг ёпиқ қолаётгани Туркиянинг энг қашшоқ ҳудудларидан бирида савдо-сотиқни чеклаб қўйган.

Қарс шаҳрининг ўша пайтдаги мэри Наиф Алибейўғли антрополог Ўғиз Оляноқ билан суҳбатда ўз буйруғи билан қад кўтарган “Инсонийлик ҳайкали” унинг орзуси бўлганини айтган эди. Ёдгорлик бир шахснинг бир-бирига қўл узатаётган икки бўлагидан иборат эди. Алибейўғли бу рамзий ҳайкал узоқ йиллардан бери бир-бирига душман бўлиб келаётган арманистонлик ва туркиялик “ака-ука ва опа-сингиллар”ни бирлаштиришини айтган эди.

Ҳайкални ясаш келиб чиқиши арман бўлган туркиялик ҳайкалтарош Меҳмет Ақсўй зиммасига юкланди. Аммо Ақсўй Озодлик радиосига телефон орқали берган интервьюсида ҳайкалнинг қурилишини кузатар экан, уч омил унинг ишини тез орада барбод қилишини кутганини айтди. “Биринчидан, тақводор одамлар ҳар қандай ёдгорликни бутпарастлик деб ҳисоблайди ва Ислом қонунларига зид, деб билади. Иккинчидан, ўша пайтда сайлов бўладиган ҳамда Адолат ва Тараққиёт партияси миллатчи ва исломий сайловчиларни ўзига оғдираётган эди. Ниҳоят, афтидан, озарбайжонликлар ва уларнинг президентига ёдгорлик ёқмаган эди. Хабарларга кўра, Алиев Эрдўғонга шахсан мурожаат қилиб, ҳайкални бузиб ташлашни сўраган”, деди Ақсўй.

2011 йил 26 апрелида Ақсўй ишчилар ҳайкалнинг бетон елкаларини кесаётганини кўрди. Ҳайкалтарош бу ҳол унинг учун худди “ўз болалари боши олинаётгандек бўлгани”ни айтади. Ақсўй Эрдўғонни ёдгорликни “хунук” дея таърифлагани учун судга берган. Судда Ақсўйнинг қўли баланд келиб, унга тахминан 3800 доллар берилган. Озодлик билан суҳбатда Ақсўй: “Бу кир пулни санъатга, тошимга сарфлагим келмади. Шунинг учун уни ишлатиб юбордим. Бу нопок пулни дўстларим билан сарфлашга қарор қилдим”, деди.

Аммо Ақсўй омма олдида унга берилган пулни “нопок” деб келаётгани учун Эрдўғоннинг жаҳли чиқди. Бу орада Эрдўғон президент курсисига ўтирган эди. 2015 йили Эрдўғон Оқсўй уни ноқонуний равишда пул топишини иддао қилганини айтиб, санъаткорни судга берди. Мазкур суд иши ҳали ҳам давом этмоқда.

Қарс турғунлари шаҳар четида, дайди итлар қўриқлайдиган бетон бўлаклари бир пайтлар Арманистон билан ярашишни истайдиган кичик ҳаракат учун умид рамзи бўлганини биладилар. Оляноқ Озодлик радиоси олган суратларни “қайғули” дея таърифлар экан, бу ҳисга “Туркияда айримлар кейинги пайтда кўникиб қолди”, деди.

Бир пайтлар ҳайкал унсурлари бўлган бетон плиталар.
Бир пайтлар ҳайкал унсурлари бўлган бетон плиталар.

Ақсўй бузилган ҳайкали исқирт жойда ётганидан хабардор, лекин у буни вақтинчалик таҳқир, дея баҳолайди. Ақсўй эсдаликни қайта тиклаш ҳуқуқини қўлга киритиш учун Европа инсон ҳуқуқлари судига мурожаат қилган. “Агар судда қўлим баланд келса, ҳайкалимни аввал турган жойида, бўлакларини бир-бирдан қўйиб тиклайман”, дейди санъаткор.

Амос Чаппль ва Аббос Жаводий материали

XS
SM
MD
LG