Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:06

Туркияда давлат тўнтариши амалга ошмаганига беш сабаб


Маҳаллий телеканал орқали Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг давлат тўнтариши ҳақидаги баёноти намойиш қилинмоқда.
Маҳаллий телеканал орқали Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг давлат тўнтариши ҳақидаги баёноти намойиш қилинмоқда.

Туркия ҳарбийлари 1960 йилдан буён уч марта бевосита ҳокимиятни эгаллаб олишга ва 1997 йили ҳукуматни истеъфога кетказишга муваффақ бўлгандилар. Давлат тўнтариши ҳаракати бу гал нима учун муваффақиятсизликка учради?

1. Жамоатчилик қўлловининг етишмагани

Аввалги уч тўнтариш ижтимоий норозилик ёки зўравонликдан кейин “тинчлик ва тартиб”ни тиклаш чақириғи туфайли аҳоли томонидан анча яхши қабул қилинганди. Бу гал тўнтариш ташаббускорларини жамоатчилик қўллаб-қувватламади ва уларга ёрдам бермоқчи бўлган одамлар жуда кам бўлди. Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг мобил телефони орқали қилган ва телеканалларда кўрсатилган чақириғига эса кўп одам “лаббай” деб жавоб берди. У одамларни кўчаларга чиқиш ва тўнтаришга қарши эканини намойиш қилишга чақирганди.

2. Афтидан, тўнтарувчилар дунёвий тузум тарафдори бўлмаган

Турк ҳарбийлари анчадан буён ўзларини мамлакатда дунёвий конституция ҳимоячиси, деб ҳисоблайдилар. Аввалги тўнтаришларда ҳарбийлар расмийларни дунёвий давлат учун хавф туғдирганликда айблаб, ҳокимиятни эгаллаб олгандилар. Бу сафар тўнтаришда ашаддий аксилклерикаллар эмас, диний лидер Фатҳуллоҳ Гулен айбланмоқда. Эрдўғон давлат тўнтариши ҳаракатида АҚШда яшайдиган Гуленни айблаб чиқди. Фатҳуллоҳ Гулен эса тўнтаришга алоқадорлигини рад этаяпти. Олдинги йиллардаги ҳарбий тўнтаришларнинг аччиқ тажрибасини такрорлашга ҳожат йўқлигини билдирган мухолифатдаги икки йирик партия ҳам бу гал расмийларни очиқчасига қўллаб чиқдилар.

3. Полиция давлат тўнтаришини амалга оширмоқчи бўлганлар тарафида эмас

Аввалда ҳарбий тўнтаришлардан сўнг полиция янги ҳокимият тарафида ўтиб олганди. Бу гал ҳукумат билан тиғиз алоқада бўлган полиция бундай қилгани йўқ. Полиция ходимлари давлат тўнтаришини амалга оширишга уринган ҳарбийларга қарши бориб, исёнчи аскар ва зобитларнинг кўпини ҳибсга олди.

4. Тўнтаришда армиянинг кичик бир қисмигина иштирок этгани

Расмийлар ҳам, мухолифатчилар ҳам исёнчилар армиянинг 10-20 фоизини ташкил қилганини айтмоқдалар. Аввалги тўнтаришларда бутун армия ягона куч сифатида ўртага чиққанди.

5. Оммавий ахборот воситалари овозини ўчириш ҳозир қийинроқ

Аввалда бўлгани каби бу гал ҳам давлат тўнтариши қилишга уринганлар давлат телевидениеси, радиосини эгаллаб олдилар ва трансляцияни тўхтатдилар. Бироқ янгиликлар нодавлат телеканаллари, асосан CNN Turk орқали ҳамда ижтимоий тармоқлар, хусусан, Twitter ва WhatsApp орқали тарқалишга улгурди.

Аббос Жаводий,

Озод Европа/Озодлик радиоси

Марказий Осиё халқлари тилларидаги хизматлар раҳбари.

XS
SM
MD
LG