Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:51

Тожикистонда 50 ўқувчи пашша дори, 11 ўқувчи бангидевонадан заҳарланди


Тожикистоннинг Хатлон вилояти, Шамсиддин Шохин туманидаги марказий шифохона
Тожикистоннинг Хатлон вилояти, Шамсиддин Шохин туманидаги марказий шифохона

Тожикистоннинг Хатлон вилоятидаги Хўжағалтон қишлоғи мактабига қатнайдиган 50 дан ортиқ ўқувчи пашшага қарши қўлланган доридан заҳарланиб, туман шифохонасига тушиб қолди. Файзобод туманидаги умумий ўрта таълим мактабининг 11 ўқувчиси эса бангидевона гулини ҳидлаб, заҳарланди. Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар икки ҳолат назорат остига олинганини айтмоқда.

Аввалига Хатолон вилоятининг Шамсиддин Шохин туманидаги 3-мактаб ўқувчилари пашшага қарши кимёвий препаратдан заҳарлангани маълум бўлди.

Расмий маълумотга кўра, 26 май куни синфхоналари пашша дори билан тозаланган ва тунда эшик, деразалар ёпиқ қолдирилган. Эртаси куни тушгача ўқийдиган ўқувчилар дарсдан озод қилинган. Аммо, тушдан кейинги сменага қатнайдиган 5-синф ва ундан юқори синфларда ўқийдиган ўқувчилар препарат исидан заҳарланган.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазири ўринборсари Наврўз Джафаров Озодликнинг тожик хизматига берган интервьюсида 27 май куни мактабга борган 52 ўқувчи заҳарланганини тасдиқлади.

Жафаровнинг сўзларига кўра, ўқувчиларнинг баъзилари ҳушидан кетган, баъзиларининг эса нафаси бўғилган. Шифохона врачлари болаларни текшириб, ўзига келганларини уйига жўнатган. 7 ўқувчи бир кеча шифохонада қолган ва улар ҳам эртаси куни чиқарилган.

"Маҳаллий ҳокимият расмийлари пашша ва чивинлардан қутулиш учун мактабни "Нурел Д" кимёвий препарати билан тозалашга қарор қилишган. Тозалашдан кейин синфхоналарнинг эшик ва деразаларини ёпиб қўйишган", деб изоҳ берди вазир ўринбосари.

Кўлоб тумани Эпидемиология маркази раҳбарияти эса заҳарланган ўқувчилар сони 75 нафар бўлгани ва мактабни кимёвий препарат билан тозалаш чоғида камчиликларга йўл қўйилганини айтмоқда. Яъни, дори сепилганидан маълум муддат ўтиб, синфхоналар ҳавоси тўлиқ алмаштирилиши лозим бўлгани ҳолда, фақат дарчалар очилган ва бу препарат исининг сақланиб қолишига сабаб бўлган. Натижада, ҳодисадан марказ қарори билан мактаб икки кунга ёпиб қўйилган.

Қизиғи, 27 май куни Тожикистоннинг Файзобод туманидаги Сўфиён қишлоғидаги 104-мактабнинг 11 ўқувчиси ҳам заҳарланиб, шифохонага тушиб қолди.

Бу ҳодисани ҳам шарҳлаган вазир ўринбосари Наврўз Жафаров 11 ўқувчи мактаб боғидаги бангидевона гулини ҳидлаб, заҳарланганини маълум қилди.

"Шифокорлар 27 май куни заҳарланиб шифохонага тушганларда бош оғриғи, умумий ҳолсизлик ва ва бош айланишини кузатган. Ҳозир бу ҳолат ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўрганилмоқда ва кейинроқ яна қўшимча тафсилотлар ошкор қилинади", деди Озодликнинг тожик хизматига интервью берган вазир ўринбосари.

Сўфиён қишлоғида жума куни шифохонага тушиб қолган 11 ўқувчининг 6 нафари қизлардир ва улар мактабда ҳушидан кетиб қолгач, шифохонага йўлланган.

Шу мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайдиган Хайрулло Ғоибовга кўра, заҳарланганлар 6-11 синф ўқувчиларидир ва улар орасида унинг 11-синфда ўқийдиган ўғли ҳам бор:

"Жума куни, 10-синфда ўқийдиган қиз бирдан ҳушидан кетиб қолди. Айтишларича, бундан сал аввал у қанақадир гулни ҳидлаган. Кейин эса бирин-кетин яна 10 ўқувчи ҳушидан кетди. Уларни туман шифохонасига олиб кетишди ва кечгача олиб қолишди. Лекин ташхис қўя олишмади. Менинг ўғлим ҳалигача ўзига келгани йўқ", дейди бу ўқитувчи.

Заҳарланган ўқувчиларнинг ота-оналари шифокорлар ташхис қўя олмагач, болаларини Душанбе шифохонасига олиб боришган ва ҳозир пойтахтда икки ўқувчи даволанмоқда.

Ўқитувчига кўра, бу ҳодисадан кейин 104-мактабда таътил эълон қилинган.

XS
SM
MD
LG