Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:54

21 яшар тожикистонлик "Like" ва "Класс"лари учун 6 йилга кесилди


2015 йилдан буён 1141 нафар тожикистонлик ИШИД сафларига қўшилган
2015 йилдан буён 1141 нафар тожикистонлик ИШИД сафларига қўшилган

Тожикистон жанубидаги Хатлон вилоят суди 21 яшар Фируз Абдулазизовни "ижтимоий тармоқлардаги экстремистик материалларга "Like" ва "Класс" босгани учун" 6 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

У жорий йилнинг августида Москва шаҳридан Душанбега қайттган пайти Тожикистон ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан қўлга олинган эди.

Хатлон вилоят суди масъул ходимининг Озодлик радиосига айтишича, Фируз Абдулазизов Москвада яшаган пайтида ижтимоий тармоқларга экстремистик характерга эга материал, сурат ва видеоларни жойлаштириб келган.

Суд ходимига кўра, Абдулазизов “Одноклассники” ижтимоий тармоғида экстремистик материалларга “Класс” босиб, ИШИД байроғини чоп этган ва ёшларни бу террорчи гуруҳга қўшилишга чақирган.

Фируз Абдулазизовнинг адвокати Нусратулло Мирзоев Озодлик радиоси билан суҳбатда маҳкама жараёнида Абдулазизов унга қўйилган барча айбловларни тан олганини айтди.

“У айбловларни тан олди. Фируз танадан кесилган бошларни суратини ўз интернет саҳифасига жойлаштиргани ва экстремистик амалларни қўллаб-қувватлаганига иқрор бўлди”- деди Нусратулло Мирзоев.

Тожикистон исломий маркази исбот сифатида келтирилган материаллар “Ислом давлати” экстремист гуруҳига мансуб экани, уларда экстремизмга чақириқлар, диний ва ирқий нафратни қўзғатиш ҳаракатлар мавжудлиги ҳақида хулоса берган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг хабар беришича, 2017 йилда ижтимоий тармоқларда экстремистик ақидаларни тарғиб қилган, уларга шарҳ ёзган ёки “Лайк” қўйган шахсларга нисбатан ўнлаб жиной иш очилган.

Жорий йилда Тожикистон парламенти томонидан “Оператив-қидирув фаолияти” тӯғрисидаги қонунга киритилган ўзгартишларга мувофиқ, тергов жараёнида интернетдаги ижтимоий тармоқларда чоп этилган материалларни далил сифатида фойдаланиш мумкин.

Жумладан, ижтимоий тармоқлардаги шарҳ ва мақолаларга “Лайк” ва “Класс” қўйган шахсга экстремистик ақидалар тарафдори сифатида қаралади.

Тожикистон расмийларига кўра, ИШИД экстремист гуруҳига қўшилган тожикистонликларнинг 90 фоизи ижтимоий тармоқлардаги тарғиботлар таъсирига тушиб Сурия ва Ироққа кетган.

2015 йилдан бери "Ислом давлати" экстремистик гуруҳи сафига 1141 нафар тожикистонлик қўшилган.

Улардан 300 га яқини Сурия ва Ироқдаги жангларда ўлдирилган¸ 70 нафари ўз ихтиëри билан ватанга қайтган.

XS
SM
MD
LG