Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:04

Олотда аҳоли сасиган ҳовуз сувидан ичишга мажбур бўлмоқда


Бухоро вилоят, Олот туман, Кўл Човдур маҳалласида юзга яқин хўжалик уч ойдан буён "сасиган ҳовуз сувидан ичишга мажбур бўлмоқда". Бу ҳақда Озодликка хабар берган маҳалла фаолларига кўра, суғориладиган томорқалар ҳам бу йил сувсизликдан умуман ҳосил бермаган. Маҳалла аҳолисининг ичимлик ва суғориш суви билан таъминлашни сўраб, ҳокимият идораларига йўллаган аризалари жавобсиз қолмоқда.

"Итлар кириб-чиқиб юрган ҳовуз"

Озодликка шикоят қилган Кўл Човдур маҳалласи фаолларининг айтишича, тоза ичимлик суви ва суғориш ерларига мўлжалланан сув маҳаллага охирги марта 13 июнда келган.

Улардан бирининг айтишича, тоза ичимлик суви бўлмагани учун 100га яқин хонадон "сасиган ҳовуз сувидан ичишга мажбур бўлмоқда".

- Ҳовузнинг суви тасаввур қиладиган даражада эмас. Ҳатто мол ичмайди. Лекин аҳоли мажбурликдан ичаяпти. Ҳовузларга итлар кириб, чиқиб юрипти. Одамлар мажбур ўша сувдан қайнатиб, сақлаб ичишаяпти, - деди у.

Маҳалла фаоли ўз сўзини исботлаш учун Озодликка айни ҳовуз ва қақраб ётган экин ерлари суратларини йўллади.

Аҳоли бу ҳовуз сувини қайнатиб ичишга мажбур бўлмоқда
Аҳоли бу ҳовуз сувини қайнатиб ичишга мажбур бўлмоқда

Бошқа бир кўл-човдурликка кўра, ичимлик сувини бир неча чақирим узоқликдан "эшак араваларда" келтирмоқда.

-Узоқ жойдан олиб келамиз эшак араваларда. Флягаларда олиб келиб ичамиз. Иложи йўқ, нима қиламиз, - дейди у.

Унинг маҳалладоши моддий имкони борлар ичимлик сувини машиналарда келтириб, қудуққа қуйиб сақлаётганини билдирди.

"Машиналарда олиб келиб, қазилган қудуқларга солиб ичаяпмиз, қўни-қўшниларга тарқатаяпмиз. Имкони йўқлар, ҳовуздаги кўлмак сувни ичаяпти," деди у.

Cув фермерлардан ортмаяпти

Олотдаги сувсиз томорқалар
Олотдаги сувсиз томорқалар

​Кўл Човдур маҳалласи аҳолисига кўра, сувсизлик туфайли бу йил томорқаларда экин умуман унмаган, кўпчилик ўз чорва молларини сотиб юборган.

Маҳалла оқсоқоли Маъмур Худойназаров аҳоли томорқасини суғоришга мўлжалланган “Ғариббек” ариғи бутунлай қуриб қолганини айтди.

Унинг илова қилишича, суғориладиган ерларга сув келтириш уринишлари натижа бермаётир.

- Тушунмаймиз, сув бу ерларга етиб келмаяпти. Фермерлардан ўтмаяпти. Қишлоқ аҳолиси билан сувга чиқамиз, сув келмайди. Ҳафталаб юрдик, одамлар билан чиқдик, навбат кутамиз, сувнинг ўзи йўқ, сув кам, - дейди Маъмур Худойназаров.

Ариқда сув оч ойдан буён оқмайди
Ариқда сув оч ойдан буён оқмайди

Олот тумани ҳокими Шерали Саломов сувсизлик муаммоси юзасидан Озодлик саволларига мажлисда бўлгани учун жавоб бера олмаслигини айтди.

Сув танқислиги

Ўзбекистонда, расмий маълумотларга қараганда, сувнинг қарийб 91,5 фоизи ёки 53 миллиард 524 миллион 200 минг кубометри қишлоқ хўжалиги ерларини суғоришга сарфланади. Сувнинг қолган қисмигина аҳоли эҳтиёжига берилади.

Ўзбекистон Президентининг 18 апрелдаги фармони билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси ташкил этилган.

Фармонга берилган расмий шарҳда келтирилишича, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда ичимлик сувини оқилона ва самарали ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва реализация қилиш, ичимлик суви сифатини назорат қилиш, фойдаланилган сувларни оқизиш (канализация) ҳамда оқова сувни тозалаш хизматларини ташкил этиш соҳасидаги қонунчилик ва меъёрий-техник ҳужжатлар талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш билан боғлиқ ҳал этилмаган қатор муаммолар мавжуд.

XS
SM
MD
LG