Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:46

Блог: Бунча ҳақсиз бўлмасанг, ШОСкентим - онам!


“Шу шаҳарда бир неча миллион одам яшайди” дейишса, Тошкентга келган мартабали-мартабасиз меҳмонларнинг ҳеч қайсиси ишонмаса керак. Аҳоли сони бўйича Марказий Осиёнинг энг катта шаҳри кўчаларида бугун меҳмонларнинг назари хилпираган байроқлару кўзи пирпираган миршаблардан бошқа ҳаракатланаётган нарсага тушиши маҳол.

Ўзбек дегани сабрли келади. Ўзбек дегани сабрига сабабни ҳам осон топади. “Бир кунлик тўй ўтади-кетади” деб юпатади ўзини ўзбек, гарчи бу тўй жониворга тайёргарлик бир йилдан бери ўзига ноқулайлик туғдириб, тинкасини қуритаётган бўлса ҳам.

“Меҳмон Отангдай улуғ”, дейди ўзбек. Ҳар куни “отаси” трассадан ўтганда йўллар зоғ учмас қилиб тўсиб ташланганини эслаб, “Отадай улуғ” меҳмонлар учун ҳам кўчаларни бўшатиб қўяверади.

“Топгани тўйларга буюрган” ўзбек емай-ичмай йиққанию, уни бозорлар деворига чаплаганидан хафа эмас – меҳмонлар кўриб, бир марта “бай-бай-бай” деб таҳсин айтишса, хордиғи чиқади миллатдошимнинг.

“Шавла кетса кетсин, обрў кетмасин” деган ўзбек маданий уст-боши бўлмаган миллатдошларига “тўйхона” тўриси тугул пойгагини ҳам раво кўрмайди. Ҳатто уст-боши ва “пропискаси” маданий бўлиб, араваси “Даққиюнусдан қолган” бўлганлар ҳам тўйхонага яқинлаштирилмайди. “Вей, нимага унақа қиласан, ахир давра тўрида ўтирган меҳмонларинг ҳам кечаги даққиюнусийлар-ку?” деб сўрайдиган мард йўқ.

Ҳаммасидан ҳам мени “ўта кучайтирилган хавфсизлик чоралари” деётган нарсалари асабимга тегяпти. Худди ШОС саммити арафасида дунёдаги нияти ёмон киллерлар йиғилиб, “Бунча диктатор бир жойда яна қачон йиғилади, келинглар, ўша ерда биратўла ҳаммасидан қутулиб қўя қолайлик” деб келишиб олгану бундан ўзбек разведкаси хабар топгандек ҳаракат қилишяпти.

“Уйда чакса уни йўқ, том бошида қўш тандир” дегандек... ҳай майли, у ёғини айтмай қўя қолай, “уйдаги гапни кўчага чиқармай” қўя қолай.

Мозий файласуфларидан бири: “Ҳар қанақа сохталик ҳазинлик туғдиради” деган гапида нақадар ҳақ экан. Бугун ҳатто даққиюнусий гуруҳнинг бир пайтлар одамлар кайфиятини бардамлаштиришга мўлжаллаб тўқилган хониши ҳам “қийшиқроқ” эшитилаяпти:

“Бунча ҳақсиз бўлмасанг, ШОСкентим – онам...”

XS
SM
MD
LG