Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:42

Мирзиëев ўзбекистонликларни китоб ўқишга рағбатлантирувчи фармойиш чиқарди


Ўзбек ëшларининг мумтоз адабиëт¸ хусусан¸ Навоий асарларини ўқимаслигига оид Eltuz рассоми чизган карикатура.
Ўзбек ëшларининг мумтоз адабиëт¸ хусусан¸ Навоий асарларини ўқимаслигига оид Eltuz рассоми чизган карикатура.

Шавкат Мирзиëев 12 январь куни чиқарган янги фармойишда Ўзбекистонда миллий ва таржима асарлари чоп этишни кўпайтириш¸ уларни арзонлатиш¸ айни пайтда¸ ëшларни китоб ўқиш анъанасига қайтаришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш буюрилди.

12 январь куни Ўзбекистон президенти“Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида” фармойиш берди.

Мирзиëев бу фармойиш орқали Бош вазирга Ўзбекистонда бадиий, маърифий, илмий-оммабоп, тарбиявий, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган адабиётларни чоп этиш, улар билан таълим муассасаларини таъминлаш, миллий ва жаҳон адабиёти намояндаларининг етук асарларини саралаш, таржима қилиш ишлари пухта ўйланган тизим ташкил этишни бошлашни буюрди.

Президент топшириғига мувофиқ Бош вазир Абдулла Арипов бир ой ичида тузадиган ишчи гуруҳ мутахассислари аҳоли¸ айниқса¸ ëшлар орасида китоб ўқиш ва китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ҳозирлаши¸ икки ой ичида эса¸ китоб чоп этиш ва тарқатиш соҳасидаги давлат сиëсатини юрутувчи ваколатли давлат органини белгилаши лозим бўлади.

Фармойишда миллий ва таржима асарлари чоп этишни кўпайтириш¸ уларни арзонлатиш¸ айни пайтда¸ ëшларни китоб ўқиш анъанасига қайтариш кўзда тутилмоқда.

Бу фармойишни олқишлаган Ўзбекистон Китоб палатаси собиқ раҳбари¸ адабиëтшунос олим Зуҳриддин Исомиддинов¸ давлатнинг бу соҳада, хусусан болалар ва ëшлар орасида китоб ўқиш маданиятини шакллантиришдаги асосий роли китоб чиқариш ва сотишга имтиëзлар беришдан бошланиши лозимлигини айтади:

- Биринчидан¸ ота-она боласига китоб сотиб олмоқчи экан¸ қийналмасин¸ яъни китоблар нархи туширилсин. Бу соҳага давлат дотация ажратмаса бўлмайди. 2011 йили ҳукумат бир қарор чиқарган эди. Болалар учун¸ ногиронлар учун китоб чиқарувчи ширкатларига солинадиган солиқ юки 50 фоизга камайтирилган эди. Лекин бу нарсани тегишли идоралар яхши тушунмади шекилли¸ китоблар арзонламади¸ аксинча¸ дейди республика Миллий китоб палатаси собиқ директори Зуҳриддин Исомиддинов.

Сариосиëлик тарбиячи Гулбаҳор опа болаларини китоб ўқишга рағбатлантиришини айтар экан¸ китоб дўконларининг камайиб кетгани¸ боридагиларда сотилаëтган китобларнинг кўпини олиб беришга чоғи етмаслигини эътироф этади:

- Сариосиëда бор-йўқ иккита китоб магазини бор. Узун (қўшни туман – таҳр.)да шу ҳам йўқ. Қишлоқларда¸ масалан¸ бизнинг қишлоқда¸ китоб магазини йўқ. Шаҳарга тушганда¸ боламга чиройли расмлик эртак китоб олмоқчи бўлиб¸ нархини сўрасам¸ 20 минг сўм деди. Битта китобни бунча пулга олиб беришга менга ўхшаганларнинг қурби етмайди. Мактаб кутубхонасида бошланғич синф ўқувчилари ўқийдиган эртаклар бор¸ лекин¸ мустақиликкача чиққан китобларнинг кўпи йўқ бўлиб кетган. Кичик синфларда китоб ўқиган бола ҳам катта синфга ўтганидан кейин¸ яхши китоб тополмай¸ ўқимай қўяди¸ дейди мактабда ишлаган бу суҳбатдош.

Адабиëтшунос олим Зуҳриддин Исомиддиновга кўра¸ 31 миллион аҳолиси бор Ўзбекистонда китоб чоп қилиш¸ китоб савдоси билан шуғулланиш кескин камайиб кетган:

- Тадбиркор китоб чоп этиш¸ китоб сотиш билан ўзини эплай олмай қолган. Ҳозирда китоблар тиражи ниҳоятда қисқарган. Болалар учун китоблар кўпи билан 5000-10 000 тиражда чиқади. Ваҳоланки Ўзбекистонда 6¸5 миллион ўқувчи бор ва бу жуда катта рақам. Биринчи қадам сифатида¸ ҳар бир ўқувчи бошига бир йилда битта бадиий¸ битта илмий адабиëт чоп этишни йўлга қўйиб¸ кейин буни кўпайтириб борса¸ мақсадга мувофиқ бўлади¸ дейди олим.

Нега аксар ўзбекистонлик¸ хусусан¸ ëшларкитоб ўқимай қўйди?

Озодлик ўтганда ҳам бу мавзуни кўп бора муҳокама қилган ва СССРдаги энг кўп китоб мутоалаа қилувчилар бешлигида бўлиб келган ўзбекистонликлар ҳаëтидан китоблар¸ хусусан¸ бадиий адабиëтнинг чиқиб кетгани сабабларини ўрганишга ҳаракат қилган.

Президент фармойиши муносабати билан Озодлик аксар фойдаланувчилари ëшлар бўлган Одноклассники ва Facebook ижтимоий тармоғида кичик сўров ўтказди.

Унда муштарийлардан:

Ўзбекистонда ёшларнинг китоб ўқимай қўйгани сабаблари нимада?

1. Китоблар қимматлиги; 2. Яхши китоблар йўқлиги; 3. Адабиёт ўқитишнинг ёмонлашгани; 4. Умумий саводхонлик даражасининг пасайиб кетгани; 5. Ёшларнинг пул топиш билан бандлиги; 6. Юқоридагиларнинг ҳаммаси; 7. Бошқа сабаблар (буни кенгроқ ёзиб юборинг)” деб сўралди.

Биринчи соат давомида келган жавоблар орасида “ўқитувчилар обрўсининг тракторчиникидан ҳам пастлиги (Ҳожибой Тожибоев ҳикматлар китобидан)”¸” юқоридагиларнинг ҳаммаси ҳам сабаб¸ лекин кўпроқ саводхонлик даражасининг пасайганлиги”¸ “кўп китоб ўқиб илмли бўлганлар ҳозир пиëда ва ижарада ўтирибди. Китоб ўқиймай тўп тепиб юрганлар Малибу ва 2 этажли коттежларда. Ҳозирги ëшлар бундан хулоса чиқариб китоб ўқимай қолишди”¸ деган жавоблар келди.

Озодлик сўровида қатнашганлар¸ ëшлар орасида китоб ўқишга қизиқиш йўқолиб бораëтганига электрон ахборот воситалари¸ хусусан¸ ақлли телефонлардаги юкламалар¸ хусусан¸ ижтимоий тармоқлар ҳам жиддий сабаб эканини таъкидлашди.

“Ҳозиргилар талашиб-тортишиб телефон¸ планшетнинг янги русумини ота онасидан талаб қилишади. Мактабни, ўқтувчини айблаш жуда осон. Ота-оначи - ўзи ўқимаса¸ боладан нимани сўрайди? Қуш инида кўрганини қилади”¸ “ҳозирда болалар ҳар хил ўйинларга қизиқиб кетаëтганлиги менимча. Масалан Playstation va chilim va бошка нарсаларга... Бунга ота-оналарнинг пул топаман деб¸ тарбияга қарамаëтгани катта сабаб”¸ деган изоҳлар ҳам юборишди Озодлик сўровида қатнашган ўзбекистонликлар.

Озодликнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига кириб¸ ëхуд ушбу мақола остидаги шарҳ катакчаси орқали¸ сиз ҳам бу сўровда қатнашиш¸ ўз фикр-мулоҳазаларингизни билдиришингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG