Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 03:10

Россия Уралдан радиоактив модда тарқалганини тан олди, аммо ядровий ҳалокатни рад этди


Франция ядровий ва радиоактив хавфсизлик институти ноябрда ру-106 булути харитасини эълон қилган эди.
Франция ядровий ва радиоактив хавфсизлик институти ноябрда ру-106 булути харитасини эълон қилган эди.

Россия метереологик хизмати сентябрь охирида мамлакат жанубидаги Урал ҳудудида рутений-106 (ру-106) радиоактив моддаси концентрацияси ўта юқори бўлганини тасдиқлади. Аммо хизмат кейинроқ ўз гапига қарши чиқиб, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи ташкилотларни кўпроқ маблағ жалб қилиш мақсадида ёлғон тарқатишда айблади.

Бир неча ҳафта аввал Европадаги манбалар таркибида ру-106 бўлган булутлар қитъага етиб боргани ҳақида хабар тарқатган эди. Танқидчилар Россия ҳукумати ушбу масала бўйича узоқ сукут сақлаганини 1986 йил Чернобиль ҳалокатидан кейинги ҳолатга қиёслади.

Франция ядровий хавфсизлик агентлиги 9 ноябрда радиоактив булутларнинг Россиянинг Урал ҳудуди, ёки Қозоғистонда жойлашган ядровий ёқилғи тайёрлаш муассасаси¸ ëхуд радиоактив тиббиёт марказидан келганини тахмин қилган эди. Ҳозиргача Қозоғистон ҳам, Россия ҳам ядровий ҳалокат бўлганини тан олгани йўқ.

“Росгидромет” сайтида эълон қилинган ҳисоботлардан бирида Челябинск вилоятидаги “Аргаяш” станциясининг сентябрь охири, октябрь бошида ҳаводаги ру-106 миқдори нормадан 986 марта кўп бўлганини қайд этгани айтилади. Ҳисоботдаги жадвалларнинг бирида бу кўрсаткич “ўта юқори контаминация” ўлароқ баҳоланган.

Ҳисоботга кўра, “Новогорний” кузатиш станциясида радиоактив модда миқдорининг аввалги ойга солиштирилганда 440 баробарга кўплиги аниқланган.

Аммо кейинроқ эълон қилинган ҳисоботда ру-106 миқдори “ўта юқори” ўлароқ баҳоланадиган даражада аниқланмагани таъкидланади.

Аксинча, ушбу ҳисоботда қалин матн билан ру-106 концентрацияси жоиз кўрсаткичлардан “бир неча марта оз” бўлгани айтилади.

Янги ҳисоботда ёзилишича, аввалги назорат давомида ру-106 даражаси юқори деб аниқланишининг сабаби ундан аввалги ойларда ушбу радиокатив модданинг умуман аниқланмаганидир.

“Росгидромет” ҳатто жуда оз миқдордаги радиоактив изотопларни аниқлай олаётгани ўзининг назорат услублари самарали эканлигидан далолат беришини айтди.

Ҳисоботда, шунингдек, ру-106 га кўпроқ эътибор қаратилаётгани одамлар кўзида ўзини муҳимроқ қилиб кўрсатишга уринаётган атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ташкилотлари уринишлари билан боғлиқ эканлиги айтилади.

“Аргаяш” станцияси “Маяк” ядровий иншоотидан 30 км масофада жойлашган. Иншоот ядровий ёқилғини қайта ишлайди ва саноат ва тадқиқотлар учун радиоактив материал ишлаб чиқаради. “Маяк” расмийлари ру-106 тарқалиши иншоот фаолияти билан боғлиқ эмаслигини таъкидлади.

Франция ядровий ва радиоактив хавфсизлик институти ноябрда ру-106 булути ядровий объектдаги носозлик туфайли сизиб чиққан радиация оқибатида пайдо бўлганини тахмин қилган эди.

Ру-106 табиатда учрамайди. Бу модда реакторда атомлар бўлинганда ҳосил бўлади ва асосан тиббиётда қўлланилади.

XS
SM
MD
LG