Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:56

Бош вазир Мирзиëев районлар сонини биттага камайтириши мумкин


Қўшработнинг Нуротага туташ қишлоқлари аҳолиси¸ Озодликка маълум бўлишича¸ "свет ва газ ўчмайдиган" Навоий вилоятига қўшилиш эҳтимолидан хурсанд.
Қўшработнинг Нуротага туташ қишлоқлари аҳолиси¸ Озодликка маълум бўлишича¸ "свет ва газ ўчмайдиган" Навоий вилоятига қўшилиш эҳтимолидан хурсанд.

Ҳозирча расман очиқланмаëтган ҳукумат режасига мувофиқ¸ Бош вазир қаҳрига учраган Самарқанд вилояти Қўшработ туманининг ярми Иштихон¸ ярми эса¸ Навоий вилояти Нурота туманига қўшиб берилиши мумкин. Қўшработликлар орасидаги асосий мавзуга айланган бу эҳтимолдан қаттиқ ташвишга тушганлар ҳам¸ айни пайтда¸ газ ва свет ўчмайдиган Навоийга қўшилишни орзу қилаëтганлар ҳам анчагина.

Озодлик боғланган Самарқанд ва Навоий вилояти ҳокимлиги расмийлари ҳозирча Қўшработ туманининг тарқатилиб¸ унинг ҳудудини маъмурий жиҳатдан икки қўшни вилоят ўртасида тақсимлашга оид расмий қарор ëки фармон йўқлигини билдирди.

Айни пайтда¸ жараëндан бевосита хабардор Озодлик манбасига кўра¸ бундан икки ҳафта аввал Қўшработ туманига президент аппарати ва вилоят ҳокимлигидан махсус гуруҳ келган. Район раҳбарияти¸ шунингдек¸ оқсоқоллар билан учрашган бу “куратор”лар суҳбатлардан муддао районни тугатиш эҳтимолини ўрганиш эканини айтмаган.

“Қандай қилсак халқ яхши яшайди¸ Урганжи билан Жўш қишлоқларини Нуротага яқинлиги қанақа¸ деган гапларни қилишди. Лекин билишимизча¸ районни тугатиш ҳақида ҳужжат тўплаш бошланган. Ҳатто Қўшработ ҳокимлигидагиларга ҳам айтишмаяпти буни”¸ дейди Самарқанд ҳокимият тизимларига яқин манба.

Қўшработ туман ҳокимлиги расмий сайтидаги маълумотга кўра¸ 1978 йилда ташкил топган ушбу туманнинг умумий майдони 3¸5 минг квадрат километр¸ аҳолиси сони 110 минг (2012 йил январига қадар). Қўшработ марказидан Нурота туман марказига қадар масофа 90 километр¸ Иштихон марказигача эса 66 километр.

Ташкил топганидан 10 йил ўтиб¸ Қўшработ тумани 1988 йил октябрида тугатилиб¸ Нурота ва Иштихонга қўшиб берилган.

Қўшработнинг биринчи тугатилиш жараëнидан яхши хабардор маҳаллий ўқитувчилардан бирининг айтишича¸ “минглаб одам Тошкентга қатнаб¸ тинимсиз ëзиб¸тўполон қилиб 1989 йил майида яна Қўшработни қайта тиклаб олган”.

- Халқ ўшанда тоза қийналди. Битта справка учун 100 километр юриб¸ Нуротага борарди. Қанча одам хонавайрон бўлди. Одамларнинг эсидан чиққани йўқ ўша кунлар¸ дейди қўшработликлардан бири.

Туман ҳокимлигига яқин манбанинг айтишича¸ Қўшработ яна тугатилармиш¸ деган гап янгидан чиққандан бери¸ туман аҳолиси орасида нотинчлик бошланган.

“Одамлар бизни яна Иштихон билан Нуротага ҳайдайдими деб нолияпти. Ҳокимиятдагилар ҳозирча¸ бунақа гап йўқ¸ деб одамларни ëлғондакам тинчлантириб турипти. Лекин бу гапларнинг тагида яхшигина жон бор. Шунақа иш кетаяпти”¸ дейди маҳаллий ҳокимиятга яқин манба.

Қўшработ Нурота ва Иштихондан қайтарилиб¸ яна алоҳида туман деб эълон қилинганидан 27 йил ўтиб¸ нега айнан шу туманни тарқатишнинг кун тартибига тушганини изоҳлаган Озодлик манбасига кўра¸ бу ғояни дастлаб Бош вазир Шавкат Мирзиëев пўписа сифатида тилга олган:

“2012 йилда Бош вазир селектор йиғилишида Қўшработнинг кўрсаткичларидан жаҳли чиқиб¸ сенларни район-пайонинг билан тугатиб¸ Хатирчига қўшиб юбораман¸ деганди. Ўшанда район раҳбарияти қаттиқ қўрққанди. Лекин кейин Шавкат Миромонович жаҳлидан тушиб¸бу нарса босди-босди бўп кетганди. Қўшработнинг кўрсаткичлари Самарқанд вилоятидаги районлар ичида жуда ëмон эмас¸ буни тошкентдагилар ҳам яхши билади¸ дейди қўшработлик Озодлик манбаси.

Ҳокимиятга яқин мазкур манбанинг таъкидича¸ ҳозирда ҳукумат Қўшработ туманидаги еттита қишлоқ фуқаролари йиғинидан бештасини Иштихонга¸ Урганжи ва Жўш қишлоқ фуқаролар йиғинларини эса¸ Нуротага қўшиб юбориш режасини тузмоқда ва бу режани Тошкентда ўтказишга уринаëтган асосий шахслардан бири Навоий вилояти ҳокими Эркин Турдимовдир.

“Биласизми-йўқми¸ Навоий вилояти ҳокими Турдимов асли қўшработлик¸ Жўш қишлоғидан. Шу одам Шавкат Миромоновичга¸ Урганжи билан Жўшни менга берсангиз¸ сув чиқариб¸ даштни обод қиламан¸ у ерда деҳқончиликни ривожлантираман¸ халқни у қиламан¸ бу қиламан¸ деган. Ҳозирги ишларнинг орқасида шу одам турипти”¸ дейди ҳокимликка яқин манба шахси сир қолиш шарти билан.

Озодликка маълум бўлишича¸ Тошкент бу режа устида яширин иш олиб бораëтган бир пайтда¸ Қўшработни сақлаб қолишни хоҳловчилар ҳам¸ унинг Иштихон ва Нуротага қўшиб юборилишини истаëтганлар ҳам гизли ҳозирликни бошлаган.

“Шу кунларда Қўшработ туман ҳокимияти томонидан айрим ҳудудлар оқсоқолларидан шу туманда қоламиз¸ деган тилхат олинмоқда. Нега оқсоқоллар бунақа тилхат ëзаëтганига ҳайронман. Чунки Навоийга қарар эканмиз¸ деган гап чиққанда одамлар хурсанд бўлган эди. Ҳар ҳолда¸ қўшни Нурота туманида ток жуда яхши¸ бизда эса¸ кунига 3-4 соатдан ошмайди. Навоий вилоят ҳокими Эркин Турдимов бу туманни қарамоғига олиб¸ ўрмон хўжаликлари ташкил қилмоқчи. Ҳозирда Нурота туманида 1000 гектардан зиëд ўрмон хўжалиги бор¸ аҳолининг турмуш тарзи яхши. Неча йилдан бери Нурота туманига чегарадош йигирмадан зиëд қишлоқ одамларининг барчаси Нурота туманига ҳавас билан боқишади”¸ деб ëзди Озодликка Қўшработнинг Нуротага туташ ҳудудида яшовчилардан бири.

Айни пайтда¸ Қўшработнинг сақланиб қолиши учун тараддуд бошлаганлардан бири¸ “агар халқ ичида очиқ сўров ўтказса¸ кўпчилик Нуротасигаям Иштихонигаям қўшилмаймиз деб овоз беради. Гарантия бераман. Қўшработга келиб¸ сизларни тугатамиз¸ деганнинг ëқасидан оладиганлар қанча. Халқни нотинч қилишнинг нима кераги бор ҳозир”¸ дейди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

XS
SM
MD
LG