Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:43

Ҳарбий бўлинма олдида ташлаб кетилган сумка Қўқон милициясини оёққа турғизди


Қўқон шаҳри бозори
Қўқон шаҳри бозори

Қўқон шаҳридаги ҳуқуқ-тартибот идораларини оёққа турғизган “портловчи ускуна” Уч Кўприк туманида истиқомат қилувчи йигитга қарашли спорт сумкаси бўлиб чиқди.

Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасидаги зобитнинг Озодликка маълум қилишича, 26 август тонгида Қўқон шаҳридаги ҳарбий бўлинмалардан бири олдида “портловчи ускуна ўрнатилган шубҳали сумка” ташлаб кетилгани ҳақида милицияга келган хабар ортидан ҳуқуқ-тартибот идоралари мазкур ҳудудни ўраб олган.

Милиция зобитининг айтишича, ҳарбий бўлинма жойлашган Қўқон шаҳрининг Янгибозор минтақасига миналардан тозалаш гуруҳи юборилган, транспорт ва пиёдалар ҳаракати тўхтатилган.

Озодлик суҳбатлашган қўқонликлардан бири ҳуқуқ-тартибот идораларининг бу амали одамлар орасида ваҳима уйғотганини айтди.

Мен ишга кетиб турувдим, Навоий (Қўқон марказига борувчи йўл) томонни ёпиб қўйипти. Одам, мошина умуман ўтказилмади. Мелиса ҳаммани ҳайдай бошлади. Ҳамма ваҳимада. Расм, видеога олмоқчи эдим милиса кўриб қолди, олдирмади,” деди у.

Бироқ, гувоҳларга кўра, “оқ скафандрли” миначилар сумка ичидан “портловчи ускуна”ни топа олишмаган.

Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасидаги манбанинг айтишича, спорт сумкаси ичидан сочиқ, кўйлак, оёқ кийими ва пул чиққан.

“Спортивный сумканинг ичидан 1.5 миллион сўм, қозоқларнинг 95 тенгеси, сочиқ, кўйлак ва оёқ кийими чиқди,” деди милиция зобити.

Унинг илова қилишича, соат ўн бирда “оцепление” бекор қилинган, пиёдалар ва автомобиллар ҳаракатига изн берилган.

Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасидаги манбага кўра, ҳозирга келиб спорт сумкасини ҳарбий бўлинма олдида “унутиб қолдирган” шахс аниқланди.

Бу шахс Фарғона вилояти Уч кўприк тумани Полоғон қишлоғида яшовчи Нодир Жўраев бўлиб чиқди.

39 яшар Нодир Жўраев, Озодликнинг ички ишлардаги манбасига кўра, ўзига қарашли спорт сумкасини ҳарбий бўлинма олдида унутиб қолдирган.

Сумка ва унинг ичидаги кийим-кечак ва пулларнинг эгасига қайтарилгани ёки қайтарилмагани Озодликка маълум эмас.

XS
SM
MD
LG