Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:17

Ўзбекистонлик диндор қочқин Россия-Украина чегарасида бедарак йўқолди


Россия аннексия қилган Қримнинг Украинага туташ сарҳади.
Россия аннексия қилган Қримнинг Украинага туташ сарҳади.

Ўзбекистонлик 60 яшар Мурод Каримов, Россияда қочқин мақомини ололмаганидан кейин, Украинага чиқиб кетаётганида йўқолди. Яқинларининг Озодликка билдиришича, Ўзбекистонда диний айбловлар билан қидирувда бўлган Мурод Каримов янги йил арафасида Россия фсбчилари томонидан чегарада тўхтатиб қолинган бўлиши мумкин.

2016 йил 29 декабрида Россия томонидан аннексия қилинган Қрим ярим оролидан Украинага чиқиб кетишга қарор қилган 60 ёшли диний қочқин Мурод Каримов чегарада йўқолиб қолди.

Яқинларининг Озодликка билдиришича, дараксиз кетган Мурод Каримов охирги маротаба чегара назорати пунктидан қўнғироқ қилган:

- Бизга телефон қилдилар. “Чегарадан ўтаяпман, чегарадан Харковга ўтадиган автобусга ўтираяпман”, дедилар. Чегарага борганларига телефон қилдик. “Қилманглар, ҳозир ўтиб олсам ўзим қиламан”, дедилар. Шундан кейин телефон узилди. Бу 29 декабрь куни кечки 5:30 – 6:00 лар эди. Шундан бери телефон ўчирилган, тушиб бўлмаяпти. Кейин йўқолдилар, деб қидирувга бердик-да. Чунки Россияда ушлаб қолинган бўлиши мумкин, деди Мурод Каримовнинг ўғли Мадамин.

Марказий Осиё Инсон ҳуқуқлари ассоциацияси (Франция) 17 январь куни ўзбекистонлик қочқин Мурод Каримовнинг чегарада ғойиб бўлиши масаласида махсус баёнот тарқатди.

Унга кўра¸ Каримов 2010 йилда ўша пайтда Украина таркибида бўлган Қримда қочқинлик мақомини олишга ҳужжат топширган ва БМТнинг Қочқинлар қўмитаси қарорини кутиб ўтирган. Аммо Россия томонидан аннексия қилинганидан кейин, Қрим янги ҳукумати унга “айрим кескин вазиятлар туфайли ҳужжатлари йўқолгани”ни маълум қилган¸ дейилади ассоциация баёнотида.

1957 йилда Қўқон шаҳрида туғилган Мурод Каримов Фарғона вилоят судининг 2002 йилги ҳукми билан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159-1 (Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз), 244-1 (“Диний экстремизм, айирмачилик ва фундаментализм ғоялари акс этган ҳар қандай шаклдаги маълумот ва материалларни тарқатганлик”), 244-2 (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) ва 276 (“Гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни сотиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар”) моддалари асосида айбдор деб топилган ва 12,6 йилга озодликдан маҳрум этилган.

2004 йилда амнистия этилган Мурод Каримов махфий хизматлар босимига бардош бера олмасдан, 2010 йилда Ўзбекистонни тарк этишга қарор қилган.

Мурод Каримовнинг ўғли Мадамин шу вақтдан бошлаб ўз уйлари Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан доимий тинтув қилиб келинганини иддао қилади:

- 2009 йил охирларидан ахтариб келишни бошладилар. “Сабабини билмаймиз – бориши керак”, деб участкавой келиб кетаверди. Бир-иккита ўртоқлари йўқ бўлиб қолди – уларни олиб кетиб қолган. Суд қилди, қандай модда қўйганини ҳам билмаймиз ҳозиргача. Икки ой олдин ҳам келиб тинтиб кетишди. Олдин қамалганларида уйда Қуръон ўқиб ўтиришганида олиб кетишган. Ўшанда, олиб кетганидан кейин, 6 ой хабарлари бўлмади. Икки йил олдин Украинада қочқинликка топширдилар, лекин тўполон бўлиб Қрим Россияга ўтиб кетиб қолди ва ишлари тўхтаб, дадам Қримда қолиб кетдилар, деди Мадаминбек.

Марказий Осиё Инсон ҳуқуқлар aссоциациясига кўра¸ босим остида қолган Каримовлар оиласидан ҳозиргача 10 нафари хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлган. Ташкилот баёнотида ўзбекистонлик диний муҳожир Мурод Каримовнинг Россия томонидан ҳибсда ушлаб тирлгани тахмин қилинди.

Ташкилот “қайси мамлакат юрисдикциясида бўлишидан қатъий назар” қочқин Каримовнинг “фундаментал ҳуқуқлари ва эркинликларини” таъминлашга чақирди.

Охирги вақтларда Тошкент талаби билан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159 ва 244-моддалари асосида қидирувга берилган бир қанча ўзбекистонлик қочқин Россияда ушлангани ва экстрадиция текширувидан ўтаётгани тўғрисида Озодлик хабар берган.

XS
SM
MD
LG