Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:32

OzodDayjest: Армияга юбориш эвазига пора олиб келган мудофаачилар қамалди


Тошкент вилояти мудофаа ишлари бошқармаси тизимида ишладиган порахўрлар қўлга тушди. Хоразмда найранг ишлатмоқчи бўлган туман ҳокими ўринбосари маҳкамага тортилди. Ҳокимликка 4 хонали уйини ихтиёрий топширган оила кўчада қолди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Тошкент вилояти мудофаа ишлари бошқармаси тизимидаги порахўрлар фош этилди

Тошкент вилояти мудофаа ишлари бошқармаси тизимидаги бир қатор порахўр амалдорлар фош этилди (“Даракчи”, 17 август). Пскент тумани мудофаа ишлари бўлимида масъул вазифада ишлаган Уйғун Турсунов армияга жўнатиш эвазига ҳар бир талабгордан 700-800 доллардан пора олиб келган. Шу тариқа у 2014-2015 йилги муддатли ҳарбий хизматга чақирув даврида 40 дан ошиқ ватандошдан 15000 доллар пора олган ва ҳаром луқмани Тошкент вилояти мудофаа ишлари бошқармаси бўлим бошлиғи Х. Бабажанов билан бўлишиб олган. Ангрен шаҳар мудофаа ишлари бўлими чақирув бўлинмаси бошлиғининг ёрдамчиси Х. Назаров ҳам армияга бормоқчи бўлган ўнлаб йигитларнинг ота-онасидан катта миқдорда пора олиб, даромадни бошқарма бўлим бошлиғи Х. Бабажанов билан арра қилган. Қайд этилишича, номи зикр этилган уч нафар порахўр мудофаачи тўрт ярим йилга озодликдан маҳрум этилган. “Булар-ку қўлга тушганлар. Ҳали қўлга тушмаганлар қанча? Ҳар йили ОАВда сара йигитлар сафларга саралаб олинди, деб жар солишни боплаймиз-у, нега бу тизимни ичдан емираётган коррупция ва порахўрликка қарши бир ёқадан бош чиқариб курашмаймиз?” деб ёзади газета.

Хоразмда 8000 долларга сохта хулоса олишга уринган ҳоким ўринбосари судланди

Хоразм вилоятидаги туманда ҳокимнинг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган мансабдор пора эвазига давлатга зарар етказгани боис маҳкамага тортилди (“Ҳуқуқ”, 17 август). Қайд этилишича, туман ҳудудида 40 балл бонитетли контурда намунали уйлар қуриш белгиланган. Исми ошкор этилмаган ҳоким ўринбосари эса шахсий манфаатини кўзлаб, туман марказига яқин бўлган 55 балл бонитетли контурдаги ҳудудда уй қуришни режалаштирган. Ҳоким ўринбосари туман давлат бўлими бошлиғи билан биргаликда балл бонитетини паст қилиб кўрсатиши учун республика идораси мутасаддисига 8000 доллар пора бераётганда ушланган. Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари ва кадастр идораси раҳбари ишдан олингани ва тегишли жазога тортилгани хабар қилинган.

Тошкент ҳокимлигига уйини топширган оила кўчада қолди

Хусусий мулки саналган Сергели туманидаги 4 хонали уйини ўтган йили ўз хоҳишига кўра давлат ихтиёрига топширган Олимжон Раҳимов оиласи кўчада қолди (“Жамият”, 11 август). Мавжуд тартибга кўра, Тошкентда яшовчи ватандош уй-жойини ихтиёрий равишда топширса, унга ер майдони ажратилиши белгиланган. Раҳимовлар оиласи ҳам ер ажратилишига умид қилиб, уйини Тошкент шаҳри ҳокимлигига топширган. Кўп қаватли хонадонга эса Тошкентнинг эски шаҳридаги уйи бузилган оила кўчиб келган. Аммо орадан бир йил ўтса-да, Раҳимовлар оиласини ер билан таъмишлаш масаласи ҳал бўлгани йўқ. Бу масалада оила Президент виртуал қабулхонасига, Ергеодезкадастр давлат қўмитаси раисига мурожаат қилган. Аммо ҳозирча фақат ваъда билан чекланилмоқда. “Айрим мансабдор шахсларнинг ўз манфаатини давлат манфаатидан устун қўйиши, ваколатларини суиистеъмол қилиши натижасида бир йилдирки, фуқаро Олимжон Раҳимов сарсон-саргардон. Унинг биргина “айби” ҳовли-жойи бузилиб, бошпанасиз қолган фуқароларга тўрт хонали уйини топширганидир. Аслида бундай жўмардликни ҳар ким ҳам қила олмайди”, деб ёзади газета.

XS
SM
MD
LG