Линклар

Халқ таълими вазири ўз буйруғи билан “Сўнгги қўнғироқ” тадбирини хонадон, ресторан ва кафеларда ўтказишни қатъиян тақиқлади. Тошкент вилоятида шифокорлар эътиборсизлиги боис журналист аёлнинг ҳомиласи нобуд бўлди. Матбуот “сохта ногирон” тиланчиларни нишонга олди.

________________________________________________________________

Халқ таълими вазири “Сўнгги қўнғироқ”ни ресторанда ўтказишни ман этди

Ўзбекистонда “Сўнгги қўнғироқ” тадбирини хонадонлар, ресторан ва кафеларда ўтказиш қатъиян тақиқланди (“XXI аср”, 18 май). Халқ таълими вазирининг 2017 йил 28 апрелдаги буйруғида ана шу талаб илгари сурилган. Миробод тумани прокуратураси вакили Зарифа Мавлоновага кўра, барча умумтаълим мактаблари раҳбарлари бу борада масъулиятсизликка йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантирилган. Ички ишлар бошқармаси профилактика нозирлари ўз ҳудудидаги кафе ва ресторанларга битирув кечаларини ўтказмаслик борасида огоҳлантириб чиққан. “Ҳамкорликдаги фаолиятимиз самараси ўлароқ, ўтган 2015-2016 ўқув йилида ҳам ҳудудимизда ўқувчиларнинг дабдабали базмлар ўтказишига йўл қўйилмади” дейди прокуратура вакили З.Мавлонова. Бундан ташқари, таълим муассасалари раҳбарлари ва ўқитувчиларга қимматбаҳо совғалар тақдим этиш, ота-оналардан пул йиғиш, тамагирлик ва ортиқча ҳою ҳаваслар ҳам ман этилган.

Шифокорлар эътиборсизлиги сабаб журналист аёл ҳомиласидан айрилди

Тошкент вилояти “Олмалиқ ҳақиқати” газетасида фаолият юритувчи журналист Лобар Жалилованинг ҳомиласи шифокорларнинг эътиборсизлиги боис нобуд бўлди (“Ҳуррият”, 17 май). Учинчи фарзандига ҳомиладор бўлган аёл Олмалиқдаги оилавий поликлиникада юрагини кардиограмма қилдирган ва шифокорлар унга ҳаммаси жойида эканини айтган. Афсуски, орадан уч кун ўтиб у ўзини ёмон ҳис қила бошлаган, аммо унга ёрдам кўрсатиш пайсалга солинган. Журналист аёлнинг ёзишича, давлат поликлиникасида УЗИ ускунаси бўлишига қарамай, уни пулли хизмат кўрсатувчи хусусий клиникага юборишган. Кейин эса у шифокорлар ёзиб берган дорини қидириб Олмалиқдан Тошкентга бориб келишга мажбур бўлган. Охир-оқибат у 16 ҳафталик ҳомиласидан айрилган. “Олмалиқ шаҳридаги шифокорларга нима бўляпти ўзи? Улар қачон халқни рози қилиш, беморларга виждонан хизмат кўрсатишни ўрганишади? Уларга шундай ишлаш учун нима халал беряпти – масъулиятсизликми, ўзибўларчиликми ёки инсофсизлик?!” деб ёзади бошига мусибат тушган журналист аёл Л.Жалилова.

Ишлашга қодир бўлатуриб тиланчилик қилаётганлар танқид остида

Тошкент кўчаларида ўзини туғма ногирон ёки кўзи ожиз қилиб кўрсатаётган, аслида эса етти мучаси соғ кимсалар тиланчилик қилаётгани учрамоқда (“Жамият”, 12 май). Қайд этилишича, дунёнинг айрим мамлакатларида тиланчилик учун жарима солинади, ҳатто жиноий иш қўзғатилади, аммо ўзбек халқи бағрикенг ва саховатли. “Ишлаш, ҳалол меҳнат қилиш учун барча шароитлар муҳайё бўлган ҳозирги замонда киши бу даражада муҳтожликка тушиб қолиши мумкин эмас... Кўча-кўйда жулдур кийим ёки бечораҳол кўринишда йўлимизни тўсиб чиқаётганлар жамиятнинг кўркига доғ солаётган қаноатсиз кимсалардир”, деб ёзади газета.

XS
SM
MD
LG