Линклар

Дайжест: Қашқадарёда ватандош мурожаатига эътиборсиз амалдорлар жазоланди


Қашқадарёда ўнлаб мансабдор ватандошлар мурожаатига беписандлиги боис маъмурий жавобгарликка тортилди. Самарқандда “Агробанк” филиали раҳбари пора билан ушланди. Ўқитувчилар ҳокимиятнинг текин дастёрига айланиб қолгани кескин танқид қилинди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

________________________________________________________________

Қашқадарёда фуқаро мурожаатига беписанд ўнлаб мансабдор жавобгарликка тортилди

Қашқадарё вилоятида маҳаллий бошқарув идораларининг ўнлаб мансабдори фуқаролар мурожаатига беписандлиги боис жазоланди (“Ҳуқуқ”, 18 май). Маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилган амалдорлар орасида ҳокимликлар, соғлиқни сақлаш, қишлоқ ва сув хўжалиги, молия, меҳнат ва архитектура бошқармалари вакиллари бор. Масалан, Қарши шаҳри ҳокими ўринбосари Д.Султонов 15 та мурожаатни белгиланган муддатда кўриб чиқмагани ва мурожаатчиларга ёзма жавоб бермагани учун маъмурий жавобгарликка тортилган. Шунингдек, Чироқчи тумани молия бўлими бошлиғи Н.Бекназаров, Миришкор тумани ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи Т.Маъмуров, Деҳқонобод тумани давлат солиқ инспекцияси бўлим бошлиғи Б.Ибрагимов турли даражада жавобгарликка тортилган. Қайд этилишича, вилоятнинг ички ишлар (31 та ҳолат), солиқ (23 та ҳолат) ва суд ижро идораларида (15 та ҳолат) ҳам мурожаатчиларнинг ҳуқуқлари бузилгани аниқланган.

Кредит эвазига пора талаб қилган банкир қўлга олинди

“Агробанк”нинг Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар филиали раҳбари Ихтиёр Бегматов пора билан қўлга олинди (“Постда”, 13 май). Маълум бўлишича, саккиз кишини иш билан таъминлаган тадбиркор банк филиалига чорва учун кредит сўраб бир неча марта мурожаат қилган. Барча ҳужжатлар тайёр бўлишига қарамай, филиал раҳбари ишни пайсалга солган. Тадбиркор учинчи марта келганида банкир кредит ажратиш эвазига 300 доллар талаб қилган. Филиал раҳбари ушбу суммани пора тариқасида олаётганда қўлга туширилган. Аниқланишича, И.Бегматов аввал ҳам жиноятга қўл ургани боис суд ҳукмига кўра, жорий йил февралдан икки йилга раҳбарлик лавозимлардан четлатилган. Аммо “Агробанк” мансабдорлари суд ҳукмига бўйсунмай И.Бегматовнинг филиал бошлиғи лавозимида ишлашига имкон яратиб берган. Ушбу жиноят юзасидан тергов олиб борилаётгани хабар қилинган.

Матбуот: Ўқитувчи ҳокимиятнинг текин дастёрига айланиб қолди!

Ўзбекистонда ўқитувчиларни ихтиёрий-мажбурий равишда ҳашар ва бошқа жамоат ишларига жалб этиш кўпаймоқда (“Оила даврасида”, 18 май). Аҳвол шу даражага етганки, ўқитувчилар охирги пайтлар ҳокимият ва маҳалланинг текин дастёрига айланиб қолди . Ўқитувчиларга кўра, ҳокимликлар уларни оммавий тозалаш тадбирлари, ҳашарларга ҳатто якшанба кунлари ҳам жалб этмоқда. “Апрель ойида ҳар бир ўқитувчи ўзига бириктирилган маҳаллада уйма-уй юриб, хонадон аъзосидан ҳовлисидаги дарахтларигача ҳисоблаб чиқдик” дейди Тошкент вилоятидаги мактабда инглиз тилида дарс берувчи муаллима. Бундан ташқари, қоғозбозлик ва ҳисоботбозлик ҳам уларнинг тинкасини қуритмоқда. “Якшанба куни камида олти нафар ўқувчининг уйига бориб, ота-онаси ва ўзи билан бирга расмга тушиб, суратни мактабга топширамиз... Камига, мактабларда керагидан ортиқ қоғозбозликка ружу қўйилган... Энди ўзингиз ўйланг, бунақа иш тартибида қандай қилиб эртанги дарсга тайёрланиш мумкин?” деган бошқа бир ўқитувчи.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG