Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:00

Матбуот шарҳи: Парламент оналар ўлими нега ҳамон юқори экани билан қизиқди


Тошкентдаги парламент биноси.
Тошкентдаги парламент биноси.

Ўзбек депутатлари туғруқ вақтида оналар ўлими даражаси нима сабабдан ҳали ҳам юқори экани билан қизиқдилар. Бухорода иш ўрни яратиш борасида қўшиб ёзишларга йўл қўйилган. Сурхондарёда фуқаролар яширинча сандиқда сақлаётган юзлаб қуролини милицияга топширди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

________________________________________________________________

Парламент саволи: Нега туғруқ вақтида оналар ўлими ҳамон юқори?

Ўзбекистонда ҳали ҳам туғруқ вақтида оналар ўлими юқорилигича қолмоқда. Бу кўрсаткич ҳар 100 минг чақалоққа нисбатан 18,5 фоизни ташкил этмоқда (“Жамият”, 14 апрель). Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтган муҳокамалар асносида депутат Нурия Айтжанова нега оналар ўлими юқори бўлиб қолаётгани борасида Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология маркази раҳбарини саволга тутган. “Республикамизда 5,5 миллион нафар 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган қизни тиббий кўрикдан ўтказганимизда, уларнинг 68 фоизида яллиғланиш, 18 фоизида ҳайз цикли бузилиши каби ҳолатлар аниқланди. Бу охир оқибатда турли касалликлар, оналар ўлимининг асосий сабаби бўлган туғруқ, ундан кейинги ҳолатлардаги қон кетишга олиб келмоқда. Шу ёшдаги қизлар тўлалигича, тиббий текширувларга қамраб олинмаган. Шунинг учун ҳам оналар ўлимидаги асосий кўрсаткич биринчи бор она бўлаётганлар ҳисобига тўғри келмоқда”, деган Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекологик маркази раҳбари Дилбар Нажмиддинова.

Бухорода янги иш ўрни яратиш борасида минглаб қўшиб ёзишлар фош этилди

Бухоро вилояти туман ва шаҳарларида янги иш ўринлари яратилгани тўғрисидаги ҳисоботларда қўшиб ёзишларга йўл қўйиб келингани фош этилди (“Ҳуқуқ”, 20 апрель). Бу ҳақда вилоят прокурорининг ўринбосари Комилжон Ҳусанов маълум қилади. Масалан, Бухоро шаҳар ҳокимлиги томонидан ўнлаб ҳолатда иш ўрни борасидаги ҳисобот сохталаштирилган. Ёки Пешку туманидаги тижорат банклари томонидан 951 та ҳақиқатда яратилмаган иш ўрни қўшиб ёзилган. Бу каби ҳолатлар Ғиждувон, Қоравулбозор, Қоракўл туманларида ҳам қайд этилган. 2015-2016 ўқув йилида касб-ҳунар коллежларини тамомлаган 26914 нафар битирувчидан 1586 нафари шартномаларнинг сохталаштирилгани оқибати иш билан таъминланмаган, 1732 нафарининг эса иш билан таъминлангани тўғрисидаги ҳисобот кўрсаткичлари ошириб ёзилган.

Сурхондарёда фуқаролар яширинча сандиқда сақлаётган юзлаб қуролини милицияга топширди

Ўзбекистонда ноқонуний равишда ўқотар қуроллар сақлаётган фуқаролар ҳамон учрамоқда (“Постда”, 15 апрель). Сурхондарё вилоятида ўтказилган “Арсенал” тезкор тадбири давомида 315 нафар милиция ходими ноқонуний қурол сақлаш ҳолатларини ўрганган ва айбдорларга тегишли чоралар кўрган. Тадбир давомида вилоят бўйича аҳоли ўз ихтиёри билан 187 та ўқотар қурол ва тўппонча, 209 дона турли ўқ-дори ва 1 дона “РГД-5” жанговар гранатасини милицияга топширган. Қайд этилишича, қурол-аслаҳани ўз ихтиёри билан топширган фуқароларга қимматбаҳо совғалар топширилган. ИИВ газетасига кўра, фуқароларда қуролни милицияга ихтиёрий топширсак, жиноий жавобгарликка тортиламиз, деган хато қараш шаклланган ва шу боис ноқонуний бўлса-да қурол сақлаб келади. Бу борада ўз ихтиёри билан қуролини топширганлар жазога тортилмаслиги эслатиб ўтилган.

Бухорода тез тиббий ёрдам бўлими 40 йил аввал қурилган абгор бинода хизмат кўрсатмоқда

Бухоро вилояти Қоракўл тумани Дўрмон қишлоғи тез тиббий ёрдам бўлими ўта оғир шароитда фаолият юритмоқда (“Оила даврасида”, 20 апрель). Тез тиббий ёрдам биноси бундан 40 йил аввал ўша давр имкониятлари даражасида ҳаминқадар қурилган, бугунга келиб эса буткул яроқсиз ҳолга келган. Бино томидан доимий чакки, полидан эса зах ўтади, дераза ойналари ҳам синган. Ана шундай мушкул шароитда тез тиббий ёрдам аҳолига бақадриҳол хизмат кўрсатяпти. Яъни тез ёрдам ходимларининг ўзи тез ёрдамга муҳтож. Бундан ташқари, тумандаги йўллар абгор аҳволда бўлгани боис чақирувларга кечикиб бориш ҳоллари кузатилмоқда. “Агар раҳбарлар ташриф буюрадиган бўлса, ҳар қандай йўл, кўча, бино керак бўлса, бир кечадаёқ чиннидай қилиб қўйилади. Раҳбар назари тушмаса, йиллар давомида қаровсиз, аянчли ҳолатда ётавериши мумкин экан”, деб ёзади газета.

XS
SM
MD
LG