Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:40

Покистонда исломчилар ва полиция тўқнашувида 6 одам ўлди (ВИДЕО)


Operation Against Tehreek-e-Labaik
Operation Against Tehreek-e-Labaik

Исломобод четидаги Файзобод туманида намойишга йиғилган исломий партиялар фаоллари ва хавфсизлик кучлари ўртасидаги тўқнашувлар иккинчи кун ҳам тинмади. Хабарларга кўра, 25 ноябрь куни юзага чиққан тўқнашувларда 6 одам ўлган, 200 дан ортиғи жароҳатланган.

Тўқнашувларда камида бир нафар полиция ходими ўлган, 80 дан ошиқ зобит жароҳат олган.

Покистон Ички ишлар вазирлиги 25 ноябрь куни шаҳарда тартиб ўрнатиш учун “зарур миқдорда” сафарбар қилишга мажбур бўлди.

Хабарларга кўра, армия қўшинларига дипломатик маҳаллаларни ва парламент, президент, бош вазир ҳамда ташқи ишлар вазирлиги идораларини ҳимоя қилиш буюрилган.

Полиция ва ҳарбийлаштирилган кучлар намойишчиларнинг Файзобод туманидаги лагерини қуршаб олган бўлса-да, 26-ноябрь куни намойиш бўлиб ўтаётган жойнинг ўзида ҳарбийлар кўринмади.

26 ноябрь куни полиция катта офицери Амир Ниёзий: "Буйруқ олганимиздан кейин, чора кўрамиз. Намойишчилар кеча қилган иш қонунга зид. Улар кучларимизга ҳужум қилишди", деди.

26 ноябрь куни шаҳар кўчаларининг бирида намойишчилар ўт қўйган автомобиль ва уч мотоцикл қолдиқларини кўриш мумкин эди.

Тақрибан 2 минг намойишчи 6 ноябрдан бери лагерни тарк этмаяпти. Намойишчилар Исломобод ва Равалпинди шаҳарларини боғлаб турувчи асосий йўлни тўсиб қўйишган.

26 ноябрь куни намойишчилар сони янада кўпайди. Уларнинг сафига “Теҳрик-е Лабаик” ҳамда “Ё Расуллуллоҳ” партияларининг минглаб аъзоси қўшилган.

Намойишлар Покистоннинг бошқа шаҳарларига ҳам, жумладан, Карочи шаҳрига ҳам тарқалди.

Озодлик радиосининг Машъал радиоси 26 ноябрь куни Исломободнинг Равалпинди билан чегарадош I-8 секторига ҳам етиб боришгани ҳақида хабар берди.

2014 йилда ҳукуматга қарши намойишларга етакчилик қилган диний уламо Тоҳирул Қодрийнинг 26 ноябрь куни Покистонга келиши кутилмоқда. 25 ноябрь куни Қодрий Лаҳор шаҳрида намойишчилар олдида чиқиш қилишни режалаштираётганини билдирган эди.

Бу орада журналистлар намойишларни эфирга узатишни ман этувчи ҳукумат қарори бекор қилинишини талаб қилмоқда.

Пешавар журналистлар иттифоқи етакчиси Сайфул Ислом Сайфий Покистон рамсийларининг мазкур қарори сўз эркинлигини чеклашини таъкидлади.

26 ноябрь куни Машъал радиоси билан суҳбатда Сайфий ҳукуматдан матбуотга эркин хабар беришга йўл очиб беришни талаб қилди.

Бу орада Покистонни телекоми мамлакат аҳолиси тўқнашувлар ҳақида маълумот олишига тўсқинлик қилиш учун Twitter, YouTube, Daliymotion каби сайтларни блоклаган.

Намойишчилар мамлакат Адлия вазири Зоҳид Ҳамид истеъфо беришини талаб қилмоқда. Радикал мусулмонлар Ҳамидни мамлакат сайлов қонунларини ўзгартириш бўйича "шаккокларча парламент лойиҳаси"ни ҳозирлашда айблаб келадилар.

25 ноябрь куни Покистон ҳукумати 8,5 минг полиция ва ҳарбийлаштирилган қўшинларни сафарбар қилишига қарамасдан, намойишчиларни тарқатишга муваффақ бўлмади.

XS
SM
MD
LG