Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:34

Ҳокимлар Бош вазирни саботаж қилмоқдами?


Озодлик мобил мухбирларининг хабар беришича, сўнгги кунларда Ўзбекистоннинг турли вилоятларида ўқитувчи ва шифокорларни пахта теримига яна сафарбар этиш бошланган. Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг 21 сентябрь куни видеослектордаги топшириғидан сўнг, пахта теримида қатншаётган бу соҳа вакиллари ва талабалар зудлик билан ортга қайтарилган эди.

Озодлик олган маълумотларга кўра, душанба куни Ўзбекистонда ёғиб ўтган ёмғирдан сўнг баъзи вилоят ва туман ҳокимлари бюджет ташкилотлари ходимлари, жумладан ўқитувчи ва шифокорларни чекланган ҳолатда пахта теримига сафарбар қилишни бошлаган.

Ҳокимлар Бош вазир қарорини саботаж қилмоқдами?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:56 0:00
Бевосита линк

“Бош вазирнинг қарори раҳбарлар учун бир тийинми?

Қорақалпоғистоннинг Тахиатош туманидан Озодликка ёзган ўқитувчи, Бош вазирнинг ўқитувчиларни пахта теримига жалб қилмаслик ҳақидаги топшириғини маҳаллий раҳбарлар саботаж қилаётгани ҳақида ёзди:

“Бош вазиримизнинг қарори билан пахта теримидан қайтган ва бундан жуда хурсанд бўлган эдик. Лекин Тахиатош туманидаги раҳбарлар бу қарорни бир тийинга олмаганга ўхшайди. Чунки, кеча яна мен ишлаётган 33-мактаб ўқитувчилари пахта теримига жўнатишди”, деб ёзади ўқитувчи.

Самарқанд шаҳридаги поликлиникалардан бирида ишлайдиган шифокорнинг ёзишича, тиббиёт ходимларига пахта теримига чиқиш буюрилган:

“Бугун ҳокимлик ва тиббиёт бирлашмаси вакиллари ҳамма поликлиникаларга бирма-бир кириб чиқиб, духтурларни 15 кунлик пахтага чиқишини эълон қилди. Навбат билан 5-10 кишилик гуруҳ бўлиб чиқар эканмиз”, деб ёзди шифокор.

Бош вазирнинг қарори ҳеч нарсани ўзгартирмади

Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги мактаблардан бирида ишлайдиган ўқитувчи, ҳар йилгидек пахта терими учун ўз ўрнига мардикор ёллашга мажбур эканлиги ҳақида Озодликка айтди:

“Тўғри, биз пахтага чиқмаяпмиз. Лекин ўрнимизга одам ёллаб юборишга мажбурмиз. Ўтган йил ҳам шундай бўлган эди. Ҳеч қандай ўзгариш бўлгани йўқ. Икки ўн беш бир ўттиз. Олган маошимиз одам ёллашга кетади. Ҳозир мардикорни бир кунга 25 минг сўмга ёллаяпмиз. Бошқа иложимиз йўқ”, деди ўқитувчи.

Ҳашарчининг харажати ҳам ўқитувчи бўйнига юкланяпти

Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги 27-умумтаълим мактабидан ишлайдиган ўқитувчининг Озодликка ёзишича, водий туманларидан келтирилаётган ҳашарчиларни иш ҳақи ва озиқ-овқат билан таъминлаш учун ўқитувчилардан пул йиғиб олинган:

“Тошкент вилояти, Қибрай туманидаги 27- мактаб директори ўқитувчилар пахта теримидан қайтарилганига қарамасдан, ҳамма ўқитувчидан 350 минг сўмдан йиғиб олди. Шу кунларда яна 150 минг сўмдан тўлашга мажбур қиляпти. Фаррошлар 200 мингга яқин маош олади, директор эса улардан 400 мингдан талаб қиляпти. Нимаймиш, Қибрай ҳокими шуни талаб қилаётганмиш. Водийдан келган пахта терувчиларга тўлармиш, ҳоким. Лекин, атрофдаги мактабларда бундай ҳангома йўқ”, деб ёзади ўқитувчи.

Сирдарёда мактабларнинг техник ходимлари юз фоиз пахтага ҳайдалди

Сирдарё вилоятининг Оқ олтин туманидаги мактаблардан бирида ишлайдиган ўқитувчининг айтишича, техник ходимларнинг мактабда йўқлиги боис уларнинг ишини бажариш ўқитувчи ва ўқувчиларнинг зиммасига юкланган:

“Мактаблар фаррошсиз, лаборантсиз, электриксиз ва қоровулсиз қолди. Фаррошликни ўқувчилар, қолган ишларни эса ўқитувчилар қиляпти”, дейди ўқитувчи.

Бош вазир кимга гапирган эди?

21 сентябрь куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигида ярим тунда видеоселектор йиғилиши ўтказилгани ва унда 22 сентябрь соат 17:00га қадар пахтага жалб қилинган талабалар, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларини ортга қайтариш бўйича топшириқ берилганлиги ҳақида ҳукумат нашрлари хабар қилган эди.

Бош вазирнинг бу топшириғидан сўнг, дала меҳнатининг барча машаққатли меҳнати бўйинларига юкланган ўқитувчию шифокорлар, айниқса, жуда хурсанд бўлган эди.

Лекин, орадан кўп вақт ўтмай, айниқса, об-ҳаво совий бошлагандан сўнг пахта терими режаси бажарилиши хавф остида қолган вилоят ва туман ҳокимларининг ўқитувчи ва шифокорларни чекланган ҳолатда, ҳеч кимга билдирмай пахтага юбориш ҳолатлари кузатилмоқда.

Озодлик суҳбатлашган ҳокимлик вакиллари, бюджет ташкилоти ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари борлигини мунтазам инкор қилиб келади.

Пахта тераётган ўқитувчию шифокорларнинг айтишларича, улардан бегона одам сўраб қолган тақдирда, таътилда ёки дам олиш куни бўлгани учун, оилавий бюджетини тўлдириш мақсадида ўз ихтиёри билан теримга чиққанлигини айтиш, уқтирилган.

XS
SM
MD
LG