Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:34

Украинада айирмачилар сафида жанг қилган ўзбекистонлик ушланди


Александр Брикин сўроқ давомида
Александр Брикин сўроқ давомида

Украина Хавфсизлик хизмати Донбассда украиналик ҳарбийларни ўққа тутишда иштирок этган ўзбекистонликни қўлга олди. Донецк вилоят прокуратурасига кўра, 20 яшар тошкентлик экани айтилаётган шахс Широкино жангларида гранатомётчи бўлиб хизмат қилган.

Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ) Донбассдаги Широкино қишлоғи атрофида украин аскарларини ўққа тутганликда айбланаётган Ўзбекистон ватандошини ҳибсга олди.

Донецк вилоят прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Татьяна Павленконинг Озодликка билдиришича, Россиядан кириб келган бу шахс тан олинмаган “Донецк Халқ Республикаси” айирмачилари таркибида гранатомётчи бўлиб хизмат қилгани тўғрисида инкор этиб бўлмас маълумотлар олинган.

- Тергов давомида аниқландики, 1996 йилда Тошкентда туғилган, Россиянинг Калуга вилоятида қайдда турган Ўзбекистон ватандоши 2014 йилнинг декабрида “ДНР” террорчи гуруҳлар қаторига ихтиёрий равишда қўшилган. 2014 йилнинг декабридан 2015 йилнинг май ойига қадар 20 ёшли жангари “ДНР” террорчи ташкилотининг Мудофаа вазирлиги таркибидаги 1 ҳарбий корпуси, 9Махсус мотоўқчи полкнинг 1 батальони таркибида гранатомётчи бўлган. Бу бўлинма Донецк вилояти, Новоазов тумани Широкино қишлоғида жойлашган.Рус миллатига мансуб бу шахс ноқонуний ҳарбий тузилмалар таркибида бўла туриб, турли қурол-яроқдан Украина Қуролли кучлари томон отган, деди Татьяна Павленко.

Украина Хавфсизлик хизмати ўзбекистонлик йигитнинг “ВКонтакте” ижтимоий тармоғидаги саҳифасида унинг жангларда бевосита иштирок этганига оид фотосуратлар топилганини билдирди.

СБУнинг расмий сайтида пайдо бўлган видеода ўзини “Брикин Александр Витальевич” деб таништирган йигит 1996 йилнинг 8 августида Ўзбекистонда туғилгани, ДНР ҳарбий қисмлари таркибида “Стрелок” лақаби билан жанг қилганини гапириб бераётганини кўриш мумкин.

Сўроқ давомида у Донбассга келгани сабабларини бундай тушунтириб берди:

- Позивнойим “Стрелок”. Кўрсатилган бўлинмага мен 2014 йилнинг декабрида бир танишим таклифи билан бироз пул ишлаш мақсадида қўшилдим. 2015 йилнинг 25 февралида жанг ҳаракатларида иштирок этиш мақсадида мен ўз ихтиёрим билан юқорида айтилган ҳарбий батальонга ўтказилдим. 1 батальонда мен “Малой” позивнойига эга шахс қўл остида хизмат қилдим, бир неча бор Украинанинг АТО жангчилари билан жанг қилдим. Мен билан бирга бу бўлинмада асосан МДҲдан бўлган турли миллат вакиллари ҳам хизмат қилишди. Мен, шунингдек, Украина паспортига эга бўлиш мақсадида блокпостлардан ўтиб мамлакатга кириб бордим, деди Александр Брикин.

Ўз мурожаати якунида собиқ “днрчи” шерикларини Украина ҳарбийларига қаршилик қилмаслик ва таслим бўлмоққа чақирди.

Ўзбекистонлик Бахтиёр - Северскда айирмачилар сафида бўлган
Ўзбекистонлик Бахтиёр - Северскда айирмачилар сафида бўлган

Аниқланишича, ўзбекистонлик 13 август куни айирмачилар сафидан қочиб, блокпостларни айланиб ўтиб, Мариуполь шаҳрига кириб келганида махсус хизматлар томонидан қўлга туширилган. Унга жиноят содир этганликда гумонланаётгани билдирилган ва ҳозирда эҳтиёт чораси ўлароқ уни ҳибсда сақлаш масаласи ҳал этилмоқда.

Тошкентлик Александр Брикинга қарши Украина Жиноят Кодексининг 258-3 моддаси 1 қисми (террорчилик ташкилотига аъзолик) асосида жиноий иш очилди.

Шавкат Муҳаммад Украина қўшинлари сафида хизмат қилган
Шавкат Муҳаммад Украина қўшинлари сафида хизмат қилган

​Озодлик Украина шарқидаги можарода ҳам россияпараст Луганск ва Донецк республикалари, ҳам Украина мунтазам қўшинлари сафида жанг қилаётган турли миллат вакиллари, жумладан ўзбеклар ва ўзбекистонликлар тўғрисида сўзлаган эди.

Айтиш жойизки, Ўзбекистон ҳукумати ҳам Украина шарқидаги жангларда қатнашган ватандошлари 10 йилгача бўлган муддатга қамоқ жазосига тортилишлари ҳақида огоҳлантирган эди.

Айни пайтда, россияпараст айирмачилар ва Украина ҳарбий қисмлари бошқараётган чегара ҳудудларда отишмалар давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG