Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:35

Жиззахда боғча ўтказган тадбирда уч ёшли бола сувга чўкиб ўлди


Ўзбекистоннинг Жиззах вилояти Дўстлик туман прокуратураси уч ёшли боғча тарбияланувчисининг сувга чўкиб ўлгани юзасидан суриштирув ишларини олиб бормоқда. Ҳодиса шу ой ўрталарида Дўстлик туманининг Манас қишлоғида кучли оқимли лоток ариқда ўтказилган “Нептун” тадбири пайтида рўй берган.

Озодликка маълум бўлишича, Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги “Айчурек” болалар боғчаси “Нептун” байрами муносабати билан 17 август куни болаларни тумандан ўтувчи лотоқ ариққа чўмилтиргани олиб борган.

Йигирмадан зиёд болани орасида бўлган уч ёшли Шаҳбоз Тўйчибоев сувга чўкиб кетган.

Боланинг жасади у чўккан жойдан 700 метр нарида, сув тубидан топилган.

Боланинг ўлимида боғча раҳбариятини айблаган Шаҳбознинг яқинлари прокуратурадан уларни жазога тортишни талаб қилмоқда.

Улар биздан сўрамасдан болаларни чуқурлиги бир ярим-икки метр бўлган кучли оқимли ариққа чўмилтиргани олиб борган. Шаҳбоз сузишни билмасди. Тарбиячилар қарамаган. Кучли сув оқими болани олиб кетган. Биринчидан, сассиқ, лойқа сувли ариқ. Иккинчидан, бу тадбир хавфсизлик қоидаларига ҳам мутлақо зид тарзда ўтказилган. Кучли оқимли ариққа боғча болаларини чўмилтиргани олиб бориб бўладими? У ерда биринчи ёрдам кўрсатувчи ҳамшира ҳам бўлмаган, - дейди Озодлик билан суҳбатда чўкиб кетган боланинг исми сир қолишини истаган қариндошларидан бири.

Озодлик "Айчурек" болалар боғчаси маъмуриятидан Шаҳбоз ўлими бўйича изоҳ ололмади.

Ҳозирда Дўстлик тумани прокуратураси боғча мудираси ва тарбияланувчиларини боланинг ўлимига жавобгар сифатида сўроқ қилмоқда.

Прокуратура мулозимининг айтишича, тергов бола қандай қилиб чуқурлиги бир ярим метр бўлган ариққа оқиб кетган, боғча тарбиячилари нима сабабдан буни вақтида пайқамаган ва ҳалокат олдини олмаган, сузишни билмайдиган болага нега хавфсизлик чамбарагисиз сувга тушишига рухсат берилган ва нега боғча раҳбарияти хавфсизлик қоидаларига зид тарзда оқиб турган ариқда сув тадбири ўтказган, каби саволларга жавоб изламоқда.

Жиззах вилояти Дўстлик тумани прокуратурасидагилар мазкур ҳодиса юзасидан суриштирув ҳануз давом этаётгани ва хулоса чиқаришга эрта эканини айтишди.

XS
SM
MD
LG