Линклар

Сохта табиблар ижтимоий тармоқлар тўрида касал илинтирмоқда


Фарғона вилоят, Марғилон шаҳрида ноқонуний табиблик билан шуғулланган Эрали Шералиев “муолажаси” сабабли бир бемор ўлгани ортидан “табиб” жиноий жавобгарликка тортилди.

"Ҳуқуқ" газетасида чоп қилинган мақолада қайд этилишича, хонаки табиб тери касаллигидан шикоят қилиб келган йигитга нотўғри ташхис қўяди ва унинг баданига қўлбола усулда чўчқа ёғига мўмиё қориштириб тайёрланган “малҳам”ни суртади. Сўнг бемор йигит кун иссиғида целлофан клеёнкага ўралган ҳолатда ётқизиб қўйилади. Бу усулдаги “даволаш” курси 5 кун давом этади. Оқибатда бемор йигит бир неча кундан кейин вафот этади.

Суд тиббий экспертизаси хулосасига кўра, сохта табиблар қўллаган “даволаш” усули беморнинг марказий нерв тизими, қон айланиши, нафас ва модда алмашинувини издан чиқарган, бош мия шишишига олиб келган.

Жорий йилнинг март ойида Бухорода тракторчидан чиққан “кароматгўй” табиб қўлга олиниб иши судга оширилган эди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Озодлик суҳбатлашган мулозими махсус изн олмасдан ва тиббий маълумоти йўқ шахсларнинг “муолажа номи остида фирибгарлик қилишига қарши жиддий чоралар кўрилаëтганлигини” айтди.

Мулозимга кўра¸ махсус лицензияси бўлмаган шахсларнинг матбуотда ўз фаолиятини реклама қилиши чекланган.

- Газетага тиббий муолажа бўйича эълон бермоқчи бўлса лицензия сўралади. Бу соҳада ҳамма нарсани пул ҳал қилади, деган аксиома ишламайди¸ деди мулозим.

Унга кўра¸ одамлар саломатлигини хавф остига қўювчи сохта табиблар фаолиятига қарши кучли назорат мавжуд.

Айни пайтда тиббий маълумотга эга бўлмаган “табиблар” ўз тарғиботини ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегментида фаоллаштиргани кузатилади.

Facebook¸ Однаклассники¸ В контакте каби тармоқларда юздан ортиқ “табиблар” саҳифаси мавжудлигини кўрамиз.

Бу табиблар саратон¸ қандли диабет¸ вирусли гепатит ва аëллар бепуштлиги билан боғлиқ касалликларни “тез ва самарали даволашни” интернетдаги ўз саҳифаларида ваъда қилади.

Эълонларда касаллик номлари грамматик хатолар билан ëзилгани ва бу касалликларнимг профессионал тиббиëтдаги номи қолиб, авом орасидаги номи ëзилгани эътиборни тортади.

Шундай эълонлардан бирида “Сахир”касалини (Қандли диабет назарда тутилган) даволаймиз", дейилади.

Facebook саҳифсидаги “тиббиëт” саҳифаларида бепушт аëлларга дам солиб берадиган имом¸ безгакни даволайдиган азайимхон¸ аëллар жинсий аъзосидан оқадиган қонни дуо билан тўхтатадиган парихонларнинг рекламалари бор.

Жин чиқарувчи “табиб” билан суҳбат

Озодлик мухбири Facebook саҳифасида “Жин чиқариш терапияси билан шуғулланадиган “табиб” билан суҳбатлашди. Суҳбат асносида табибнинг тиббий маълумоти йўқлиги аниқланди.

Ўзини “Фарғона водийсидаги энг дами ўткир табиб", деб атаган суҳбатдош аëллар касалликларини бир қўчқорнинг пулига даволашини айтди:

- Барча касалликларга вужудга кириб олган жинлар сабаб бўлади. Бу жинларни қувалаб чиқариш билан мен шуғулланаман. Агар бемор танасидаги жин тез чиқиб кетса, битта қўчқорни олиб дуо қилиб кетаверамиз. Аммо бемор аҳволи оғир бўлиб жинларни ҳайдаб чиқариш қийинлашса¸ меҳнатимизга ҳақ тўлаш ҳам шунга яраша бўлади¸ деди “табиб”

Суҳбат давомида у ўнлаб касаллар дуо ўқилган сув билан ғусл қилганидан кейин бирпасда тузалиб кетганини иддао қилди.

Мен сиздан шифо топдим..

Озодлик суҳбатлашган Бухоро¸ Хоразм ва Тошкент шаҳридаги беморлар бир вақтнинг ўзида докторга ҳам табибга ҳам борганини айтишди.

Тошкентлик уй бекаси Сабоҳат Аҳмедова ўз касалига доктордан даво топганини айтади:

- Фарзанд кўрмай юрдим. Қайнонам "эскича ҳам қилиб кўринг", деди. Однокласникида бир эълон қўрдим. Нафаси кучли деб ëзишди. Ўша домлани телефонини олиб қатнаб анча пул сарф қилдим. Олти ойча қатнадим кор қилмади. Домла бўлса астойдил ихлос қилмагансан деб мени койиди. Докторга борсам оддий шамоллаш экан. Дори-дармон билан тузалиб мана қўша ўғилнинг онасиман, дейди Аҳмедова.

Тошкент клиникаларидан бирида ишловчи 54 яшар врач Қахрамон Қурбониëзов интернет нашрларидаги юз фоиз даволайман деган эълонлардан узоқда бўлишга чақиради:

- Сиз айтган эълонларни мен ҳам кўрдим. Бу қўштирноқ ичидаги табиблар ҳаттоки медицина даволаш ожиз бўлган касалликларни "даволаймиз" дейишади. Кўп ҳолларда ёрдам берамиз деб, зарар келтириб қўйишади. Марғилонлик сохта табиб Эрали Шералиев химия фанини билмасдан малҳам ясагани учун бир одамни заҳарлаб қўйди. Бемор ўлди. Холбуки бу одамнинг терисига яра тошган экан. Оддий дерматолог врач даволайдиган касаллик эди. Бундай мисоллар кўп¸ дейди врач.

Тошкентлик фаол Фарида Шариф Ўзбекистонда замонавий медидцина таназзулга учраган пайтда “шарлатан табиблар” кўпайганига эътибор қаратади:

- Бу табиблар ўзларини роса реклама қилишади. Уларни “маслаҳатларидан иборат” жуда кўп сайтлар бор. Табиблар врачлардан фарқли равишда ўта оддий ва осон услубни айтиб юз фоиз соғайиб кетишингизга кафолат беради. Врачлар бўлса муолажанинг оғир ва узоқ давом этишини айтишади. Мутахассисларда доимо ҳам эффектив самара бўлмайди. Шу боис одамлар касални “тез тузатадиган” табибга югуради. Интернет орқали ўзини ўқитаëтганлар ҳам бор. Бу аснода касал кучайиб кетади. Врач келганида эса вақт бой берилган бўлади.

Фарида Шариф ижтимоиий тармоқда саҳифа очиб “бепушт аëлларни дам солиб даволайман” деган табиблар ижодидан даҳшатга тушганини айтади:

- Кошмар. Булар мошенниклар. Биласизми одамлар ишонади. Кейин жараëн ўлим билан тугайди. Қанча мисоллар бор. Айниқса, аëллар орасида. Қўшним кўкрак саратонига чалинди. Ўшанақа табиблардан бири 100% даволайман деб пулини шилди. Аҳволи ëмонлашганида врачга оборишди. Энди кеч бўлган эди. Аëл оламдан ўтди¸ дейди Фарида Шариф.

Тошкентлик врач Қахрамон Қурбониëзовга кўра¸ интернетдаги сохта табиблар ўзларига “фалон халқ тиббиëти академиясимиз” деб рутба ясаб олишади:

- Ўша табобат академиясига телефон қилсам¸ ака узр биз академия эмас уюшмамиз. 40 тача табиб қайддан ўтган уюшма деди. Кейин гап орасида "СНБ куратори акахонлигида" ишлаëтганини писанда қилди. Улар табиблардан аъзолик бадали олиб қайддан ўтказиб гувоҳнома беради. Ўзи қадоқлатган гиëҳларни соттиради.Бу ҳудди китобсеварлар ëки марка йиғадиганлар жамиятидек бир гап, дейди врач.

Унга кўра¸ Тошкентдаги табиблар орасида оддий йўнғичқа гербарийсини фойдали гиëҳ¸ водопровод сувини эса Маккадан келтирилган шифобахш “зам-зам” суви дея сотиш кенг тарқалган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG