Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:33

Хивадаги масжидларда овоз кучайтиргичларда азон айтиш яна тақиқланди


Хоразмнинг Хива шаҳридаги масжидларда овоз кучайтиргичлар орқали азон айтиш яна тақиқлаб қўйилди. Бу ҳақда Озодликка хабар қилган бир неча хиваликка кўра, шаҳарнинг қадимий Ичон қалъаси атрофидаги масжид имомларидан шаҳар ҳокимлиги мулозимлари овоз кучайтиргичда азон айтилмаслиги ҳақида тилхат ёздириб олган. Маълум бўлишича, тақиқ жорий этилганига қарийб 20 кун бўлди. Хива ҳокимлиги мулозимлари нима учун масжидларда овоз кучайтиргичлар тақиқланганини изоҳламади.

Хивадаги масжидларда ўтган йилнинг ноябрь ойидан азон овоз кучайтиргичлар орқали чақирила бошлаган эди.

Бир ой ўтиб яна шаҳардаги масжидларда овоз кучайтиргичлар тақиқланган

Хивалик 70 ёшли нафақахўр Отаназар отанинг Озодликка айтишича, 24 декабрдан Хива минораларига ўрнатилган овоз кучайтиргичлардан азон эшитилмай қолган.

- Хивада 24 декабрдан буён овоз кучайтиргич билан азон айтиш тўхтатилди, деб масжидларга ёзиб қўйибди. Шунгача усилителда азон айтилар эди. Бош вазир муовини Очил Раматов Хивага келиб "тўхтатинглар", деб кетибди. Карнай минорани тепасида турган, "нимага минорага овоз кучайтиргич қўйибсан", деб тақиқлабди. "Азонни ичкарида айтинглар", деб кетибди. Бу ерда менга ўхшаган қариялар бор, намозга боришади. Масжиддан 3 километр олисда яшаймиз. Азонни эшитмаяпмиз, - дейди Отаназар ота.

Хивадаги “Саидниёз Шоликор” масжиди имоми Темур мулла Озодлик билан суҳбатда шаҳар прокуратурасидан келиб, ундан ҳам азонни овоз кучайтиргичда айтмаслик ҳақида тилхат олиб кетганини айтди.

- Раматов (Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари) келган, "азонни овоз кучайтиргичда айттирмасин" деб кетибди. Шунинг учун прокуратурадан келиб овоз кучайтиргичдан фодаланмаслик ҳақида тилхат ёздириб кетишди, - деди “Саидниёз Шоликор” масжиди имоми.

Озодлик Хива шаҳар прокуратурасига ҳамда Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари қабулхонасига боғланди, лекин ҳар иккала идора мулозимлари бу ҳақда изоҳ беролмасликларини айтишди.

Хива ҳокимлигида ишловчи мулозимнинг Озодликка айтишича, масжидлардаги овоз кучайтиргичлар чиқарадиган шовқин даражаси бош вазир ўринбосарига ёқмаган.

- Ҳар холда Хивада қадимий обидалар бор. Акустика Хивадаги шу обидаларга шикаст етказиши мумкин, деган хавотирлар бор. Хивани чеккароқ жойларидаги масжидларда азон овоз кучайтиргичларда айтиляпти, - деди ҳокимлик мулозими.

Ўзбекистонинг аввалги президенти Ислом Каримов даврида азон чақириш учун масжидлардан олиб ташланган овоз кучайтиргичлардан Хивадаги масжидларда ўтган йил ноябрь ойида фойдаланиш бошланган эди.

Шу йилнинг 7 январидан эса, Тошкент шаҳрида жойлашган, Ўзбекистондаги энг йирик масжид бўлган "Ҳазрати имом" масжидида мусулмонларни намозга чорловчи азон овоз кучайтиргичлар орқали янграй бошлади.

Ўзбекистон 1998 йилда масжидларда овоз кучайтиргичларни тақиқлаган жаҳондаги биринчи мусулмон давлати бўлган.

Ўтган йил бир гуруҳ мусулмонлар президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат этиб, ушбу чекловни олиб ташлашни сўрашган ва чеклов олиб ташланди.

XS
SM
MD
LG