Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:15

Ўқитувчиларга маош ўрнига жўжа бериляпти


Қорақалпоғистоннинг Нукус туманидаги мактабларнинг ўқитувчиларига маош ўрнига жўжа бериляпти. Бозор нархидан икки баравар қиммат нархда пулланаётган жўжаларнинг эгаси ким эканлиги ҳақида расмийлар маълумот бермаяпти. Ўтган йил ҳам ўқитувчиларга маош ўрнига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари зўрлаб ўтказилган эди.

Нукус туманидаги аксарият мактабларнинг ўқитувчилари нақд пул йўқлиги боис жўжа олишга мажбурланяпти.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган нукуслик манбага кўра, жўжалар ўз нархидан икки баравар қимматга пулланмоқда:

“Кеча ўқитувчи танишимнинг уйига борган эдим. Ҳовлисида бир уюм жўжалар чирқиллаб юрган экан. “Ҳа, оға, товуқ бизнес қилмоқчимисан деб”, деб сўрадим. У эса, “қўйсангчи, мендан бизнесмен чиқармиди, мактабимиздан мажбурлаб маош ўрнига беришди”, деди. Унинг айтишича, агар бозорда бир дона жўжанинг нархи уч минг сўм бўлса, уларга етти минг сўмдан сотилган. 20 та жўжани 140 минг сўмга ўтказишибди, деди нукуслик манба.

Овозини ёзиб олмаслик шарти билан Озодликка гапирган Нукус туманидаги мактаблардан бирида ишлайдиган ўқитувчига кўра, жўжаларни сотиб олиш мажбурий қилиб қўйилган:

“Бундай шарманда ишлар қачон тугайди? Ўтган йили ойликни ўрнига картошка, сабзи, ошқовоқ ўтказишган эди. Бу йил эса инкубатордан энди чиққан жўжаларни тиқиштиришяпти. Агар бизга керак бўлса, шу жўжаларни бозордан анча арзон нархда ўзимиз сотиб олавермизку. Энди, кимнидир ўтмай қолган товарларини бозордан икки баравар қиммат нархда ўқитувчиларга мажбуран ўтказилиши ҳукуматга позор”, деди ўқитувчи.

Нукус тумани халқ таълими бўлими мудири Сапар Қўсназаровни кун давомида топишнинг имкони бўлмади. Халқ таълими бўлимидаги ўзини таништирмаган мулозим, баъзи мактабларга маош ўрнига жўжа тарқатилаётганини тасдиқлади, лекин бу жўжалар кимга тегишли эканини билмаслигини айтди.

Ўзбекистонда нақд пул тақчиллиги, айниқса, кейинги икки йилнинг сурункали касалига айланди. Бу муаммо маош ва пенсияларнинг бир неча ойлаб кечиктирилишига сабаб бўлаётгани кузатилмоқда.

Аввалги йилларда ҳам Ўзбекистонда маош ўрнига лампочка, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бозордан анча қиммат нархда ишчиларга, ўқитувчиларга ўтқазиш ҳолатлари содир бўлган эди.

Жумладан, жорий йилнинг февраль ойида “Ўзбекэнерго” бошқаруви раиси Искандар Басидов буйруғига асосан¸ 66579 нафар хизматчи ҳар ой уч донадан “Ўзбекэнерго” ҳиссадори бўлган икки ширкат ишлаб чиқараëтган LED лампочкасини бозор нархидан қимматга сотиб олиши шарт қилиб қўйилган эди.

XS
SM
MD
LG