Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:21

Давлат "Алп Жамол банк" мижозлари пулини ҳам олиб қўйгани маълум бўлди


Ўзбекистонда 7 йил аввал ёпилган “Алп Жамол банк”нинг ўнлаб мижозлари шу банк ҳисобларида қолган маблағларини ҳалигача ололмай сарсон бўлмоқда. Тошкентдаги исми сир қолишини истаган ҳусусий ширкат эгаларидан бири, Озодлик билан суҳбатда ўзи ва яна ўнлаб тадбиркорларнинг миллиардлаб сўм маблағлари шу банк ҳисобида қолиб кетгани, уларни қайтариб олиш уринишлари эса шу пайтгача натижа бермай келаётганини айтди.

- Банк ёпилганидан сўнг “Алп Жамол банк”нинг барча кўчар ва кўчмас мулкларини, маблағларини ҳамда ҳисобларимиздаги бизнинг маблағларни ҳам қўшиб давлатга ўтказиб юборишган. Етти йилдан бери шу пулимизни қайтариб ололмаяпмиз. Президентга ҳам мурожаат қилдик, натижа бўлмади.- дейди тошкентлик тадбиркор.

2010 йилда Ўзбекистон Марказий банки "Алп Жамол банк" мамлакат банк қонунчилигини бузди, дея унинг лицензиясини бекор қилган, банк раҳбари Муҳиддин Асомиддинов ўшанда Ўзбекистондан қочиб кетган эди.

Марказий банк маълумотига кўра, фаолияти тугатилган пайтда "Алп Жамол банк"нинг активи 118 миллиард сўм ёки қарийб 67 миллион АҚШ долларига тенг бўлган, мижозлари сони эса 115 минг нафарни ташкил этган.

Банк молиявий ҳужжатлари билан яхши таниш эканини айтган тошкентлик тадбиркорнинг Озодликка айтишича, 3000 га яқин тадбиркорнинг банкдаги пули давлат ҳисобига ўтказиб юборилган.

- Уч мингта тадбиркор ёки фирманинг 22 миллиард сўмдан ошиқ пули шу банк ҳисобида қолиб кетди ва давлатга ўтказиб юборилди. Ҳозир биз ўнтача фирма шу пулларимизни қайтариб олишга ҳаракат қиляпмиз. Бошқалар ҳам ҳаракат қиляпти. Шахсан менинг фирмамнинг 80 миллион сўми қолиб кетди. Ўша пайтдаги расмий курс бўйича 70 минг доллардан ошиқ пул бу. Марказий банкка борсак, "маблағлар давлат ҳисобига ўтказилгани ҳақида суд қарор чиқарган, суд қарорини ўзгартирса қайтариб берамиз", дейди. Хуллас, банк ёпилишидан тадбиркорлар анча зарар кўрди, хусусий тадбиркорларга зарба бўлди бу, - дейди исми сир қолишини истаган тошкентлик тадбиркор.

Ҳукм қатъий

Тошкентнинг Олмазор тумани суди 2010 йилнинг июн ойида “Алп Жамол банк”нинг барча кўчар ва кўчмас мол-мулкини давлат фойдасига ўтказиш ҳақида ҳукм чиқарган.

Шу ҳукм асосида банк маблағлари Халқ банки ва Марказий банкка ўтказилган, Тошкентдаги "Версал" тўйхонаси ва "Саёҳат" меҳмонхонаси кимошди савдоси орқали сотилганди.

Ўша пайтда "Алп Жамол банк"ини тугатиш комиссиясининг аъзоси бўлган Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси мулозими Озодлик билан суҳбатда етти йил аввал улар суд қарорини бажаришга мажбур қолганликларини айтди.

- Суд қарорини бажаришга мажбур бўлганмиз. Биласиз, бизда қонун устиворлиги бор. Суд банкни ҳамма маблағлари давлат бюджетига ўтказиб юбориш ҳақида қарор чиқарди, ўшанда биз қарор ижросини бажариб, ҳамма маблағларни бюджетга ўтказиб юборганмиз, - деди комиссия аъзоси.

"Алп Жамол банк" мижози банкдаги ўз ҳисобига пул қўйсаю банк ёпилса ва судни қарори билан банкдаги пули бошқа маблағлар қатори давлат бюджетига ўтказиб юборилса, буни қандай тушиниш мумкин?

Бу саволга "Алп Жамол банк"ни тугатиш комиссиясининг аъзоси шундай жавоб берди: - Биз ижрочимиз. Суд менга мана буни мана бу ерга ўтказ деб қарор берса, ўтказаман, ўтказмасам, мени жиноий жавобгарликка тортади. Шунинг учун бюджетга ўтказиб юборилди. Мижозларнинг пули эгасига қайтарилиши учун суд қарори ўзгариши керак, - деди комиссия аъзоси.

Пул маблағларини қайтариб олишга уринаётган тадбиркорлар Тошкентнинг Олмазор тумани судининг қарорини ўзгартиришни сўраб ўтган йили Тошкент шаҳар ва вилоят судига арз қилишган, лекин Тошкент шаҳар ва вилоят судлари бу қарорни ўзгаришсиз қолдирган.

- Суднинг қарори нотўғри бўлган. Чунки, банк қонунни бузган бўлса, биз бузмаганмиз, бизни ҳеч ким жиноят ишига тортмаган. Шунинг учун биз Тошкент шаҳар судига мурожаат қилдик. 2016 йил декабрида улар кўришди ва ҳукмни ўзгартиришсиз қолдирди. Биз ўйлаяпмизки, ўша пайтда “Алп Жамол”ни балансида ресторан ва меҳмонхоналар бўлган, у нарсалар ҳозир давлат ҳисобига ўтиб кетган. Суд қарори ўзгартирилса уларни ҳам қайтаришига тўғри келиб қолади-да, шунинг учун ўзгартиришмаяпти. Бизни қонуний пулларимиз ҳам мусодара бўлиб кетяпти, - дейди тошкентлик тадбиркор.

Энди тадбиркорлар Ўзбекистон Олий судига арз қилишмоқчи.

Мижозлар ҳуқуқлари бузилган

Тошкентлик ҳуқуқшунос Шуҳрат Қосимов тадбиркорларнинг банкдаги маблағлари банкнинг ноқонуний фаолияти туфайли ёпилгани сабаб давлат ҳисобига ўтказиб юборилишини қонунга зид эканини айтади.

- Мен бу иш билан яхши таниш эмасман. Лекин кўраётганимиз бу холатда мижозларнинг ҳуқуқлари бузиляпти. Мижозларнинг банк ҳисобидаги пули банкнинг мулки эмас, шунинг учун эгаларига қайтариб берилиши керак эди, - дейди тошкентлик юрист.

“Алп Жамол банк” Ўзбекистонда ёпилган ва маблағи давлат ҳисобига ўтказилган ягона ҳусусий тижорат банки эмас.

2005 йилнинг 19 март куни Марказий банк қарори билан ўша пайтдаги йирик хусусий банклардан бири "Бизнес банк" ноқонуний банк амалиëтларини амалга оширганликда айбланиб¸ лицензиядан маҳрум қилинган эди.

Мингдан ошиқ ширкат ва 70 мингдан ошиқ фуқарога хизмат кўрсатиб келган "Бизнес банк"нинг 50 миллион доллардан ошиқ активлари давлат ҳисобига мусодара қилинган эди.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда йўқ қилинган хусусий банклар рўйхатида "Рустам банк" ва "Парвина банк" лар ҳам бор.

XS
SM
MD
LG