Линклар

Шошилинч хабар
29 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:37

Навальний жамоаси Путиннинг янги яхтасига доир суриштирувини эълон қилди


 Graceful яхтасидаги бассейн
Graceful яхтасидаги бассейн

Алексей Навальний жамоаси Россия президенти Владимир Путинга тегишли экани айтилган жуда қиммат яхтага доир суриштирувини эълон қилди. Graceful номли ушбу кеманинг узунлиги 82 метр, нархи эса қарийб 100 миллион долларни ташкил қилади.

Яхтада денгиз суви ва чучук сув тўлдириладиган ҳовузлар, вертолёт майдончаси, спортзал, кинозал, камин ўрнатилган овқатланиш зали мавжуд. Кема қимматбаҳо мебел билан жиҳозланган, ички безаклар сиртига мармар ва зарҳал қопланган. Graceful ҳукумат алоқаси билан таъминланган, экипаж эса Федерал қўриқлаш хизмати (ФҚХ – ФСО) ходимларидан иборат.

Суриштирувчиларга кўра, яхта корпуси Северодвинскдаги “Севмаш” кемасозлик корхонасида қурилиб, техник жиҳозлаш ва пардоз ишлари Ҳамбургдаги Blohm + Voss верфида бажарилган. Graceful 2014 йилда сувга туширилгани айтилмоқда.

Яхта Британия Виргин оролларида рўйхатдан ўтган офшор ширкат номига расмийлаштирилган, ширкатнинг якуний бенефициари эса Путиннинг кўпйиллик дўсти Пётр Колбин ҳисобланади. Геленжикдаги “Путин саройи” теварагидаги узумзорларнинг ҳам расмий соҳибларидан бири Колбин, иккинчиси эса Путиннинг яна бир дўсти Геннадий Тимченко эканлиги маълум.

Суриштирувда айтилишича, яхта 2020 йил декабрда гўёки бошқа мулкдорга – Россиядаги “Аргумент” акциядорлик жамиятига сотилган, аммо ушбу АЖ соҳибларининг исмлари қаттиқ сир тутилади.

Навальний жамоаси, шунингдек, 2022 йилда Graceful яхтаси режали таъмир учун Ҳамбург верфига йўлланганини, бироқ 19 январда верф эгалари таъмирлаш ишлари яна бир йил давом этиши кераклигига қарамай, яхтани дарҳол Россияга жўнатиб юбориш тўғрисида талабнома олишганини аниқлади. Суриштирувчилар фикрича, Россия томони 24 февралда Украинага қарши кенг кўламли уруш бошланганидан сўнг яхта мусодара қилиниши мумкинлигидан хавотир олган.

Навальний сафдошлари Украинага босқин ортидан АҚШ Молия вазирлиги Graceful’ни айнан Путинга алоқадорлиги учун санкциялар рўйхатига тиркаганини урғулашмоқда. Шунга қарамай, Эстония, Италия, Туркия каби мамлакатлар воситачи фирмалар орқали яхта учун жиҳозлар етказиб бериб келяпти.

Навальний Алишер Усмоновга қарши санкция жорий қилишга чақирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:45 0:00

Путин билан боғлиқ кўрилаётган яна бир яхта “Шаҳризода” деб аталади. 140 метрли ушбу кема дунёдаги энг қимматбаҳо (нархи қарийб 700 млн долар) яхталардан биридир. У Путинга қарши санкциялар туфайли 2022 йил майда Италияда хатланиб, АҚШга жўнатилган. “Шаҳризода” расман “Роснефт”нинг собиқ раҳбари Эдуард Худайнатовга тегишли бўлса-да, суриштирувчилар кемадан амалда фақат Россия президенти фойдаланади, деб ҳисоблашади.

Владимир Путин тўлдирган солиқ декларациясида у ойига 850 минг рубл иш ҳақи олиши, шунингдек иккита “Волга”, битта “Нива” автомобиллари ҳамда “Скиф” тиркамасига эгалик қилиши қайд этилган.

Форум

XS
SM
MD
LG