Линклар

Тошкентда "Экстази"га пули етмаган бангилар "Лирика"га ружу қўйди (ВИДЕО)

  • Абдулла Искандар/Озодлик

Тошкентда рецептсиз сотиб олинган "Лирика" таблеткаси

Тошкентлик 22 яшар компьютер муҳандиси Шерзод Озодлик билан суҳбатда енгил кайф берадиган "аптека наркотикларига" ўрганиб қолганини сўзлаб берди. Шерзоднинг айтишича, у Тошкент аптекаларидан ва кўчадан бемалол сотиб олиш мумкин бўлган "Лирика" ёки "Трамадол" дорисини ичиб "кайф қилишга ўрганиб қолган". Озодликнинг Тошкентдаги мобил мухбири ҳеч қандай рецептсиз бу дорини сотиб олди. Мухбирга кўра тошкентлик ўспиринлар орасида, "Лирика" таблеткаси кейинги пайтда оммалашган.

Озодлик "Лирика" га берилган бошқа бир тошкентлик йигит билан ҳам гаплашди. Меъморлик билан шуғулланадиган 27 яшар Баҳодирнинг ишонишича, қиммат наркотик¸ хусусан экстазига пули етмаган ўспиринлар "Лирикани" танламоқда:

-"Лирика"нинг бир таблети 16 минг сўм¸ "экстази"ники эса 40 доллар. Шу фарқ боис кейинги пайтда лирикага қизиқиш кўпайди¸ - дейди енгил кайф берадиган дориларга боғланиб қолган Баҳодир.

Унинг айтишича, "Лирика" ва "Трамадол"ни аптекадан рецептсиз ҳам олса бўлади:

- Эски Россия меҳмонхонаси (Ҳозирги номи Grand Mir) олдидаги аптекага бориб муомаласини қилсангиз беради. "Лирика" бер деб тўғри айтилмайди. Дозасини айтиб¸ опа шундан беринг десангиз, секин берворишади. Поток йўлга қўйилган. Кечқурун эса кўчадаги махсус жойларда турган баригалар (олибсотар)дан сотиб олиш мумкин ¸ дейди Баҳодир

Озодлик мухбири эски Grand Mir рўпарасида жойлашган аптекага телефон қилганида¸ у ерда ишлайдиган сотувчи "Лирика" ва "Трамадол"ни аптекадан рецептсиз олиш имконсизлигини айтди:

- "Лирика" деб, дори қутисига ëзилган аслида бу - Прегабалин. Прегабалин ва Трамадол таркибида метилгексан ва морфий бўлган дорилар қаторида алоҳида назоратда туради. Дори фақат рецепт билан сотилади¸ - дейди сотувчи.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Озодлик суҳбатлашган мулозими "Лирика" дориси ва бошқа таркибида психотроп модда бўлган дорилар кучли назорат остида фақат рецепт билан сотилишини алоҳида таъкидлади.

Бу гапдан кейин Озодлик илтимоси билан Тошкентдаги журналист мулозимларининг бу иддаосини текшириш учун журналистик экспрементни бошлади.

Рецептсиз "Лирика"

Вазирлик мулозими ва аптека ходими "рецептсиз сотиб олиш имконсиз", деб айтган "Лирика" таблеткасини журналист Тошкент маркази яқинида бемалол ҳеч қандай рецептсиз сотиб олганини айтди.

- "Лирика"ни сотиб олиш учун бир соат ҳам кетгани йўқ. Яхши суриштирув, керакли жой ва лирика қўлингизда¸ - деди журналист.

Аввалроқ у Тошкентнинг эски ТошМИ мавзесидаги аптекага ҳам кириб, "Лирика борми?" деб сўраганида сотувчилар сирли табассум билан йўқ¸ дейишган.

Озодлик суҳбатлашган ёшларга кўра, Тошкентда "Лирика" таблеткаси наркоманлар ва енгли кайф овчилари орасида бозоргирдир.

Қора бозор

Ортидан Озодлик Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига қайта боғланиб, Тошкент кўчасида "Лирика" дорисини сотиб олиниши акс этган фототасвирни юборди.

Бунга жавобан мулозим "Кўчада сотилаëтган дорилар учун вазирлик масъул эмас" деди, аммо дорининг қора бозори мавжудлигини эътироф этди.

"Қозоғистон ва Россиядан контрабанда тарзида дори келади. Бу поток учун вазирлик жавобгар эмас. МХХ ва прокуратура текшириши керак. Кўчадан сотиб олинган дорининг ҳам контрабанда деб айтишга асосим бор. Чунки аптекалардаги психотроп моддалар сотуви жиддий назорат қилинади. Қоидани бузган аптекачи энг камида лицензиядан маҳрум бўлади"¸ - деди мулозим.

Тошкентдаги “Таблетка” дорихонаси ходимаси Озодлик билан суҳбатда "Дори сўраб келадиган наркоманларни яхши танишини ва улардан узоқ туришини" таъкидлади:

- Ҳозир "Лирика" дорисини сўраб келадиганлар кўпайди. Олдин рак касалларга бериладиган оғриқни қолдирувчи дориларни сохта рецепт билан олишга уринганларни ҳам кўргандим. Нурофен¸Трамадол ва Тетралгинга ҳам наркоманлар орасида талаб кўп. Оддий аспирин ва преднизон дориси ҳам кўп миқдорда ичилса, галлюцинация юз бериб, одам психикаси ўзгариши мумкин. Шу маънода, биз таркибида морфий бўлган дорилар сотилишини жиддий назорат қиламиз. Лекин, аспирин сотиляпти бемалол. Ëки, масалан, кўзга томизиладиган Тропикамид борку оддий¸ ўшани ҳам ичиб кайф олишяпти. Бу муаммонинг йўқ бўлиши наркоманиянинг йўқ бўлиши билан боғлиқ, - дейди Тошкентдаги“Таблетка” дорихонаси ходимаси.

"Лирика" нима?

Тошкентдаги “Таблетка” дорихонаси ходимаси ўзининг фармацевтика институтида олган билимлари ва иш тажрибасидан келиб чиқиб бу дорига тасниф берди:

- Бу дорини чиққанига ўн йил бўлди. АҚШда ишлаб чиқарилган. Кейинги тўрт йилда Ўзбекистонда оммалашди. "Лирика" бу доррини бренди яъни савдо белгиси. Асли оти прегабалин. Эпилепсия ва мушак тортишиб қолиш (судорги) билан касалланган беморларга врач тавсияси ва рецепти билан сотилади. 17 ëшга тўлмаган ва марказий нерв тизимида муаммоси бўлган шаҳсларга бу дорини истеъмол қилиш мумкин эмас. Ҳомиладор¸ ва бола эмизадиган аëллар ҳамда юрак қон томирларида муаммоси бўлганларга ҳам бу дори мумкин эмас¸ - дейди суҳбатдош.

Тошкентлик руҳшунос Зилола Абдулҳакимованинг айтишича¸ "Лирика" таблеткасига «боғланиб» қолган мижозларнинг бошқа наркоманлардан фарқи оз:

- "Лирика" таблеткасига мубтало бўлганлар¸ ундан чиқиш пайтида бошқа наркозависимийлар каби азобли симптомларга дуч келишади. "Лирика" қабул қилган пайтидаги жунбушга келганини соғиниб яна таблеткага ружуъ қўяди. Рецидив эса уларни яна қайтмас чохга улоқтиради. Улар энди таблеткадан керакли кайфни ола олмай уни алкогол билан омухта қилишга ўтишади ва бутунлай "Лирика"га қарам бўлиб қолишади. "Лирика"га "ўтириб" қолганлар дарҳол врачга ëки наркологик диспансерга мурожаат қилиши керак. Оқибат жуда ëмон бўлиши мумкин. "Лирика" қабул қилган одамдаги пост-симптомлардан бири худкушликка мойилликдир¸ - дейди тошкентлик психолог.

Унинг қатъий ишонч билан айтишича, "Лирика" - наркотик ва бошқа наркотик моддалар каби хатарли".

Ҳикоямиз қаҳрамони бўлган Шерзод лирика таблеткасига қарамликдан чиқиш йўлини мустақил излаëтганини айтади.

- Мана 18 кундан бери лирика қабул қилмаяпман. Бу мен учун рекорд кўрсаткич. Сал довдираб юрибман. Ломка қийнайди. Лекин барибир "Лирика2дан бутунлай қутулиб кетишимга ишонаман¸ - дейди енгил кайф берадиган "аптека наркотикларига" ўрганиб қолган компьютер муҳандиси.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG