Линклар

Мирзиёев Тошкентни туну кун кузатадиган "пекинча тажриба"ни бошлади (ВИДЕО)


Тошкент шаҳар ИИББ Қўриқлаш бошқармаси қошидаги видеокузатув маркази

Президент Мирзиёев Тошкентнинг Юнусобод туманидаги ички ишлар бошқармаси видеокузатув марказида бўлди ва тез орада марказ кенгайиб, фақат шу ишга маъсул махсус бўлинма очилишини айтди. Бундай тажрибани Хитойда кўрганини айтган президент, аҳолини узлуксиз "назоратга тайёрлаш", бу "Тошкентни хавфсиз шаҳар"га айлантириш учун зарурлигини таъкидлади.

Ўзбекистон телевидениеси намойиш қилган лавҳада пойтахтнинг Юнусобод туманидаги видеокузатув маркази ва ундаги пойтахтнинг гавжум жамоат жойларини тун-кун кузатиб турган назорат хоналари кўрсатилди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг Қўриқлаш бошқармаси қошидаги марказни кўздан кечирган президент Вазирлар Маҳкамаси 15 кун ичида ИИВ да махсус бўлинма очиш ҳақида қарор чиқаришини айтди.

- "Тошкент - хавфсиз шаҳар" концепциясини бажарадиган битта тизим қиласиз (ИИВ вазирига қарата - таҳр.) Фақат шу иш билан шуғулланадиган вазирнинг битта ўринбосари бўлади, одамлари билан. Тошкентда 1 сентябр, 2017 йилдан 1 сентябр, 2019 йилгача эксперимент бўлади. Пекинда шундай зўр тизим қилишган, булар бизнинг менталитетимизга яқинроқ. Бу тизимнинг энг катта тарғиботчиси ким бўлади? Ҳар битта маҳалладан биттадан инструктор - маҳаллани одами буларга (ИИВнинг янги бўлинмасига - таҳр.) вакил бўлади. Эртага одамларнинг дунёқараши ўзгаради, "Бизларни назорат қилаяпти", дейди, - деди президент.

Президент Тошкентнинг 505та маҳалласидаги маҳалла раислари ҳамда участка нозирлари учун тез орада замонавий видеокузатув тизими остида ишлаш ва "аҳолини бунга тайёрлашга" қаратилган ўқув курслари ташкил қилинишини айтди.

Шунингдек, Мирзиёевга кўра, Тошкентда икки йил синовдан ўтказиладиган узлуксиз видеокузатув назорати орқали бошқарув тизимига олинадиган кадрлар Тошкент ахборот технологиялари ва Тошкентдаги Инҳа университетида тайёрланади.

15 июл куни президент Мирзиёев Тошкентнинг Юнусобод туманида бўлди ва Бўзсув канали бўйида барпо этиладиган боғ лойиҳаси билан танишди.

"Боғда китоб ўқиш учун махсус жойлар, фавворалар, амфитеатр, кўргазма павильонлари, спорт ва соғломлаштириш зоналари, камончилар ва ҳаваскор балиқчилар клублари ташкил этилади, замонавий аттракционлар ўрнатилади. Шавкат Мирзиёев бу ерни маданият ва маънавият масканига айлантириш, ёшлар, китобхонлар учун барча шароитлар яратиш бўйича кўрсатмалар берди", деб хабар қилди президент матбуот хизмати.

Президент тумандаги Исломобод маҳалласида бўлиб, бу ҳудуддаги Юнусобод компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежида 11 йиллик мактаб таълимини ташкил этиш лойиҳаси тақдимотида қатнашди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, тақдимотда қатнашган ўқитувчилар ва ота-оналар 11 йиллик мактабларга сифатли адабиётлар зарурлиги таъкидлаган.

Шунингдек президент, 3 минг 165 аҳоли истиқомат қиладиган Исломобод маҳалласидаги "Тоҳир ва Шоҳиста Тўлагановлар хонадонида меҳмон бўлди".

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG