Линклар

17 йил сиëсий маҳкум эрини озод қилиш учун курашган Гулсара Маҳмудова вафот этди


Гулсара Маҳмудова (чапдан биринчи) эри Мамадали Маҳмудов қамоқдан уйига қайтган кунни 17 йил кутиб яшади.

Гулсара Маҳмудова (чапдан биринчи) эри Мамадали Маҳмудов қамоқдан уйига қайтган кунни 17 йил кутиб яшади.

Умрининг 17 йилини Каримов қамоғида ўтказган таниқли ëзувчи Мамадали Маҳмудовнинг 17 йиллик ҳаëтини ўз эрини озод қилиш ҳаракатлари ва қамоққа қатнашларга сарфлаган рафиқаси Гулсара Маҳмудова 11 январь куни оғир хасталикдан сўнг вафот этди. Марҳума шу куни Тошкентнинг “Минор” қабристонига дафн этилди.

Гулсара Маҳмудова халқаро майдонда ҳам ëзувчи¸ ҳам Каримов давридаги сиëсий қатағон қурбони сифатида танилган ўзбек ëзувчиси Маҳамадали Маҳмудовнинг яқинларидан бошқаларга кўп ҳам таниш бўлмаган оддийгина аëли эди.

Ҳаëтини ўз эри ижодини қўллаб-қувватлаш ва уч фарзанди тарбиясига бағишлаган уй бекаси Гулсара Маҳмудованинг сўнгги 20 йиллик ҳаëтини таърифлаш учун “сиëсий маҳкумнинг хотини” деган ибора кифоя.

Сиëсий маҳкум аëлининг ҳаëти эса¸ ўз турмуш ўртоғи¸ фарзандлари отасининг кўзи тириклигида қамоқдан чиқиш-чиқмаслигини билмай умид ва умидсизлик оралиғида муаллақ яшамоқ¸ доимий таҳдид ва хўрлик юкини кўтаришга куч топмоқдир.

- Мамадали ака ва унинг оиласи бошига тушганларни кўтариш учун тоғдек сабр-матонат керак. Гулсара опа эри қамалганидан уни озод қиламан деб елиб-югурди. Бу ҳам етмагандек¸ болаларингни қамаймиз¸ зўрлаймиз¸ йўқ қиламиз¸ деган босимларга чидади бу аëл. Биласиз¸ ўзбекларда кимдир қамалса¸ ундан ҳамма ëв чиққандек¸ қочади. Қариндош-уруғ ҳам¸ қўни-қўшни ҳам қамалган одамнинг уйидан оëғини узади. Гулсара опа ҳам ҳамма қийинчиликни якка ўзи тортди. Парадоксни қарангки¸ эри уйига қайтганидан кейин¸ энди кун кўраман деганда¸ юраги дош бермади¸ дейди Гулсара Маҳмудовани яхши билган ëзувчи Ҳамроқул Асқар.

Йиллар давомида халқаро ҳуқуқ ташкилотлари ва мустақил журналистларга кўзида қуримаган ëш билан эрини қамоқдан чиқаришда ëрдам сўраб гапириб келган Гулсара Маҳмудовага¸ 2013 йил апрелида Мамадали Маҳмудовнинг кутилмаганда уйига қайтганини кўриш насиб этди.

Аммо бу воқеадан уч йил ўтар-ўтмас¸ 68 яшар Гулсара опанинг йиллар давомида умидсизлик¸ қайғу ва изтироб¸ қамоқхона эшигидаги хўрлик-ҳақоратлар толиққан юраги уришдан чарчади – у касалхонада юрак хасталигидан жон берди.

- Шу юраги чидамади. Бечора кун кўтмай кетди. Шунча азоб-уқубатлардан кейин юрагим тош бўлиб кетган бўлса ҳам¸ йиғлаб ўтирибман¸ дейди марҳуманинг умр йўлдоши Мамадали Маҳмудов.

1999 йилда Тошкентда юз берган портлашларга алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинган таниқли ёзувчи Мамадали Маҳмудов Ўзбекистон президентини ҳақорат қилганлик, конституциявий тузумга тажовуз қилганлик айблари билан 14 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. Гулсара Маҳмудова эри ҳибсга олинган кундан бошлаб турмуш ўртоғининг айбсизлигини айтиб¸ Ислом Каримов ва ҳукуматини инсофга чақириб яшади.

2008 йил февралида Озодлик билан суҳбатда Гулсара Маҳмудова ”9 февралда 9 йил бўлади. Демак, яна 5 йил қолди. Амнистия билан аллақачон чиқишлари керак эди. Энди умид қилиб ўтирибмиз. Президентимизга инсоф бериб чиқарар.

Ҳурматли президентимиздан турмуш ўртоғим Мамадали Маҳмудовни ҳамма қатори амнистия билан чиқаришни сўрайман. Уйига, бола-чақасининг олдига қайтсин”¸ деб йиғлаган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG