Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:31

Жиззахликлардан 18 йил берилмаган иссиқлик учун пул талаб қилиняпти


Жиззах вилояти ҳокимлиги
Жиззах вилояти ҳокимлиги

18 йилдан буён марказлашган таъминот корхонасидан берилувчи иссиқлик ва иссиқ сувни кўрмаган Жиззах шаҳрининг Заргарлик маҳалласи аҳолисига иссиқлик энергиясидан қарзни узиш бўйича огоҳлантириш хатлари берилди. Кўп қаватли уйлар аҳолиси вакилларининг айтишича, иссиқлик ва иссиқ сув таъминоти бундан 18 йил аввал тўхтатилганидан сўнг, улар уйларидаги иситиш батареяларини чиқариб ташлаган, эски квитанцияларни эса ташлаб юборган.

Жиззах шаҳрининг Заргарлик маҳалласидаги кўп қаватли уйларда яшайдиган аҳоли “Жиззах-Иссиқлик” давлат корхонаси раҳбари Абдуҳамид Тошбулов номидан иссиқлик энергиясига бўлган қарздорликни тўлаш ҳақида огоҳлантириш хати олди.

Иссиқлик энергияси қарзини тўлаш учун огоҳлантириш хати
Иссиқлик энергияси қарзини тўлаш учун огоҳлантириш хати

Бу хатда корхона аҳолини 2011 йил декабрь ойигача фойдаланилган иссиқлик энергияси учун қарзини узиш, акс ҳолда қарз суд ижрочиларининг Жиззах шаҳар бўлими орқали устама фоизи билан ундириб олиш ҳақида огоҳлантиради.

Исми сир қолишини сўраган истеъмолчилардан бири “Жиззах-Иссиқлик” корхонасининг бу мактубидан таажжубга тушганини Озодликка айтди:

“Бизда, Жиззах шаҳрида, иссиқ сувга деб тўлов қоғози келди. Бизнинг домда иссиқ сув, адашмасам, 1999 йилда узилган эди. Орадан 18 йил вақт ўтди. Бир яшар чақалоқ йигит бўлди. Энди лоп этиб, қарздорсан деган хат келиб турибди. Бунга кулишингни ҳам, йиғлашингни ҳам билмайсан”, деди жиззахлик истеъмолчи.

Заргарлик маҳалласининг кўп қаватли 40-уйида яшайдиган бошқа бир истеъмолчи эса, огоҳлантирув хатини кўтариб “Жиззах-Иссиқлик” корхонасига шикоят қилиб боргани, аммо бундан самара бўлмаганини айтди:

“Мен қўшним билан бориб айтдик. Қанақа қарз, қаердан олдинг менинг 500 минг сўм қарз эканлигимни, деб сўрадим. Бир мулозим айтадики, аввал иссиқ сувга ва иситиш мавсумига тўлаган пулларингиз квитанцияларини олиб келинг, текшириб кўрамиз, дейди. “Ҳой, бола, орадан 18 йил ўтиб кетган бўлса, ҳамма иситишдан тамоман умидини узган бўлса, ким сенга квитанция сақлаб ўтиради”, десам, мен билмайман, бўлмаса тўлайсиз, деди. Бир сўм ҳам тўламайман деб, жанжал қилиб келдим ва президентнинг вирутал қабулхонасига ёзиб юбордим”, деди жиззахлик истеъмолчи.

Унинг айтишича, марказий иситиш тизимининг қозонхонаси ишдан чиққанидан кейин, уйларга бир томчи ҳам иссиқ сув берилгани йўқ. Одамлар уйларидаги иситиш батареяларини чиқариб ташлаган ёки металл йиғувчиларга сотиб юборган.

Айни пайтда, одамлар уйларини ва сувни электр ускуналари ёрдамида иситади.

“Жиззах-Иссиқлик” давлат корхонаси раҳбари Абдуҳамид Тошбулов Озодлик билан суҳбатда аҳолига огоҳлантириш хатлари юборилганини тасдиқлади:

- Аҳоли ҳақиқатан норози бўляпти. Шаҳар, вилоят ҳокимига ҳам чиқяпти, виртуалга (Президентнинг виртуал қабулхонаси -таҳр.) ҳам чиқяпти. Биз аҳолига квитанцияларни олиб келинг, акт-сверка қилайлик, деяпмиз. Бу ерда тушунмовчилик шундан бўляпти. Бизда қозонхона ишдан тўхтаганидан сўнг, ҳисоб-китоб бўлмаган. Эски қарздорлик қолиб кетган, уни аҳоли вақтида тўламаган, деди Абдуҳамид Тошбулов.

Корхона раҳбарига кўра, қозонхона ишдан чиққанига 18 йил бўлгани йўқ:

“Биз охирги марта 2012 йилнинг қишида иссиқлик берганмиз. 2013 йил ёзда иссиқ техник сув берганмиз”, дейди корхона раҳбари.

Абдуҳамид Тошбуловнинг айтишича, шу пайтгача ҳам огоҳлантириш хатлари аҳолига бериб келинган:

“Аввал ҳам аҳолига қарзларини узиш ҳақида мактублар жўнатганмиз. Энди ҳокимиятдан ва бошқа жойлардан талаб кучли бўлганидан сўнг, биз яна огоҳлантириш хатлари бердик. Тўғри, ҳозир ҳар куни шу масала муҳокама қилиняпти. Биз яна бир бор айтамиз, келинг, квитанцияларни олиб келинг, солиштириб, текшириб кўрамиз деяпмиз, деди “Жиззах-Иссиқлик” давлат корхонаси раҳбари Абдуҳамид Тошбулов.

Бошлиқ бу муддат ичида аҳолидаги тўлов қоғозларининг йўқ бўлиб кетиш эҳтимолига муносабат билдирмади.

XS
SM
MD
LG