Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:18

Ашраф Ғани Ҳикматёр билан тинчлик сулҳини имзолади


Афғонистон президенти Ашраф Ғани.
Афғонистон президенти Ашраф Ғани.

Афғонистон Президенти Ашраф Ғани Гулбиддин Ҳикматёрнинг "Ҳизби Исломий" гуруҳи билан тузилган тинчлик келишувини расман имзолади. Узоқ йиллар ҳукуматга қарши кураш олиб борган уруш қўмондони АҚШ томонидан "глобал террорчи" дея тамғаланган эди.

Пайшанба кунги имзолаш маросими коалицион ҳукуматнинг ҳокимиятга келганига икки йил тўлган пайтга тўғри келди. Ғани ҳукумати иқтисодий-сиёсий ва хавфсизликка доир муаммоларни ҳал қила олмаётганликда айбланади.

Узоқ йиллар яшириниб юрган Гулбиддин Ҳикматёр Кобулда ўтган маросимда қатнашмади, аммо видеоконференция орқали йиғилганларга мурожаат қилди. Телевидение орқали жонли намойиш пайтида Ашраф Ғани тинчлик битимига миллионлаб афғонлар кўзи олдида имзо чекди.

Ўз нутқида Ҳикматёр афғон ҳукуматини бошқа гуруҳлар, хусусан, Толибон билан ҳам тинчлик музокараларини қайта бошлашга чақирди. Айни пайтда исёнчилардан ҳам урушни тўхтатиб, мулоқотга қўшилишни сўради.

Алоҳида-алоҳида нутқ сўзлаган Президент Ғани ва Бош ижрочи Абдулла келишув асосида барча афғонларнинг конституциявий ҳуқуқлари ҳимояланишини айтди.

Сулҳга кўра, Ҳикматёр тарафдорлари қуролли қаршиликни зудлик билан тўхтатади. Эвазига ҳукумат уларнинг сиёсий ҳуқуқларини бутунлай тиклайди ҳамда гуруҳга АҚШ ва БМТ томонидан қўйилган санкцияларни олиб ташлаш устида ишлайди.

Битим 15 йиллик афғон уруши давомида эришилган биринчи йирик тинчлик сулҳи экани айтилмоқда.

Толибон кураши давом этади

Танқидчилар назарида, мазкур битим Президент Ғанига рамзий ғалабадан бошқа нарса бермайди. Чунки "Ҳизби Исломий"нинг мамлакатдаги таъсири чекланган. Афғонистонда асосий исёнчи гуруҳ Толибон тинчлик мулоқотига қўшилишни истамаяпти.

Шунингдек, Ҳикматёрнинг сулҳ шартларига тўлиқ риоя қилишини кутиш ҳам қийин, дейди кузатувчилар.

"Яқингача бир кун Толибонга, бошқа куни Ал-Қоидага ён босаётган Ҳикматёрнинг бирданига ўзгаришини кутиш қийин. 40 йил олдин бошлаган ҳарбий йўли тугаганини тан олмагунча", - дейди собиқ афғон дипломати Омар Самад.

Бу орада Толибон мамлакат бўйлаб ҳужумларни кучайтирмоқда. Гуруҳ Ҳикматёрнинг Кобул билан музокарага кирганини қоралади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича норозиликлар

Ҳуқуқ фаоллари Ҳикматёрнинг сиёсий ҳаётга қайтишини қораламоқда. Фуқаролар уруши даврида кўплаб тинч аҳоли вакилларининг ўлимида унинг гуруҳи айбланади.

АҚШ Ҳикматёрни 2003 йили "глобал террорчи" деб номлаган эди. У америкаликларга қарши Ал-Қоида билан ҳамкорликда ҳужумлар уюштиргани айтилади.

Аммо ҳозир АҚШ ва БМТ тинчлик сулҳини олқишламоқда. Афғонистон расмийларининг айтишича, халқаро ҳамжамият Ҳикматёрнинг номини халқаро қора рўйхатдан чиқаришга ваъда берган.

Кобулдаги сиёсий кураш

Ғани ва Абдуллоҳнинг қўшма коалицияси бошланганига икки йил тўлиши арафасида томонлар бир-бирини ислоҳотлар йўлини тўсаётганликда айблади.

Ҳар икки етакчи бирга ишлаётганини айтади, аммо ўзаро зиддиятлар мавжудлиги уларнинг мустақил бераётган баёнотларида кўзга ташланади. Кузатувчиларга кўра, агар томонлар келишмовчиликларни ҳал қила олмаса, Афғонистон сиёсий инқирозга юз тутиши мумкин.

2014 йилги баҳсли сайлов кетидан АҚШ воситачилигида Ашраф Ғани ва Абдулла Абдулла ҳокимиятни биргаликда бошқаришга келишиб олган эди. Ғани президентликни қўлга киритган бўлса, Абдулла учун Бош ижрочи деган янги лавозим яратилди.

Келишувга кўра, икки йилдан сўнг қонунчилар Абдуллага бош вазирлик лавозимини бериш масаласини кўриб чиқиши керак эди.

Аммо сайловга оид кутилган ислоҳотлар амалга ошмагач, қонун чиқарувчи органлар учун белгиланган сайлов ўз вақтида ўтказилмади.

Сиёсий ислоҳотлар ўз вақтида амалга оширилмас экан, Абдулла Гул лавозими ва у қабул қилган қарорлар қанчалик қонуний экани ҳақида саволлар чиқмоқда. Аммо етакчилар Лоя Жирға йиғилиши ёки йиғилмаслигидан қатъий назар, ҳозирги коалицион ҳукумат тўлиқ беш йил ишлашини айтмоқда.

"Америка овози"

XS
SM
MD
LG