Линклар

14 декабр 2017, Тошкент вақти: 15:10

Ўзбек миллионери Сурхондаги газ кони акцияларини рус миллиoнерига сотди. Контракт шартлари сир


Ўзбекистондаги иккинчи йирик газ кони саналган конни ўзлаштиришга оид келишув имзолаган россиялик Андрей Филатовнинг Халқаро Шахмат федерацияси вице-президенти сифатида "Ўзбекнефтгаз" компанияси раиси¸ Ўзбекистон шахмат федерацияси собиқ раиси Алишер Султонов билан кўпдан танишлиги айтилади.

Йиллик даромади 1 миллиард АҚШ долларига яқин ERIELL гуруҳи раиси Бахтиëр Фозиловга қарашли ширкат Ўзбекистондаги йирик конлардан бирини ўзлаштиришга ҳақ берувчи акцияларининг ярмини бойлиги қарийб 1 миллиард АҚШ долларига тенг россиялик Андрей Филатовга сотди. Келишув нархи ва шартлари ҳозирча жамоатчиликка ошкор этилмади.

Россиядаги Globaltrans ва Global Ports ширкатлари мулкдори Андрей Филатов ўзбекистонлик Бахтиëр Фозиловга қарашли Altmax Holding Ltd. ширкати акцияларининг 50 фоизини сотиб олди.

Россия матбуотига кўра¸ Фозиловнинг 2015 йил ноябрида Қибрисда рўйхатга олинган Altmax Holding Ltd ширкати Surhan Gas Chemical Operating Companyга қарашли акцияларнинг 75 фоизи эгасидир.

Surhan Gas Chemical Operating Company эса¸ 2015 йили иш бошлаган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конининг бош оператори. Бу конда 100 миллиард кубметрдан ошиқ газ заҳираси борлиги тахмин қилинади. Бу эса¸ Ўзбекистонда икки йилда ўзлаштириладиган газ миқдорига тенг заҳирадир.

Бахтиëр Фозилов ва Андрей Филатов ширкатлари ўртасидаги акциялар савдоси тафсилотлари ¸хусусан¸ кон операторлари таркибининг нима сабабдан ўзгаргани¸ россиялик тадбиркорнинг қайси нарх ва қайси шартлар билан Ўзбекистон газ секторига кирганига оид тафсилотлар жамоатчиликка очиқланмади.

Surhan Gas Chemical Operating Company вакили 1 декабрь куни Озодлик мухбирининг акциялар олди-сотдисига оид тафсилотларга оид саволларини очиқ қолдирди.

Ширкатнинг жамоатчилик билан ишлаш бўлими вакили¸ 20 дақиқадан сўнг боғланишни сўрагач¸ кун давомида қилинган қўнғироқларга бошқа жавоб бермади.

Ўзгариш тафсилотларини ўрганиш мақсадида Озодлик мухбири 1 декабрь куни “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти матбуот хизмати билан боғланди.

Хизмат вакили бу хабарга кўзи тушганини билдирди. Айни пайтда¸ “Мустақилликнинг 25 йиллиги” газ конини ўзлаштириш топширилган компания акцияларининг россиялик Андрей Филатовга сотилгани тафсилотларидан мутлақ бехабарлигини эътироф этди.

“Очиғи¸ бу конни Altmax Holding Ltd. ўзлаштираëтгани¸ энди акциялари ярмини Филатовнинг Brighttree Holding LTD ширкатига сотганини сиздан эшитиб турибман. Иккаласи ҳам хусусий ширкат ва ўзаро акцияларни олиш ëки сотишни уларнинг ўзлари ҳал қилади”¸ деди Озодлик гаплашган “Ўзбекнефтгаз” вакили.

Ширкатнинг бошқа мутасаддиси ҳам¸ бу олди-сотдига “Ўзбекнефтгаз”нинг алоқаси йўқлиги¸ унинг тафсилотларидан ҳам бехабарлигини билдирди.

Ўзбек газининг эгаси ким?

Ўзбекистон конституциясининг 55-моддасига кўра мамлакатдаги “ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий заҳиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир”.

“Ўзбекнефтгаз” компанияси собиқ раҳбарларидан бири Анвар Ҳусаиновнинг Озодликка айтишича¸ конституциянинг айни шу моддаси¸ ҳукуматни бундай олди-сотдиларда давлат ва миллат манфаатлари ҳимоячиси сифатида қатнашишини кафолатлайди.

“Бир хусусий компания иккинчисига ўз акцияларини сотишга ҳақли. Олган одам конда разведка ва топилган газни қазиб олиш ҳаққига эга бўлади. Аммо газнинг эгаси давлат ва халқ. Шунинг учун¸ газнинг қанчаси кимга тегади¸ қанчаси ички бозорга¸ қанчаси экспортга кетади¸ буни давлат “маҳсулотни тақсимлаш бўйича битим” доирасида белгилайди. Ана шу жараëнда “Ўзбекнефтгаз” ва Геология вазирлиги халқ-давлат манфаатини қаттиқ туриб ҳимоя қилиши керак. Аммо бу жараëнга оид маълумот сир тутилади – булар Ўзбекистоннинг барча ер ости бойлигини чек элликларга сотиб юборса ҳам¸ билмай ўтираверамиз. Бундай келишувлар шартини халқ билишга мутлақ ҳақли. Матбуот суриштириши¸ депутатлар сўров юбориши ва бундай олди-бердилар очиқ бўлиши ўта муҳимдир”¸ дейди Анвар Ҳусаинов.

“Коммерсант” газетасининг ëзишича¸ Сурхондарëдаги газ конини ўзлаштириш 2017 йилнинг апрель ойида Шавкат Мирзиëевнинг Москва сафари давомида имзоланилган “маҳсулотни тақсимлаш ҳақидаги битим” доирасида амалга оширилади.

Андрей Филатов вакилининг матбуотга билдиришича¸ умумий қиймати 5 миллиард доллар бўлиши тахмин этилаëтган лойиҳанинг тижорий шартлари бўйича ҳозирча келишув йўқ.

Россиядаги айрим моливий таҳлилчилар¸ Фозилов ва Филатов ширкатлари ўртасидаги савдо қийматининг 100-300 миллион доллар атрофида бўлишини тахмин қилмоқда.

Олган киму¸ сотган ким?

“Мустақилликнинг 25 йиллиги” конининг бош оператори Surhan Gas Chemical Operating Company акцияларининг мулкдори Altmax Holding Ltd эгаси Бахтиëр Фозилов Ўзбекистон газ ва нефт соҳасидаги йирик лойиҳалар ижрочисига айланган ERIELL гуруҳи бошқаруви раисидир.

Тошкент Иқтисодиëт университетининг Халқаро иқтисодий алоқалар йўналишини тугатган 42 яшар Фозилов¸ 2003 йили АҚШда Марказий Осиëдаги нефть ва газ ширкатларига эҳтиëт қисмлари етказиб бериш билан шуғулланган Denmount Commercial LLC ширкатига асос солган. 2004 йилдан бери Фозилов ERIELL гуруҳи бошқаруви раисидир.

Яқинларгача бош қароргоҳи Чехия пойтахти Прагада жойлашган

ERIELL ширкати 1999 йилда таъсис этилган ва 2014 йилги молиявий ҳисоботига кўра¸ ширкатнинг йиллик даромади 784.8 миллион евро (930 миллион АҚШ доллари)ни¸ йиллик ўсиши эса¸ 180 фоизни ташкил қилган.

Ширкат расмий сайтига кўра¸ у Россия федерацияси¸ Марказий ва жанубий Осиë ва Яқин Шарқдаги етакчи нефт-газ компанияларига бурғулаш технологиялари қурилиши ва капитал ремонти соҳасида хизмат кўрсатувчи халқаро гуруҳдир.

2008 йили Россияда фаолиятини бошлаган ERIELL гуруҳи акцияларининг фоизини Газпромбанк сотиб олган¸ 2015 йил декабрида ERIELL бу акцияларининг бир қисмини қайта сотиб олган. Гуруҳ акцияларининг 39.6 фоизи¸ очиқ маълумотларга кўра¸ ҳамон Газпромбанкка тегишли.

Ширкатнинг кейинги йилларда Ўзбекистон нефть ва газ соҳасидаги йирик лойиҳаларни қўлга олаëтгани айтилади.

ERIELL гуруҳининг Москва¸ Прага ва Тошкентдаги идораси вакиллари 1 декабрь куни Озодлик мухбирининг ширкатнинг Ўзбекистон нефть ва газ секторидаги фаолияти¸ хусусан¸ Бахтиëр Фозиловга қаршли ширкатнинг Филатов билан тузган келишувига оид тафсилотлар ҳақидаги саволларига жавоб беришни истамади.

Сурхондарëдаги конни ўзлаштириш ҳаққи берилган оператор акцияларининг ярмини сотиб олган Андрей Филатов эса¸ 2017 йилги Forbes бойлари рўйхатига кўра¸ $950 миллион доллар эгаси.

2014 йилдан бери Россия шахмат федерацияси раиси Андрей Филатов 2013 йил декабридан 2017 йил февралига қадар Ўзбекистон шахмат федерациясини бошқарган Алишер Султонов билан шахматчилар доирасида яхши таниш. Филатов 2014 йил августидан буëн Халқаро шахмат федерацияси вице-президенти ҳам.

Айрим Россия нашрлари¸ ҳозиргача асосан транспортировка соҳасида ишлаб келган Филатовнинг ўзбек газ конларини ўзлаштириш жараëнига қўшилганини “шахмат тахтаси атрофидаги келишув” сифатида баҳоламоқда.

Ўзбекистон шахмат федерацияси собиқ раҳбари Алишер Султонов ҳозирда “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти раисидир.

Озодлик Ўзбекистон нефть ва газ секторидаги муҳим ширкатлар¸ хусусан¸ ERIELL гуруҳи фаолиятига оид журналистик суриштирув олиб бормоқда. Бу гуруҳлар фаолиятига оид маълумотларни Озодликка йўллашингиз мумкин.

Telegram, WhatsApp тармоғидаги рақамларимиз: +420 724 971 539; +420 724 740 755. Электрон почтамиз: ozodlikmail@gmail.com

Озодлик радиоси, агар истасангиз, шахсингиз сир қолишини кафолатлайди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG