Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:52

“Текин" концерт учун ҳашарчилардан пул йиғилмоқда


Қашқадарёнинг Муборак тумани далаларида пахта тераётган шифокорлардан иборат ҳашарчилар гуруҳи “маданий ҳордиқ” баҳонаси билан пул йиғилаётганидан шикоят қилди. Ҳашарчилар ҳар икки кунда берилаётган концертлардан ҳеч ким қониқмаётганини айтиб, даладаги шароитлар ёмонлигидан ҳам нолишди. Мутасаддилар эса имкон даражасида шароитлар яратилганини таъкидлашди.

“Концерт учун ҳар икки кунда пул йиғилади”

Муборак туманининг Гулистон қишлоғи далаларида пахта тераётган Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалининг 400 нафар ишчиси "30-совхоз" ҳудудига жойлаштирилган.

Ҳашарчилар номидан Озодликка йўлланган мактубда бир неча муаммо тилга олинган. Улардан биринчиси, “текин концерт”лар учун ҳашарчилардан пул йиғилаётгани ҳақида:

“Биздан штаб бошлиқлари маданий ҳордиқ (концерт) учун пул йиғиб олишмоқда. Ҳар икки кунда пул йиғишади. 5000 сўмдан”, дейилади ҳашарчилар мактубида.

Шифокор-ҳашарчилардан бири Озодлик билан суҳбатда айтишича, берилаётган концерт дастурларидан ҳеч ким қониқмаяпти:

“Пахтадан кейин кечқурeн бўлади концертлар. Жуда ҳам зерикарли. Ҳеч ким рақсга ҳам тушмайди. Маҳаллий қўшиқчилар. Ўзи ҳашарчиларнинг маданий ҳордиқ олишлари учун далаларда текин концерт берилмайдими? Биздан эса ҳар икки кунда концерт учун пул олишади”, деди исми очиқланмасликни сўраган ҳашарчи.

Муборак туман ҳокимлиги вакилларидан бири ҳашарчи-теримчиларга бериладиган концертлар асосан бепул бўлишини таъкидлади:

“Ҳашарчиларнинг кўнгилли ҳордиқ чиқаришлари учун ҳокимликнинг маданият бўлими ҳодимлари бир қанча дастурлар ишлаб чиқишган. Улар навбати билан ҳашарчилар олдига бориб, концерт дастурлари намойиш қилишади. Фақат пойтахтдан бирор машҳур артист келиб қолса бир-икки сўм пул йиғилиши мумкин. Лекин одатда бунақа концертлар мутлақо текин бўлади”, деди ҳокимлик вакили.

Озодлик Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиали директор ўринбосари Барат Қодиров билан боғланганида, у концертлар учун пул йиғилаётганини тасдиқлади, бироқ бу пуллар ҳашар тарзида йиғилаётганини таъкидлади:

- Ҳар ҳафтада ош қилиб бераяпмиз. Ўзимизнинг докторлар ичида қўшиқ айтадиганлари бор. Кечаги ҳафта ҳам 50 кило ош қилиб, байрам қилиб бердик. Ҳар ҳафта бор. Бу ҳафта ҳам режалаштирилган.

Озодлик: Кимнинг ҳисобидан булар?

- Энди ҳамма ўзи кўнглидан чиқариб беришади. Ҳеч қанақа “сен пул бер” дейилмайди. Кўнгилдан чиқариб, ўша ҳашар учун қилиб берамиз,- деди Барат Қодиров.

Айни пайтда Озодлик билан суҳбатлашган ҳашарчиларнинг айтишича, овқат учун алоҳида пул олинади ва бунинг концерт дастурларига алоқаси йўқ:

“Ҳар куни овқат учун терган пахтамиздан 6300 сўмдан ушлаб қолинади. Лекин пиширган овқатлари бу пулга лойиқ эмас”, деди юқорида гаплашганимиз шифокор-ҳашарчи.

“Ётоқ жойимиздан ҳар куни илон чиқади”

Қаршилик ҳашарчилар мактубида ётоқ жойларидаги шароитлар ёмонлиги ҳам тилга олинади:

“Ҳар куни ётоқ жойимиздан 3-4 та илон чиқади. Жуда кўп сичқон бор. Кўпчилик илонни кўриб, ҳушидан кетиб қолишди. Юраги ушлаб қолди. Кейин докторга кўрсатганмиз”, дейилади ҳашарчилар мактубида.

Барат Қодиров ҳашарчиларнинг ушбу шикоятини инкор қилмади:

- Сичқон-пичқон бўлиши мумкин. Илон ҳам бўлиши мумкин. Илонсиз дала бўладими? Илон бўладида энди. Буни ҳеч инкор этиб бўлмайди. Лекин шароитлари, ётоқлари, неча бориб кўрганман, ҳаммаси жойида лекин, деди Барат Қодиров.

Азиз ҳашарчилар, сиз пахта тераётган жойлардаги вазият қандай? Бу ҳақда Озодликка Telegram ва WhatsAppга +420 727 971 539 рақами орқали йўлланг.

XS
SM
MD
LG