Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:36

Beeline радиочастоталар қайта тақсимланишидан хавотирда


17 май куни Тошкентдаги Халқаро пресс-клубда ўтган матбуот анжуманидан лавҳа.
17 май куни Тошкентдаги Халқаро пресс-клубда ўтган матбуот анжуманидан лавҳа.

Ўзбекистонда радиочастоталарнинг қайта тақсимланиши маҳаллий операторлар хизмат сифатига ёмон таъсир кўрсатиши мумкин. Тошкентдаги Халқаро пресс-клубда чоршанба куни ўтказилган матбуот анжумани чоғида бу хавотир Beeline вакили тилидан янгради.

17 май куни Халқаро пресс-клубда ўтказилган анжуманда Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ҳамда Unitel (Beeline), Coscom (Ucell), Uzmobile ва Universal Mobile Systems (UMS) каби мобил операторлари вакиллари Радиочастоталар бўйича Республика кенгашининг радиочастоталар полосаларини қайта тақсимлаш тўғрисидаги қарори юзасидан изоҳ беришди.

Кенгашнинг 31 март куни чиқарилган қарорига мувофиқ, 900/1800 МГц диапазондаги радиочастота полосаларини GSM стандартида ишлайдиган тўртта мобил оператори ўртасида тенг тақсимлаш кўзда тутилган.

Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи Шерзод Шерматовга кўра, бу чора-тадбир мобил алоқа соҳасида рақобат муҳитини кенгайтириш ва такомиллаштиришга ҳамда операторларга, жумладан, LTE (4G) стандарти хизматларини кўрсатишда тенг имкониятлар тақдим этишга қаратилган.

“LTE қамрови Ўзбекистон аҳоли пунктларида 1 фоиздан ҳам камроқни ташкил қилаётган бўлса нима қилиш керак? Рақобат муҳитини такомиллаштириш керак. Содда қилиб айтганда, катта бир йўл бор, сизнинг учинчи авлодга оид кичик юк машинангиз бор, аммо кимдир йўлнинг муайян қисмини эгаллаб кетаяпти. Сизнинг ортингиздан тўртинчи авлов операторлари кетаяпти, бироқ сиз уларга йўл бермаяпсиз. Агар барча йўллар очиб ташланса, юк машинаси яхши бўлганларнинг ҳаммаси ўтиб кетиши мумкин”, деди вазир Шерматов кечаги анжуманда.

Beeline ширкати ташқи алоқа ва коммуникациялар бўйича директори ва Buzton қўшма корхонаси бош директори Ўраз Абдуразақов Радиочастоталар бўйича Республика кенгаши қарори юзасидан ташвиш билдирди. У тамсил этган ширкат фикрича, мазкур қарор хизмат сифатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

“Биз энг кўп частотага эга бўлганимиз учун спектр биздан олиниб, бошқа уч ширкат фойдасига тақсимланаяпти. Ширкат ичидаги мутахассисларимиз орасида ҳам, штаб-квартирада ҳам қатор саволлар пайдо бўлди. Бу саволлар 9,5 миллион мижозимизнинг “бу вазият сифат ва хизмат кўрсатиш даражасида акс этмасайди” деган қайғусига асосланган”, деди Beeline вакили Абдуразақов.

Ширкат вакилларига кўра, кенгашнинг бу қарори Beeline фаолиятига камида 50 миллион доллар зарар етказади ва у ширкатнинг ўтган йил ўзбек расмийлари билан 2031 йилга қадар имзолаган келишуви бандларини бузишдир.

Шу иддао билан Beeline Радиочастоталар бўйича Республика кенгаши устидан Тошкент шаҳар Хўжалик судига шикоят қилган ва бу шикоятни кўриб чиқиш, Озодликка маълум бўлишича, 23 май кунга белгиланган.

Кенгаш қарорини муҳокама қилиш учун Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида ишчи гуруҳ тузилган. Гуруҳнинг вазир ўринбосари Умиджон Аъламов бошчилигидаги илк мажлиси 16 май куни ўтказилган, кейингиси бугун (18 май) ўтказилиши кутилмоқда.

“Бу гуруҳ доирасида биз йўл харитасини – бу иш қандай амалга ошишини муҳокама қиламиз. Бу вилоятдан вилоятга географик ўтиш бўлади, деган мулоҳаза бор. Вақт етмай қолиши мумкин, бироқ регулятор муддат бўйича муросаи мадорага тайёр эканини билдирмоқда. Эртага йиғиламиз ва тўрт операторнинг ҳаммаси ўз таклифларини тақдим этишади”, деди у.

Анжуманда иштирок этган Ucell вакиласи Камола Икромова Радиочастоталар бўйича Республика кенгашининг қарори тармоқни ҳар бир хонадон, ҳар бир оилага етказиш бўйича операторлар учун “янги имкониятлар” яратади, деган фикрда.

Universal Mobile Systems бош директори Сирожиддин Фахрутдинов эса ўз ширкатининг радиочастоталар қайта тақсимланишига техник жиҳатдан тайёрлигини билдирган.

Uzmobile директори Владимир Кравченко ҳам кенгаш қарори мобил алоқа соҳасида рақобат учун кучли туртки беришини урғулаган.

“Албатта бу айрим ширкатлар учун салбий таъсир қилиши мумкин, бироқ бу чора-тадбирлар рақобатни кучайтириш, мобил алоқа соҳасини ривожлантиришга қаратилганини тўғри тушуниш керак”, деган Кравченко.

XS
SM
MD
LG