Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:03

Арманистон парламент сайловида президент партияси ғалаба қозонди


Арманистон президенти Серж Саркисян овоз бериш участкасида. 2017, 2 апрел.
Арманистон президенти Серж Саркисян овоз бериш участкасида. 2017, 2 апрел.

Арманистонда 2 апрель куни ўтган парламент сайловида, дастлабки расмий маълумотларга қараганда, президент Серж Саркисянга мансуб бўлган Республика партияси 50 фоиздан кўпроқ овоз тўплаган.

Арманистон Марказий сайлов комиссиясининг 3 апрель куни билдиришича, сайлов бюллетенларининг 97 фоизи саналиб бўлганидан кейин, Республика партияси 50,43 фоиз овоз билан етакчилик қилаётгани аниқланган. Иккинчи ўринда эса 28,29 фоиз овоз олган Гагик Царукян бошчилигидаги ўнг-марказ партия бормоқда. Царукян Россия билан алоқаларни яхшилаш тарафдоридир.

Шунингдек, “Арман инқилобий федерацияси” миллатчи партияси ҳам 6,88 фоиз овоз олди ва парламентдан ўрин эгаллаши мумкин.

Республика партияси матбуот котиби Эдуард Чармазанов 3 апрель куни ўтказилган матбуот анжуманида: “Дастлабки сайлов натижаларига кўра, Республика партиясида янги ҳукумат тузиш имконияти жуда катта”, деди.

Президент Серж Саркисяннинг 2 апрель куни мухбирлар олдида қилган чиқишида бундай деди:

“Тинчликдан бебаҳо бирон нарса йўқ. Шунинг учун биз ўз чегараларимизда тинчлик ўрнатиш ва зиддиятларни бартараф этиш учун барча чораларни қўллаймиз”.

Сайлов комиссияси сайловчиларнинг 60,86 фоизи овоз беришда иштирок этганини билдирди.

3 миллион аҳолиси бўлган Арманистон парламентидаги ўринлар учун якшанба куни ўтган сайловда 9 та партия курашди.

Арманистонда мазкур сайлов ортидан парламент бошқарувидаги республика тизими тузилади.

Еревенлик сайловчи Гурген Барикиян 2 апрель куни Reuters агентлиги мухбирига бундай деди:

“Конституция ўзгарганидан кейин, табиийки, сиёсий тузум ҳам ўзгаради. Парламент республикаси тузилади. Бизнинг ҳеч нимадан хабаримиз йўқ: бу тузум қандай бўлади, нимадан иборат бўлади, билмаймиз. Бу дунёда янгилик бўлмаса-да, биз учун янгилик. Ҳар бир мамлакатнинг ўзига хос томонлари бор. Ҳозирча билмаймиз. Биз билган нарса, сўнгги 25 йил давомида президент ҳукмронлигида яшадик”.

Киритилаётган ўзгаришлар Саркисяннинг иккинчи президентлик муддати тугаганидан кейин кучга киради. Танқидчиларнинг таъкидлашича, мазкур ўзгаришлардан мақсад президент ишдан кетганидан кейин ҳам унинг ҳукмрон бўлиб қолишини таъминлашдир.

Саркисян бу айбловларни рад этиб келади. Президент ўз партияси ғалаба қилса, бош вазир ўлароқ фаолиятини давом эттириши мумкинлигини таъкидлади.

Саркисян сиёсий ҳукмронлигини партия етакчиси сифатида ёки ўзи танлаган номзод ёрдамида давом эттириши мумкин.

Парламентда ўрин эгаллаш учун ҳар бир сиёсий партия камида 5 фоиз овоз тўплаши, партиялар бирлашмаси эса камида 7 фоиз овоз тўплаши лозим.

Сайловдан аввал Еревандаги АҚШ элчихонаси Европа Иттифоқи, Германия ҳамда Бирлашлган Қироллик билан биргаликда сайлов кампанияси давомида кузатилган қонунбузарликлар ҳақида расмий билдирув эълон қилган эди.

29 март куни ёйинланган билдирувда дипломатлар “сайловчиларни қўрқитиш, овоз сотиб олиш ҳамда маъмурий ресурслар ёрдамида муайян партияни дастаклаш” ҳолатларидан хабардор эканлиги айтилади.

Сайлов куни Озодлик радиоси арман хизматининг мухбири пойтахт Еревенда овоз сотиб олиш ҳолатларини ўрганаётган пайтида ҳужумга учради.

Бошқа бир журналист аёл ҳам пойтахтда Республика партияси офиси ташқарисида ҳужумга учради.

Арманистон ўтган асрнинг 90-йилларидан бери Тоғли Қорабоғ масаласида Озарбайжон билан уруш ҳолатида бўлиб келмоқда. Аммо сайлов кампанияси давомида аксар номзод партиялар ушбу мавзуни четлаб ўтишга уринди.

XS
SM
MD
LG