Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:39

Афғонистон: АҚШ аскарлари сонини ошириш керак


Афғонистон толиблар ва “Ислом давлати” экстремистик гуруҳи билан яхшироқ курашиш учун АҚШ мамлакатга кўпроқ қўшин юборишини истайди. Бу ҳақда Афғонистон ташқи ишлар вазири Салоҳиддин Раббоний билдирди.

21 март куни Раббоний Афғонистондаги АҚШ армияси генерали Жон Николсоннинг мамлакатга АҚШ ёки коалицияга азъо бошқа давлатлардан бир неча минг қўшимча аскар олиб келиш таклифини қўллади.

Трамп маъмурияти ҳали Николсон шарҳларига расмий муносабат билдиргани йўқ. Ҳозирда Афғонистонда тақрибан 8400 АҚШ аскари бор. Улар асосан терроризмга қарши курашиш ҳамда Афғонистон Миллий армияси малакасини ошириш билан банд. Афғонистондаги тўқнашувлар 16 йилдан бери тинчигани йўқ.

Раббоний ой бошида ҳарбий шифохонага қилинган ҳужумни эслар экан, Афғонистон “ҳарбий камчиликларни” бартараф этиш учун АҚШ ёрдамига муҳтож эканлигини айтди.

“Биз президент Дональд Трамп етакчилигидаги янги маъмурият стратегик ҳамкорликни ҳамда ёрдам кўрсатишни давом эттиради, деб ишонамиз”, деди Раббоний.

Вазир яна: “Олдимизда турган хавфсизлик билан боғлиқ муҳим муаммоларни эътиборга оладиган бўлсак, Николсон чақириғи мақбул қарордир”, деди.

Раббоний Россия Афғонистонда 12 давлат иштирокида конференция ўтказиш ниятида эканлигини билдирди. Бу қудратли давлатлар Афғонистонда ўз таъсирини оширишга уринаётганидан даракдир. Собиқ Совет Иттифоқи 1980 йилларда Афғонистонда муваффақиятсиз уруш олиб борган.

Раббоний АҚШ конференцияга таклиф қилинганини, аммо мамлакат расмийлари унда иштирок этиш-этмаслигини билмаслигини айтди. АҚШ Давлат департаменти ҳали бир қарорга келинмаганини билдирди.

Раббоний мазкур конференция февраль ойида Хитой, Покистон, Афғонистон, Ҳиндистон ҳамда Эрон иштирокида ўтказилган музокараларнинг давоми эканлигини билдирди. Вазирга кўра, музокараларга толиблар чақирилмайди.

Ўтган ойда Николсон Конгрессга кўрсатма берар экан, Россия оммавий равишда толибларни ёқлаб, Афғонистонда АҚШ ва НАТО фаолиятига путур етказишни кўзлаётганини билдирди.

Раббонийнинг айтишича, Россия ҳам, Эрон ҳам толибларни музокара олиб боришга чорлаётганини тасдиқлаган, аммо уларга моддий ёрдам кўрсатаётганини рад этган.

XS
SM
MD
LG