Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:50

Йил якунлари: “Исломий давлат” экстремистик гуруҳи тарихга айланиш арафасида


Бундан 2 йил муқаддам - 2014 йилда 2 эпидемияга оид янгиликлар дунёни ларзага солди. Иккала эпидемия ҳам қонли ва даҳшатли эди. Уларнинг бири 1976 йилда аниқланганидан бери тақрибан 15 минг одамнинг умрига зомин бўлган эбола вируси бўлса, иккинчиси “Исломий давлат” жангарилар гуруҳининг экстремистик мафкурасидир. Эбола қурбонлари қон йўқотиб ўлди. “Исломий давлат” эса ўз қурбонларини чормихга тортди, бошини олди, тириклайин ёқди.

“Исломий давлат” экстремистик гуруҳи қўлида ҳалок бўлганлар сони нисбатан оз. Мэриленд университети ходимлари ҳисоб-китобига кўра, 2002-2013 йилларда “Исломий давлат”га содиқ жангарилар гуруҳлари томонидан 33 мингдан ошиқ одам ўлдирилган. Қиёслаш учун: 2011-2016 йилларда Суриядаги қуролли тўқнашувларда бир миллионга яқин одам ўлган. Уларнинг жуда озчилиги “Исломий давлат” жангарилари томонидан ўлдирилган.

Эбола ўтган йилда одамлар эсидан чиқди. Келгуси йилда оммавий ахборот воситалари “Исломий давлат” ҳақида бошқа хабар бермаслигини кутиш мумкин. Гуруҳ тузган “давлат” бугунга келиб барбод бўлиш арафасида турибди. Йил бошидан буён экстремистлар ўзлари ишғол қилган ҳудуднинг катта қисмини қўлдан бой беришди. Гуруҳ ўз бошқарувида қолган ҳудудни 2017 йил охирига бориб бутунлай йўқотишини ишонч билан айтиш мумкин.

Аммо бу гуруҳ бутунлай йўқ бўлиб кетади, дегани эмас. Мутахассислар Сурия ва Ироқда “Исломий давлат” бошқарувидаги ҳудудларни озод этиш гуруҳ батамом тугатилганини англатмайди, деган фикрда. Бунинг сабабини ўтмишга боқиб англаб олиш мумкин. “Исломий давлат” бундан аввал ҳам ҳарбий жиҳатдан мағлуб бўлган. Ўшанда унинг номи бошқача эди. Аммо гуруҳ орадан вақт ўтиб, яна ўзини кўрсатди.

Майклс Вайс ҳамда Ҳасан Ҳасан ўзларининг “ИШИД: Террор армияси ичида” китобида “Исломий давлат” экстремистик гуруҳининг илдизлари Абу Мусаб ал-Зарқавийга бориб тақалиши ҳақида ёзадилар. Иорданияда туғилган Зарқавий “Ал-Қоида” етакчиси Бин Ладин билан ҳамкорлик қилган. Аммо иккиси ўртасида тафовут бўлган.

Ҳар икки гуруҳ жиҳодчилик мафкурасига амал қилиб келади. Бин Ладин хорижий душманлар, “мустамлакачилар” ҳамда мусулмон бўлмаганлар билан курашишга кўпроқ эътибор қаратган. Зарқавий ва унинг гуруҳи эса, халифат тузиш, мафкуравий покликка эришишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Шунинг учун “Исломий давлат” экстремистик гуруҳи мусулмон бўлмаганлар ёки “нопок” мусулмонларни ўлдириб келади. Бу мақсадга эришиш учун гуруҳ аъзолари асосан терроризмдан фойдаланиб келади.

Сурияда бошланган уруш, Башар Ассаднинг шиа ҳукумати томонидан суннийларнинг нишрнга олинаётгани Зарқавий ғояларини кучайтириб, унинг тарафдорларини рағбатлантирди. Минтақадаги мураккаб вазият “Исломий давлат” экстремистик гуруҳи учун қўл келди. Гуруҳ ўз олдида гавдаланган имкониятдан қандай фойдаланиб келаётгани ҳаммамизга маълум.

“Исломий давлат” яратган "халифат" барбод бўлганидан кейин гуруҳ яна куч тўплашини, яна зарба беришини кутиш мумкин. Аммо бунданда муҳимроғи, “Ал-Қоида” соладиган таҳдид йўқ бўлмайди. “Ал-Қоида” мафкураси ўз кучини йўқотгани йўқ. Мутахассисларнинг фикрича, “Исломий давлат”га қиёслаганда нисбатан мўътадил бўлган “Ал-Қоида” идеологияси ҳозирги кунда ҳам кенг тарқалмоқда. “Ал-Қоида” ўзига хайрихоҳ бўлган одамларни чўчитиб юбормаслик учун “Исломий давлат” қўлланган ваҳший методлардан фойдаланмай келяпти. Шу сабаб “Ал-Қоида” соладиган таҳдид ҳақида унутмаслик керак.

Жеймс Миллер

(Мақоланинг қисқартирилган версияси билан танишдингиз)

XS
SM
MD
LG