Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:41

Портлашлардан Истанбулда 38, Қоҳирада 20 киши нобуд бўлди


Vodafone Arena футбол стадиони яқинида портловчи моддалар ортилган машина портлади. 2016 йил, 10 декабрь.
Vodafone Arena футбол стадиони яқинида портловчи моддалар ортилган машина портлади. 2016 йил, 10 декабрь.

Истанбулдаги Vodafone Arena футбол стадиони яқинида шанба оқшомида амалга оширилган икки портлашда нобуд бўлганлар сони 38 нафарга етди. Ҳужумда яна 166 киши яраланган. Ҳалок бўлганларнинг 27 нафари полиция ходимидир.

Бош вазир ўринбосари Нўмон Куртулмуш 10 декабрь куни кечқурун Истанбулда Vodafone Arena футбол стадиони яқинида портловчи моддалар ортилган машина портлаганини, 45 сониядан кейин биринчи портлаш содир бўлган жойга яқин паркда худкуш шахс ўзини портлатганини билдирди.

Туркия ички ишлар вазири Сулаймон Сўйлуга кўра, мазкур террор ҳужумига алоқадорликда гумон қилиниб, 10 шахс қўлга олинди.

Сўйлу ҳалок бўлганларнинг икки нафари оддий фуқаро, 27 нафари эса полиция ходими эканлигини айтди. Вазир ўрнибосарига кўра, жароҳат олганларнинг 17 нафари операция қилинган, 6 нафарининг аҳволи оғир.

Reuters суратчиси ҳужумда полиция махсус отрядининг бир неча ходими жиддий жароҳат олганини билдирди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон портлашларни полиция ходимлари ва фуқароларга қарши амалга оширилган ҳужум, дея баҳолади. Президент минглаб одам иштирок этган футбол матчи тугаганидан кейин икки соат ўтиб амалга оширилган портлашлардан мақсад иложи борича кўпроқ одамни ўлдириш бўлганини таъкидлади.

Президент эълон қилган билдирувда “Худо хоҳласа, биз бир бутун давлат ва халқ ўлароқ терроризм, террорчи ташкилотлар ... ва улар ортида турган кучларни енгамиз”, дейилади.

Амалга оширилган портлашлар учун масъулиятни ҳозирча ҳеч қандай гуруҳ ўз зиммасига олмади.

Кейинги йилларда Туркияда кечагига ўхшаш ҳужумлар тез-тез содир бўлиб турибди. Жорий йилда Итанбулда ва пойтахт Анқарада бир неча марта террор ҳужуми амалга оширилди. Бу ҳужумларни “Исломий давлат” каби экстремистик гуруҳлар ҳамда курд сепаратчилари амалга ошираётгани айтилади.

НАТО ҳамда “Исломий давлат”га қарши АҚШ етакчилигидаги коалиция аъзоси бўлмиш Туркия август ойида Сурияда “Исломий давлат”га қарши ҳарбий ҳаракатлар бошлаган. Мамлакат жануби-шарқида эса Анқара кучлари курд айирмачилари билан курашиб келади.

Жорий йилнинг июнь ойида уч террорчи Истанбулдаги Отатурк аэрпортига ҳужум қилган, натижада 45 одам нобуд бўлган эди.

Июл ойида эса Туркия муваффақиятсиз давлат тўнтариши уринишини бошидан кечирди. Ўшанда ҳукуматга қарши аскарлар ҳокимиятни эгаллаш илинжида танк ва ҳарбий учоқларни қўлга олди, юзага келган тўқнашувлар давомида 240 яқин одам ҳалок бўлди.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Истанбулдаги ҳужумларни кескин қоралади. Бир неча Европа давлати ҳамда АҚШ Туркияга ҳамдардлик билдирди.

Қоҳира

Миср пойтахти Қоҳира марказидаги Муқаддас Марк православ ибодатхонасида амалга оширилган портлашдан 20 киши нобуд бўлди, 35 киши яраланди.

Портлаш якшанба куни номаълум шахс насроний-коптлар ибодатхонасидаги хоналардан бирига портловчи мослама улоқтиргач содир бўлган.

Коптлар Мисрдаги православ насронийлардир. Маълумотларга қараганда Мисрда 6 млн нафар атрофида копт бўлиб, улар мамлакат аҳолисининг тақрибан 10 фоизини ташкил қилади.

Якшанба кунги портлаш Қоҳирадаги назорат-ўтказиш пунктида содир этилган ва натижада 6 полиция ходимини ҳалок қилганпортлашдан бир кун ўтиб амалга оширилди.

Ҳужум учун масъулиятни Hasm аталмиш гуруҳ ўз зиммасига олди. Бу гуруҳни Миср расмийлари Мусулмон биродарлар ташкилоти билан алоқадорликда гумон қилади.

XS
SM
MD
LG