Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:05

Тошкентлик Шуҳрат Рустамов президентлик сайловини байкот қилишга чақирди


Суратда (чапдан ўнгга): Ҳуқуқ фаоллари Шуҳрат Рустамов, Алиқул Саримсоқов ва Елена Урлаева Олий Мажлис яқинида пикет ўтказмоқда.2015 йилнинг 12 январи.
Суратда (чапдан ўнгга): Ҳуқуқ фаоллари Шуҳрат Рустамов, Алиқул Саримсоқов ва Елена Урлаева Олий Мажлис яқинида пикет ўтказмоқда.2015 йилнинг 12 январи.

Ўзбекистонлик фаол Шуҳрат Рустамов интернет тармоғи орқали эълон қилган “Ўзбекистон халқига мурожаат”ида ватандошларни 4 декабрда ўтадиган президентлик сайловини байкот қилишга чақирди. Фаол фикрича, Мирзиёевни президентликка сайлаш Ислом Каримов ҳукумронлигида 25 йил олиб борилган мустабидлик сиёсатининг давом этишини қўллаб-қувватлаш бўлади.

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов интернет тармоғида 4 декабрда ўтадиган Ўзбекистон президенти сайловини байкот қилиш чақириғини эълон қилиш сабабларини изоҳлар экан, Озодлик радиосига мана буларни айтди:

-Биринчи сабаби, номзодлар орасида халқнинг ғамини ейдиган одамлар йўқ. Буларнинг ҳаммаси шу кунгача диктатурани қўллаб-қувватлаб келган ва бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлайдиган амалдорлардир. Иккинчи сабаб, президентликка номзодлар орасида мухолифат вакилларининг йўқлигидир.

Шуҳрат Рустамов якшанба куни эълон қилган “Ўзбекистон халқига мурожаат” деган чақириқда, жумладан,“Диний ва сиёсий мотивлар билан нохақ қамалганларни зудлик билан озод қилинишини, газ, электр қуввати ва сув таъминотини яхшиланишини, пластик карточкаларни бекор қилинишини ва иш хаққингизни нақд пулда тўланишини... талаб қилинг”, деб айтилади.

Мурожаат давомида “Акс ҳолда жамиятимизда хеч қандай ижобий ўзгариш содир бўлмайди ва сайлов ўтгач яна камида 25 йилга қуллик даврини шахсан ўзингиз бошлаб берасиз”, деган сўзларни ҳам ўқиш мумкин.

Ҳуқуқ фаоли Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда авж олган таъқибларнинг бошида турган, деб ҳисоблашини айтди:

-Шавкат Мирзиёев бош вазир лавозимига сайлангач, тазйиқлар авжига чиқа бошлаган. Унинг фирибгарликларидан бири- ҳукумат идораларининг диний мотивлар билан қамаш тўғрисидаги моддаларнинг қабул қилинишига асос бўладиган қарорларини матбуотда эълон қилмаганидир. Ҳар қандай қарор ва қонун матбуотда эълон қилинганидан сўнг кучга киради. Бироқ Ўзбекистонда қайси диний адабиёт тақиқланган, қандай маърузалар тақиқланган каби қарорлар матбуотда эълон қилинмаган. Агар бу қарор эълон қилинса, минглаб одамлар Мирзиёевни аризалар билан кўмиб ташлайди.

Шавкат Рустамов бундан аввал ҳам 2015 йилнинг 29 мартида Ўзбекистонда ўтадиган президентлик сайловини байкот қилишга чақирган, ҳамда фаоллар Елена Урлаева ва Малоҳат Эшонқулова билан бирга Республика Бош прокурори Рашид Қодировдан Ислом Каримов номзодининг президентликка кўрсатилганини ноқонуний деб топишни талаб қилган эди.

Фаолларнинг эътирофича, байкот эълон қилиш ва бошқа шу каби чақириқлар ўзбек жамоатчилиги орасида кенг қўллов топган эмас. Бироқ бундай ҳаракатлар ўзбек халқи сиёсий маданиятини оширишга ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган даъватдир.

Шу билан бир қаторда Ўзбекистон ичкарисида ва ташқарисида ҳам Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватловчилар кўплигини кўриш мумкин. Ижтимоий тармоқларда “Дети Каримова” ва “Yangi Prezident Yangi Ozbekiston. Shavkat Mirziyoyev uchun ovoz beraman” гуруҳлари ташкил этилган.

Жумладан, ижтимоий тармоқларда Отабек Тошев исмли фойдаланувчи : “Мен айрим манбаларга суяниб, тўла ишонч билан шуни айтаманки,Ўзбекистонда катта воқеа содир бўлди – Самандар Қўқоновни озодликка чиқарилиши Ўзбекистонда эркинлик шабадасини эсаётганини яққол далолатидир”, деб фикр билдирган.

Бахтиёр Хасан исмли фойдаланувчи эса: “Аввало Яратганга Шукур Мана Шундай Инсонни Бизга Етказди- Халкпарвар,Дардкаш ва Тушунган -Колаверса Умидворимиз Тинчлигимиз Гарови...” деб Мирзиёевни мадҳ қилган (кўчирмалар муаллифлар қандай ёзган бўлса ўша ҳолатда, тузатишларсиз берилмоқда-таҳ.).

Ўзбекистон президенти сайлови 4 декабрда ўтказилади.

Ўзбекистон президентлигига номзод сифатида Ўзбекистон Демократик партияси "Миллий тикланиш"дан Сарвар Отамуратов, Либерал-демократик партиядан Шавкат Мирзиёев, Халқ демократик партиясидан Ҳотамжон Кетмонов ва "Адолат" Социал-демократик партиясидан Наримон Умаров рўйхатга олинган.

Халқаро ташкилотлар шу кунгача Ўзбекистонда сайловлар демократик ва адолатли ўтмаганини билдириб келганлар.

XS
SM
MD
LG