Линклар

20 январ 2018, Тошкент вақти: 08:08

Андижонлик йигит икки ёш боласи, хотини ва қайнсинглисини ўлдирганликда айбланяпти

  • Озодлик

Андижон вилояти Хўжаобод туманида истиқомат қиладиган 27 яшар йигит 31 декабрга ўтар кечаси ўз уйида хотини, икки боласи ва қайинсинглисини пичоқлаб ўлдирганликда айбланиб, ҳибсга олинди. Озодликка 11 январь куни маълум бўлган бу воқеа ҳақида хўжаободликлардан бири хабар берди. Айни пайтда қотилликда айбланаётган йигит ички ишлар терговчилари томонидан сўроқ қилинмоқда.

Хўжаобод тумани Хидирши маҳалласида яшайдиган, 27 яшар А.А. 31 декабрга ўтар кечаси олти ойлик чақалоғи, 8 яшар ўғли, 29 яшар хотини Ф.А.ни ва 23 яшар қайнсинглисини ўлдирганликда айбланяпти.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган хўжаободликлардан бирининг айтишича, ҳамма бу воқеадан шокка тушиб қолган:

“Бу йигит булоқбошилик эди. Гоҳ Дамас ҳайдаб, гоҳ бозорда мева-сабзавот сотиб тирикчилик қиларди. Аёл эса хўжаободлик, аввалги турмушидан ажралган ва 8 яшар ўғли бор эди. Ўтган йили у бола ўзидан икки ёш катта бўлган бу аёлга уйланди. Аёл фарзанд кўрди, боласи олти ойлик бўлган эди. Ўша куни уйларида 23 яшар қайнсинглиси ҳам бор экан. У ерда нима гап ўтган, бунисидан хабаримиз йўқ. Эр боллари, хотини ва қайнсинглисини пичоқлаб ўлдириб, газни ёқиб чиқиб кетган экан. Пожар қилмоқчи бўлганми, билмадим. Ўзи қочиб кетган экан”, деди хўжаободликлардан бири.

Андижон вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирида ишлайдиган Озодлик манбаси, шундай воқеа бўлганини тасдиқлади:

“Тезкор тадбир натижасида қотилликда гумонланган А.А. қўлга олинди. Суд уни икки ой ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди. Дастлабки тергов давомида у қотилликни бўйнига олди. Лекин, унинг мотивлари ҳозирча тергов сири. Бу иш билан Андижон вилояти жиноят қидирув бўлими терговчилари шуғулланяпти”, деди манба.

Озодлик боғланган марҳуманинг қўшниларидан бири ҳам А.А. бундай ваҳшиёна қотиллик қилганидан ҳамма таажжубда эканлигини айтди:

“Эру хотин яхши яшарди. Бундай қаттиқ сену менга борадиган жанжал ҳам бўлмаган. Ҳамма ҳайрон, балки энди судда маълум бўлар”, деди қўшни аёл.

Ўзбекистонда содир бўлаётган маиший асосдаги қотилликларнинг айримлари ҳақида Озодлик аввал ҳам хабар берган.

Ўтган йилнинг 25 ноябрига ўтар кечаси Самарқанд вилоят, Пайариқ тумани Чопарошли Бола қишлоғи, Тарақққиёт маҳалласида яшовчи 18 яшар Ш.М. маҳалладоши 21 яшар Ж.С.ни юрагига ўроқ санчиб ўлдирган эди. Вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирининг воқеадан хабардор мулозимининг Озодликка айтишича, қотилликка Ш.М.нинг 16 яшар синглиси ва унинг йигити ўртасидаги ишқий муносабат сабаб бўлган.

1 ноябрга ўтар кечаси Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида халқ орасида "Абдулла долларчи" деб ном чиқарган 34 ёшли тадбиркор пичоқлаб кетилган эди.

2016 йил июнида самарқандлик йигитни буюртма асосида ўлдирган қайнота 12 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

2014 йил сентябрида Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида 14 яшар қизча ўз бобосини пул бермагани учун болта билан чопиб ўлдирган эди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG