Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:06

Ҳуқуқ фаоллари Андижонда ўқитувчилар ўқувчиларни пахтага чиқараётганини хабар қилди


Андижон вилояти Улуғнор туманидаги 13-мактаб ўқувчилари ўқитувчилари назоратида пахтага кетмоқда. 3 ноябрь, 2017 йил.
Андижон вилояти Улуғнор туманидаги 13-мактаб ўқувчилари ўқитувчилари назоратида пахтага кетмоқда. 3 ноябрь, 2017 йил.

Озодликнинг Андижон вилоятида қуйи синф ўқувчилари ҳам пахтага чиқарилаётгани хабари ортидан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Альянс ташкилоти фаоли Елена Урлаева вилоятда бўлиб, у ердаги вазият билан танишиб қайтди. Улуғнор ва Балиқчи туманларида қуйи синф ўқувчиларининг пахта тераётганини суратга туширган ҳуқуқ фаолининг айтишича, болаларни ўқитувчиларнинг ўзлари далага олиб чиқяпти. Озодлик бир ҳафта аввал Балиқчи тумани қуйи синф ўқувчилари пахтага чиқарилгани ҳақида хабар берган эди.

Улуғнор туманида ўқувчилар сўмкалри билан пахта теряпти
Улуғнор туманида ўқувчилар сўмкалри билан пахта теряпти

​Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Альянс ташкилот фаоли Елена Урлаева 3 ноябрь куни Андижон вилоятининг Улуғнор ва Балиқчи туманларида мактаб ўқувчилари пахта теримига чиқарилаётганига ўзи гувоҳ бўлганини Озодликка айтди:

- Озодликнинг Андижонда ўқувчилар пахта теряпти деган хабаридан сўнг мен у ерга бордим. Мен Улуғнор туманидаги 13-мактаб, 3-синф ўқувчиларининг ўқитувчилари ҳамроҳлигида мактабдан чиқиб пахта теримига олиб кетилаётганини ўз кўзим билан кўрдим. Соат 11 эди. Мен уларни пахта даласигача кузатиб бордим. Суратга ҳам туширдим. Ўқувчилар пахта теришни бошлаганда, мен бориб ўқитувчиларига “бу ноқонуний, ўқувчиларни пахтага чиқариш мумкин эмас”, деб бақирдим. Кейин уларнинг ҳаммаси даладан қочиб кетди, дейди ҳуқуқ фаоли.

Ўқитувчиларнинг ўзлари ўқувчиларни пахта теримига олиб кетмоқда
Ўқитувчиларнинг ўзлари ўқувчиларни пахта теримига олиб кетмоқда

​Елена Урлаева бошқа пахта майдонларида ҳам ўқувчиларни кўрганини айтар экан, уларнинг баъзилари дарсга олиб борадиган сўмкаси билан пахта теримига чиққанини айтади:

- Далада пахта қолмаган, чаноқларда бор холос. Болалар кўм-кўк кўсакларни чувиб ҳўл пахтани ажратиб оляпти. Биласизми, кичкина-кичкина болалар зовурдаги омонат ёғоч кўприкдан ўтишади экан, улар йиқилиб кетиши ҳам мумкин эди. Улар билан гаплашсам, ўқитувчилари камида икки-уч кило пахта топиб келишни буюрган экан, дейди Елена Урлаева.

Елена Урлаева пахтага чиқарилган ўқувчи билан
Елена Урлаева пахтага чиқарилган ўқувчи билан

​Озодлик Улуғнор тумани халқ таълими бўлими мудири Султонпошша Аҳмадова билан боғланишга ҳаракат қилди, лекин мудир қўнғироқларга жавоб бермади.

Далада пахта қолмаган бўлса ҳам ўқувчилардан пахта топиб келиш сўраляпти
Далада пахта қолмаган бўлса ҳам ўқувчилардан пахта топиб келиш сўраляпти

Ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева Балиқчи туманида ҳам мактаб ўқувчиларининг теримга чиқарилганига гувоҳ бўлганини айтди:

- Балиқчи туманидаги пахта даласида 1-мактабнинг бешинчи синф ўқувчиларини кўриб суҳбатлашдим. Уларнинг айтишларича, мактаб директори Сайёра Хонкелдиева уларни пахта теришга мажбурлаган. Ўқувчилар камида икки кило пахтасиз дарсга келиши мумкин эмас экан, дейди Елена Урлаева.

Озодлик бир ҳафта аввал Андижон вилоятининг Балиқчи туманида қуйи синф ўқувчилари пахтага чиқарилаётгани ҳақида хабар берган эди.

Балиқчи тумани халқ таълими бўлими мудири Нурхон Ҳамидова Озодлик билан суҳбатда ўқувчиларнинг пахта териб келаётгани акс этган суратларни инкор қилишга ҳаракат қилган эди:

“Шунга ишондиларингми? Энди суратни ҳозир компьютерда ишлаши мумкин, фотошоп қилиши мумкин. Журналистлар энди сизлар шунга ишониб турсаларинг, демак, ҳеч кимга ишониш мумкин эмас эканда”, деди мудира.

Елена Уралева Озодликка тақдим этган суратларда эса мактаб ўқувчиларининг ўқитувчилари назоратида пахта теримига кетаётгани ва болаларнинг сўмкалари билан пахта даласида эканлиги акс этган.

Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов 22 сентябрь куни вилоят ҳокимлигида ўтказилган мажлисда мактаб ва коллеж ўқитувчилари, ўқувчи ва талабалари ҳамда тиббиёт ходимларининг дала меҳнатига жалб этилиши жиноят экани, бундай ҳол аниқланган тақдирда ходимларни далага чиқарган раҳбарлар нафақат лавозимидан айрилиши, балки жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирган эди.

“Бугундан бошлаб Андижон вилояти бўйича, чунки мен Андижон бўйича жавоб бераман, 18 ёшга тўлмаган фуқаро, бюджет ташкилоти ходимлари, асосан мактаб ўқитувчилари, ўқувчилари, ходимлари, тиббиёт ходимлари, врачлар, ҳамширалар, коллеж ходимлари, ўқитувчилари, ўқувчилари, шуларни бирортаси далага чиқиши бу жиноят. Ва олий ўқув юрти талабалари ва ўқитувчилари ҳам бунга киради. Қайси туманда, қайси секторда мана шу тоифа одамлар пахта териб юргани аниқланса раҳбарига нисбатан нафақат лавозимидан кетиш балки жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантираман”, - деган эди Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов.

Озодлик шу пайтгача Андижон вилоятида ўқитувчи ва шифокорларнинг пахта теримига мажбуран жалб этилаётгани ҳақида ўнлаб мақола чоп қилган бўлса ҳам, бироқ шу пайтгача бирор амалдорнинг жиноий жавобгарликка тортилгани ҳақида хабар олгани йўқ.

XS
SM
MD
LG