Линклар

Reuters: Путинга алоқадор илмий марказ АҚШ сайловига таъсир ўтказиш режасини тузган


Reuters Кремлнинг АҚШ сайловларига Трамп фойдасига дахл қилиш режаси бўлганини таъкидламоқда.

Reuters агентлигининг хабар беришича, Россия ҳукуматига тегишли, ходимлари собиқ разведкачилардан иборат бўлган илмий марказ ўтган йилдаги АҚШ президентлик сайловлари натижасига таъсир ўтказиш режасини тузиб чиққан.

19 апрель куни эълон қилинган ҳисобот исми ошкор қилинмаган уч амалдаги ва тўрт собиқ АҚШ расмийси берган маълумотларга таяниб ёзилган.

Ҳисоботга кўра, расмийлар Москвада жойлашган Россия cтратегик тадқиқотлар институти тайёрлаган, кейинчалик АҚШ разведкаси қўлига тушган икки махфий ҳужжат ҳақида сўзлаб беришган.

Ҳужжатларнинг бири стратегик режа бўлиб, у 2016 йил июнида ёзилган ва Россия ҳукуматининг энг юқори лавозимли расмийларига тақдим этилган. Ҳужжат Кремлни Интернет ва телевидениеда америкаликларни Россияга яхшироқ муносабатда бўладиган номзодни қўллаб овоз беришга чорловчи тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришга чақирган.

2016 йил октябрь ойида ёзилган иккинчи ҳужжат эса Демократлар партияси номзоди Ҳиллари Клинтон ғалаба қозониши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. Мазкур ҳужжат Россия Республикачилар партияси номзоди Дональд Трампни қўлловчи пропагандани тўхтатиб, бунинг ўрнига Клинтонни обрўсизлантириш ҳамда АҚШ сайлов тизимига бўлган ишончни озайтиришга кўпроқ эътибор қаратишга чорлаган.

Январь ойида АҚШ разведка агентликлари Россия президенти Владимир Путиннинг киберҳужумлар, компромат сиздириш ва бошқа йўллар ёрдамида Америка сайловларига “таъсир ўтказиш кампаниясини” олиб боришни буюргани ҳақида ҳисобот эълон қилган эди. Ушбу ҳужжатда Кремлнинг сайловда ғалаба қозонган Трампни Ҳиллари Клинтондан очиқчасига афзал кўргани айтилди.

Reuters ҳисиботида айтилишича, президент Путиннинг Россия сайловга аралашганини рад этиб келаётган матбуот котиби агентлик ҳисоботи бўйича шарҳ беришдан бош тортган.

Давлатга қарашли ТАСС агентлиги 19 апрель куни тарқатган хабарга кўра, Россия cтратегик тадқиқотлар институтининг исми ошкор қилинмаган матбуот котиби Ғарб мамлакатларининг улардан шарҳ олишни истаётгани “ҳазилдан бошқа ҳеч нима эмас” деб айтган.

Айни пайтда¸ ТАСС хабарида институт аъзоларининг юқорида тилга олинган айбловларни рад этганига оид маълумот йўқ.

XS
SM
MD
LG