Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:24

Сурия бўҳрони: Асадга қарши курашда Ҳалаб "қурбон келтирилди"


Сурияда исёнчи кучлар ва Асад армияси ўртасидаги жанглар кучайиши ортидан, асосан, суннийлар истиқомат қиладиган Ҳалабда тинч аҳолидан берилган қурбонлар сони ошиб кетди. БМТ миссиясига кўра, 10 кун ичида 250дан ортиқ одам ўлган ва буларнинг 80 нафари болалардир. Айни пайтда Ҳалабда Асадга қарши курашаётган исёнчилар таркиби - мўътадил мухолиф кучлар ва сафида ўзбек жангарилари ҳам бўлган радикал-террорчи гуруҳлар жиддий хавотирга сабаб бўлиб қолмоқда.

10 кунда 250 қурбон

Reuters агентлиги 3 май куни шаҳарнинг шарқий қисмида исёнчилар ва президент Башар Асад қўшинлари орасида оғир жанглар бўлгани ва 4 май куни ҳам давом этганини хабар қилмоқда.

Британиядаги суриялик инсон ҳуқуқлари фаоллари ташкилоти раҳбари Рамий Абдулраҳмонга кўра, ҳар икки томондан ўнлаб одам ўлган, аммо рақамларни аниқлаш имконсиз қолмоқда. Ҳар икки томон - исёнчилар ҳам, президент Асад армияси ҳам - қўли баланд келаётганини иддао қилмоқда, аммо томонлар ўртасидаги жангларнинг асосий қурбонлари тинч аҳоли вакиллари бўлмоқда.

БМТнинг Суриядаги миссияси ва суриялик инсон ҳуқуқлари фаоллари 27 аперлдан буён Ҳалабда кучайган жанг ҳаракатларида тинч аҳолидан берилган қурбонлар сони 250дан ошгани, булар орасида болаларнинг кўплигини айтмоқда.

Муҳими, Асад армияси ҳаводан бераётган қатор зарбалар аввалдан режаланган ҳолда шаҳардаги шифохона ва дорихоналарга қаратилмоқда.

Уруш жинояти

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Ҳалабда дорихона ва шифохоналарга уюштирилган ҳужум учун масъулиятни Сурия ҳукумати зиммасига юклади.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши бир овоздан қабул қилган резолюцияда Ҳалабда урушаётган ҳамма томонлардан бу масканларга ҳужум қилишни тўхтатиш ва ҳужум қилганларни жавобгарлик тортиш талаб қилинди.

Халқаро қонунчиликка биноан шифохона, хаста ва жароҳатланганлар сақланаётган масканларга мақсадли ҳужумлар уруш жинояти ҳисобланади. Шунга қарамасдан, ўтган ҳафтада Ҳалабда шифохонага қилинган ҳужум натижасида 50 дан ортиқ одам ва шаҳарда қолиб ишлаётган ягона болалар шифокори ўлди.

Нега айнан Ҳалабда жанглар кучайди?

Бу Ҳалабда жанг ҳаракатлари кучайганидан буён тилга олинаётган қатор саволлардан асосийсидир.

Бундан ташқари, Ҳалаб Асад режими ёки исёнчи-мухолиф кучлар учун нимага муҳим, исёнчи-мухолифлар кимлар - режимга қарши курашаётган маҳаллий исёнчиларми, мўътадил демократик кучларми ёки Ал-Қойдага эргашган ёхуд бу гуруҳни қўллаган радикал жангари гуруҳларми, каби саволлар бор.

Халқаро Карнеги жамғармасининг Яқин Шарқ давлатлари бўйича Байрутдаги марказида ишлаётган тадқиқотчи Хедер Хаддурга кўра, айни дамда Ҳалаб Суриядаги фуқаролик урушида қатнашаётган томонлар тўқнашган бир нуқтага айланган.

Al Jazeera телетармоғига интервью берган тадқиқотчига кўра, Асад армияси ва унинг иттифоқчилари Ҳалабнинг каттагина қисмини эгаллаган исёнчи-мухолиф кучларни бўлакларга бўлиб, қамалга олишга уринмоқда:

"Мухолиф кучларни атрофини ҳукумат қўшинлари қуршаган "ороллар"га қамал қилиш стратегияси воситасида режим бу кучларни заифлаштириш - қамал қилиш ва таъминотдан қисиш эвазига ўзига бўйсундиришни режаламоқда. Мухолиф гуруҳлар эса сиртдан ҳарбий ёрдам ололмай қолмоқда. Яъни, аслида исёнчи-мухолифларнинг қароргоҳи бўлган Идлибни яксон қилиш ўрнига режим армияси ўз мухолифларининг шимолдаги бўғинини шарқий бўғинидан узмоқда. Аслида режим ҳозир фақат Ҳалабда эмас, балки Дараа шаҳрида ҳам ҳужумларини кучайтирган".

Ҳалаб - Суриянинг молиявий пойтахти

Аслида Ҳалаб фуқаролик уруши бошлангунига қадар Суриянинг ишлаб чиқариш саноати ва қишлоқ хўжалиги ривожланган энг йирик шаҳари эди.

Ҳалаб ўтмишда қудратли Усмонли империяси таркибидаги Константинопол (ҳозирги Истанбул) ва Қоҳирадан кейинги учинчи йирик шаҳар бўлган. Қадимдан, асосан, савдо-сотиқ ва қишлоқ хўжалиги ривожланган бу шаҳарда ҳозирга келиб ишлаб чиқариш саноати ҳам кучайган эди.

Аҳолиси 2012 йилга қадар 2 ярим миллионга яқин бўлган ва бу аҳолининг 80 фоизи сунний-араб, қисман сунний курд ва сунний туркманлардан иборат. Бундан ташқари, насроний араблар ва арманларнинг каттагина қисми ҳам қадимдан Ҳалабда яшаб келган.

2012 йилда фуқаролик уруши бошланиши билан, асосан, алавийлар бошқаруви остидаги режим ва исёнчи кучлар ўртасидаги жанглар кўпроқ диний тус ола бошлади. Яқин Шарқ минтақасида юрган радикал-террорчи сунний гуруҳларни Сурияга тортган важлардан бири ҳам шу бўлди.

Исёнчи-мухолифлар кимлар?

Таҳлилчиларга кўра, айни пайтда Ҳалаб ва бошқа йирик шаҳарларда маълум каттагина ҳудудни ўз назоратида сақлаётган қуролли гуруҳларни бирлаштирган асосий омил уларнинг суннийлигидир. Аммо, характери ва ғоясига кўра, бу гуруҳлар бир-биридан фарқ қилади.

Уруш тадқиқотлари институти ҳозирлаган харита, 28.04.2016
Уруш тадқиқотлари институти ҳозирлаган харита, 28.04.2016

Сони жиҳатидан катта ва қудрати жиҳатидан кучли бўлган асосий гуруҳлар "Сурия озодлиги армияси", "Жайш ул-Фатҳ" коалицияси, "Ажнад ал-Шом" исломий иттифоқи ва "Шом легиони"дир. Жангчилари умумий сони 50-60 мингдан ошадиган бу гуруҳлар энг бошидан буён Асад армиясига қарши курашиб келмоқда.

Бундан ташқари, Ал-Қойдага бевосита ва билвосита алоқадор бўлган "Жабҳатан Нусра", "Жайш ал-Мужоҳирин вал-Ансор", "Хуросон" каби гуруҳлар бор. Жангчилари умумий сони 15мингдан - 20 минг нафаргача экани тахмин қилинади.

Дарвоқе, Суриядаги жангларда иштирок этаётган ўзбек жангариларининг икки йирик гуруҳи - "Имом Бухорий катибаси" ва "Тавҳид вал-Жиҳод" жангарилар гуруҳи айнан Ҳалабда жойлашган. Халқаро таҳлил марказлари ҳисоботида бу икки гуруҳ ҳам "Ал-Қойда"га алоқадор террорчи гуруҳ сифатида қайд этилади.

Ҳозир бу гуруҳларнинг душманлари бир - бир тарафдан Сурия режими, иккинчи тарафдан эса "Исломий давлат" бўлиб қолгани уларни қайсидир нуқталарда бирга, қайсидир нуқталарда эса ёнма-ён жанг қилишга ундамоқда.

Тинчлик музокаралари

Таҳлилчиларга кўра, Сурияда тинчлик музокараларида оташкесимга эришишни мушкуллаштираётган муҳим жиҳатлардан бири исёнчи-мухолиф гуруҳларнинг таркибидир.

Айни пайтда бу гуруҳлар назорати остидаги ҳудудларнинг асосий қисми Идлиб ва Ҳалабда жойлашган ҳамда улар орасида ўзаро чегара ҳам жуда мавҳум. Зеро, баъзи маълумотларга кўра, соф демократик, мўътадил диний ва радикал-террорчи кучлардан иборат бўлган Асад режимига мухолиф гуруҳлар орасида ўзаро рақобат ҳам мавжуд ва қайсидир ҳудудларда ўзаро зиддият ҳам кузатилади.

Эндиликда Сурия ва унинг иттифоқичиси Россия ҳамда ғарб давлатлари ўртасидаги музокараларда оташкесимга эришиш музокара қилинаётган ҳудудлар рўйхатини тузишда бу жиҳат жиддий роль ўйнамоқда.

Яъни, "Жабҳатан Нусра", "Жайш ал-Мужоҳирин вал-Ансор", "Хуросон" каби "Ал-Қойда"га алоқадор гуруҳларнинг қароргоҳлари жойлашган Ҳалаб ва Идлиб каби минтақалардаги вазиятга ҳукуматлар ёндошуви ғарб жамоатчилигини жиддий ўйлантирмоқда.

Аммо, бу минтақалар қадимдан Суриянинг аҳоли зич жойлашган минтақалари бўлган ва ўзаро жанглар кучайгани сари тинч аҳолидан берилаётган қурбонлар сони муттасил ортиб бормоқда.

Сўнгги 10 кун ичида биргина Ҳалабнинг жанглар кучайган нуқталаридан яна 200 мингга яқин аҳоли қочиб чиққан. Уларнинг асосий қисми чегараси яқинроқ бўлган Туркияга ўтишга уринмоқда.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши 4 майга белгиланган мажлисида айнан Ҳалабда оташкесига эришиш масаласини муҳокама қилишини маълум қилган.

Франция ва Буюк Британия бу шаҳар Асад режимига қарши кураш марпказига айлангани ҳамда бу ердаги қурбонларга режим масъул эканини таъкидлаб келмоқда. Жумладан, Франциянинг БМТдаги вакили Франсуа Делатре бу шаҳарни "режимга қарши курашда қурбон келтирилган шаҳар" деб таърифлади.

Британиянинг элчиси Мэтью Рикрофт эса: "Ҳалаб ёнаяпти ва бизнинг бу масалага асосий эътиборни қаратишимиз ўта муҳим", деди.

XS
SM
MD
LG